«Интернетда terim.uz сайтини очдик. Ҳар бир кўнгилли ушбу сайтга кириб, қайси ҳудудда пахта термоқчи эканлигини онлайн тарзда маълум қилишлари мумкин. Ёлланма терувчи ким? У қайси талабларга мувофиқ ишлаши лозим? Иш берувчи ким? Уларнинг вазифалари ва масъулияти қандай? Ушбу масалалар бўйича махсус низом ишлаб чиқилди. Бу — тарихда илк бор.
Ҳар бир туманда, ҳудудда ёлланма терувчиларни ишга жалб этиш масалалари ҳам низомда кўрсатилмоқда. Ҳеч қандай тушунмовчилик бўлиши мумкин эмас.
Узоқ жойдан келиб пахта тераётганларга барча шароит ташкил этилади. Ҳаттоки, уларнинг ишдан сўнг телевизор кўриб, радио тинглаб, газета ва китоблар мутолаа қилишлари учун шароит яратиш масаласи ташкилий томондан ҳал этилмоқда.
Терувчилар ўзи истаган муддатга шартнома тузиши мумкин. Хоҳласа бир ҳафта, хоҳласа 15 кун, хоҳласа бир ой. Ҳеч ким қанчадир муддатга шартнома тузишга мажбурланмайди.
Кўнгилли равишда пахта тераман деб рўйхатга ёзилганларнинг ҳар бирига ишни бошламасдан туриб маош сифатида 500 минг сўмдан берилади. Отряд раҳбарларига эга 2 миллион сўм. Бунга молиявий манбалар ҳам етарли.
Биз пахта теришга қўрқитиш орқали эмас, моддий рағбатлантириш орқали жалб этишимиз керак. Агар давлат талабларини бузадиганлар бўлса, улар катта жазога тортилади», — Баҳодир Умрзоқов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари.