Ўзбекистоннинг Финляндиядаги фахрий консули Алишер Жўраев ҳамда “Keskisuomalainen” газетаси хорижий янгиликлар мухбири Ян Маркус ва Марко Кауко “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига ташриф буюрди.
Дастлаб уларга Ўзбекистонда мавжуд 11 хил турдаги тут навларидан иборат бўлган тутзор кўрсатилиб, уларнинг ўзига хос хусусиятлари тушунтирилди.
Шундан сўнг хорижий мухбирлар миллий ипак маҳсулотлари кўргазмаси — шоурумни кўздан кечирди.
— Пиллачилик 2 000 йиллик тарихга эга бўлиб, у шу даражада мукаммал соҳаки, ундан ҳеч қандай чиқинди чиқмайди ва дунёда экспорт бўйича Ўзбекистон Хитой ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда туради, — деди Уюшма раиси Баҳром Шарипов. — Юртимизда бу соҳа ривожи учун 56 минг гектар ер текинга фойдаланиш учун ажратилган бўлиб, унда 1 миллионга яқин аҳоли доимий ва мавсумий иш билан банд. Соҳада 90 фоиз чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи қишлоқ аёллар ишлашади. Пилла бу фақат мато дегани эмас, ундан жарроҳлик амалиётида, косметологияда, тиббиётда ҳам кенг қўлланилади. Шунингдек, ўқ ўтказмайдиган бронжилетлар, ҳарбий кийимлар, парашютлар, палаткалар ҳам айнан шу пилладан яратилади.
Уюшмада 76 та корхоналар фаолият юритиб, уларнинг барчаси хусусий секторга тегишли экани, хусусан, шундан 20 дан зиёдроғида хорижий инвесторлар фаолият кўрсатиши айтиб ўтилди, деб хабар беради уюшма матбуот хизмати.
Ўзбек ипагидан таёрланган махсулотларга бугун жаҳон бозорида талаб кундан кун ошиб бормоқда. Бу ўз навбатида хорижлик инвесторларнинг қизиқишига сабаб бўлади. Хориждаги элчихона ва консулларимиз инвесторлар ва ўзбекистонлик тадбиркорлар ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилаётган бўлса, хорижий ОАВлар эса ишончни мустаҳкамловчи таянч саналади. “Keskisuomalainen” нашри ҳам Финляндияда энг нуфузли ахборот воситаси ҳисобланиб, Ўзбекистонда пиллачилик ва ипакчилик соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар борасида махсус мақола тайёрлаш орқали икки мамлакат алоқаларини янада мустаҳкамлашни мақсад қилган.