Жаҳон маданиятларининг бой хилма-хиллигини ҳурмат қилиш ва эътироф этиш, ҳамжиҳатлик вазияти ва бақарқарорлик омили бўлган диний бағрикенглик халқимизнинг азалий фазилатларидан.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — жамият барқарорлиги гарови” мавзусида Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ташкил этилган анъанавий халқаро конференция ҳам бунинг амалдаги ифодаси бўлди.

Зеро, Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган конференцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш, истиқболда белгиланган вазифаларни таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва шу йўналишда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдир. Мамлакатнинг тараққий этиши ҳам авваламбор ундаги барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитининг сақланишига боғлиқ.

Диншунос экспертлар, исломшунослар иштирок этган анжуманда Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа қўшни ҳамда қардош мамлакатлардан келган олимлар, этник-маданий бирлашмалар, исломий ва ноисломий конфессиялар вакиллари, шунингдек, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамият, миллий маданият марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий ходимлар ва талабалари ҳам қатнашдилар.

Халқаро илмий-амалий конференцияда “Марказий Осиё халқлари маънавий меросида миллатлараро бағрикенглик масалалари”, “Янги Ўзбекистоннинг виждон ва эътиқод эркинлиги соҳасида тажрибаси”, “Ислом динининг миллатлараро ва динлараро тотувликни таъминлашдаги ўрни”, “Миллий маданий марказлар – Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлашнинг муҳим воситаси”, “Марказий Осиёда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашда Ўзбекистоннинг самарали ҳамкорлиги натижалари” каби мавзулар маърузачиларнинг муҳокама майдонида бўлди.

Мамлакатимиз тарихан кўпмиллатли ўлка бўлганлиги туфайли бу заминда турли-туман дин вакилларининг эмин-эркин яшашлари учун барча шароитлар яратилган. Юртимиздаги бошқа ташкилотлар қатори диний жамоалар ҳам жамият тараққиётида тобора фаол иштирок этиб, халқимизнинг маънавияти ва қадриятини тиклаш, ўзлигимизни англаш, энг асосийси, мустақиллигимизнинг мустаҳкам ва боқий бўлишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Муножат Мўминова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири