Халқнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк, эҳтимолки, бирламчи бойлиги бор. Бу ҳам бўлса унинг тилидир. Айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни – халқ, миллатни – миллат қилади.
Маълумки, 1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Ва бу ўша давр учун оламшумул воқеа эди.
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганлигининг ўттиз икки йиллиги кенг нишонланмоқда.
Жорий йилнинг 19 октябр куни “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими, Навоий вилоят Халқ таълими бошқармаси, “Алишер Навоий нодир мероси тарғибот маркази” жамоат бирлашмаси, Навоий шаҳар Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиётига ихтисослаштирилган 19-сон давлат умумтаълим мактаби билан ҳамкорликда, “Бағрикенглик тимсолисан, ўзбек тилим” мавзусида, шу мактабда амалий семинар ва байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви раиси Фахриддин Солиев, Навоий давлат педагогика институти филология фанлари доктори профессор, “Алишер Навоий нодир мероси тарғибот маркази” жамоат бирлашмаси раиси А.Холмуродов, Навоий вилоят Халқ таълими методисти Дилфуза Имомова, Навоий давлат педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти Бахшилло Ашуров сўзга чиқдилар. Сўзга чиқган нотиқлар шахс, жамият ва давлат ҳаётида тил, хусусан ўзбек тили-давлат тилининг аҳамияти, тил соҳасида бугунги муаммолар, ўзбек тили ривожи учун нима ишлар қилиш кераклиги ҳақида фикр билдирдилар.
Тадбирда ўқувчи ёшлар томонидан она тили ҳақидаги шеърлар, куй қўшиқлар ижро этилди, саҳнавий кўринишлар намойиш этилди. Шеърлар мушоирасида ғолиб бўлган ва тил байрамида фаол қатнашган ўқувчилар “Маҳалла” фонди вилоят бўлимининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
“Биз глобаллашув жараёнида яшамоқдамиз. Ахборот коммуникация технологиялариниг шиддат билан ривожи ахборот глобаллашувини тезлаштирди, ахборот оқими ва ранг-баранглигини кучайтирди, географик ҳудудларни яқинлаштирди. Ахборот маконида маданиятлар, қадриятлар, қолаверса тиллар ўртасида мафаатлар ва яшовчанлик борасида туқнашувлар юз бермоқда.
Шундай кескин рақобат шароитида миллий ўзлигимизни сақлаб қолишда, миллат бўлиб яшашимиз ва ривожланишимизда бизга асосий восита бу ер ости бойликлари эмас, замонавий бино ва иншоатлар эмас, технологиялар эмас, балки она тилимиз бўлмиш ўзбек тилидир. Уни асрамоқ, ҳимояламоқ, ривожлантирмоқ бу биз учун муқаддас бурч, эътиқод, ҳар нарсадан устивор вазифадир. Ва бунинг учун кўпроқ ўзбек тилида мулоқот қилишимиз, бошқа миллат вакилларига ҳам ўргатишимиз улар билан ўзбек тилида мулоқот қура билишимиз лозим. Тил байрамлари ташкил қилиш, унга турли миллат вакилларини таклиф этиш, тилимизни тарғибот қилмоқ, адабий ва илмий асарлар яратишимиз ҳам керак бўлади, бир сўз билан айтган бу серқиррали, машақатли, давомли, ўзликсиз фаолиятдир”, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви раиси Фахриддин Солиев.
Ўтказилаётган бу каби байрам тадбирлари шубҳасиз келажак авлод қалбида она ватанга, она тилимизга бўлган ҳурмат ва муҳаббатнинг янада ортиши, унинг нечоғлик аҳамиятга эга эканлигини англаб етишларига хизмат қилади.
Тил байрами бағишланган тадбирлар Фонднинг туман ва ўшаҳар бўлинмалари ҳам ҳамкор ташкилотлар билан таълим муассасалари ва маҳаллаларда ташкил қилишади.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди
Навоий вилоят бўлими матбуот хизмати