Мажмуадаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган онкология, педиатрия, физиотерапия ва бошқа бўлимларга уюштирилган таништирувдан сўнг холдингнинг бош корпоратив директори Ҳамад Аҳмад Ал Хосаний компаниянинг келгусидаги режалари ва Марказий Осиё бозорига киришга бўлган интилишлари ҳақидаги фикрларини ўртоқлашди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида қулай жойлашуви, тарихан табобат ривожланган ҳудуд бўлганлиги, қўшни давлатларнинг тиббий соҳада Ўзбекистонга интилиши ҳамда сўнгги йилларда кузатилаётган очиқлик сиёсати холдинг кузатув кенгаши томонидан Ўзбекистон бозорини чуқурроқ ўрганиш юзасидан қарор қабул қилингани билдирилди.
Жумладан, БАА томони амалда фаолият юритаётган хусусий шифохоналар бошқарувига шериклик асосида кириш орқали мавжуд қувватларни ошириш, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, холдингнинг бошқарув тизимини ва рақамлаштириш тизимларини жорий қилиш ҳамда холдинг шифохоналарида маҳаллий ходимларнинг малакасини ошириш юзасидан манфаатдорлик билдирилди. Шунингдек, ўз бизнес имкониятларини кенгайтириш, холдинг фаолиятини минтақада тарғиб қилиш ҳамда Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун тиббий туризм хизматларини кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳрида ваколатхона очиш бўйича амалий кўмак кўрсатиш сўралди.
Юқоридагилар ҳисобга олинган ҳолда, мамлакатимиз вакиллари томонидан сўнгги йиллар давомида тиббиёт жабҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳани ривожлантириш йўлидаги устувор мақсад ва режалар ҳақидаги атрофлича маълумотлар баён этилгани баробарида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари юзасидан қатор таклифлар ҳам билдирилди.
Учрашув сўнггида жорий йил март-апрель ойларида БААдан ишчи гуруҳнинг Ўзбекистонга амалий сафарини уюштириш, шу тариқа тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар ва эҳтиёжларни ўрганиш ҳамда истиқболли лойиҳалар билан жойида танишиш юзасидан келишувга эришилди.
Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, шифохоналар ва дорихоналар тармоғини ўз ичига олган “Burjeel holdings” ярим давлат компанияси ҳисобланади. Ҳозирги пайтда компания БАА, Саудия Арабистони, Уммон, Яман ва Ҳиндистонда 15 мингдан ортиқ ходимларига, “Burjeel Hospitals”, “Medeor Hospital”, “LLH Hospital”, “Lifecare Hospital” ва “Tajmeel” брендлари остидаги 39 та шифохона ва 125 та тиббиёт марказларига эга.