Бу ерда 1 подъездли 61 та кўп қаватли уйларда 1 220 та хонадон турар жойлари барпо қилинди. Қувонарлиси, янги ва замонавий хонадонларни сотиб олишда қулайлик яратиш мақсадида фуқароларга субсидиялар тақдим этиляпти.
Бедарак қишлоғида истиқомат қилувчи Иқболжон Раҳмонов тумандаги 25-умумтаълим мактабида ўқитувчи. У бир неча йиллардан буён ёш оиласи учун шинамгина хонадон сотиб олиш ниятида эди. Ниҳоят давлат субсидияси асосида Мурувват МФЙ дан уй сотиб олди.
—Анча йиллардан буён уй олиш учун бироз маблағ жамғариб қўйгандик, — дейди И.Раҳмонов. — Лекин йиққан сармоямиз уй олиш учун бироз етмади. Шунда бизларга 150 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилиши орзуларимизга қанот бўлди. Туман давлат хизматлари маркази ходимлари сайёр тартибда махсус автобусда субсидия бериш тўғрисидаги сертификатни менга топширди. Бутун оиламиз билан хурсандмиз.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, шу кунга қадар Бағдод туманида субсидия олиш истагини билдирган фуқаролардан жами 762 та аризалар келиб тушган. Шундан 252 та мурожаатга ижобий баҳо берилган, деб хабар беради ДХА Фарғона вилоят бошқармаси матбуот хизмати.