Организмнинг фойдали элементларга бўлган талабини қондиришда балиқ маҳсулотларининг ўрни беқиёс. Соғлом овқатланиш масаласи кун тартибига чиққан бугунги даврда одамларимизнинг ушбу маҳсулотга бўлган талаби ортиб бораётгани қувонарли. Мавжуд талабни қондириш учун юртимизда амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳам оз эмас. Биргина жорий йилнинг 9 ойи давомида республикада 82,8 минг тонна балиқ етиштирилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 минг тоннага ошганини кўрсатмоқда.

Муҳими, бозор ва дўконлар расталарида балиқ турлари, саноат усулида ишлаб чиқарилган маҳаллий тайёр балиқ маҳсулотлари сони ва сифати ошиши туфайли харидорнинг танлаш имконияти кенгайиб боряпти. Авваллари хўжаликлар томонидан асосан оқ ва чипор дўнгпешона, карп балиқлари етиштирилган бўлса, сўнгги йилларда хориждан импорт қилинадиган форель, осётр, лосос ва Африка лаққаси сингари турларни ўзимизда кўпайтириш ривожланиб бормоқда.

— Шу каби қимматбаҳо совуқ сув балиқларини етиштирувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан субсидиялар ажратилиши натижасида 7 та хўжалик ишга туширилиб, ушбу йўналишдаги хўжаликлар сони 20 тага, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3,5 минг тоннага етказилди, — дейди “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Мақсуд Остонов. — Етиштирилаётган балиқларни юқори сифатли озуқа билан таъминлаш мақсадида 2 та омухта ем ишлаб чиқарувчи ҳамда 3 та балиқни қайта ишловчи корхона ишга туширилди. Ҳозир республикада 67 та омухта ем ишлаб чиқарувчи ҳамда 63 та балиқни қайта ишловчи корхона фаолият юритмоқда. Саноат усулида етиштириладиган балиқ турлари сони 5 тадан 9 тага етди.

Балиқнинг фойдали жиҳатлари ҳақида исталганча гапириш мумкин. У инсон организмини тозаловчи, суяк ва тишларни мустаҳкамловчи шифобахш таом сифатида қадимдан севиб истеъмол қилинади. Айниқса, тез ҳазм бўлиши ва парҳезбоплиги балиқнинг қийматини янада оширади.

Бошқа томондан, балиқчилик қишлоқ хўжалигининг энг сердаромад соҳалардан бири бўлиб, катта иқтисодий аҳамиятга эга. Маълумотларга кўра, дунё бўйича ҳар йили денгиз ва океанлардан бир неча ўн миллион тонна балиқ овланади. Уларнинг бир қисми тўғридан-тўғри таомга ишлатилса, қолгани қайта ишланиб, тузланган, дудланган, музлатилган ёки консерва ҳолида истеъмол қилинади. Балиқлардан қимматбаҳо балиқ мойи ва балиқ уни каби маҳсулотлар тайёрлаш ҳам оммалашган.

Юртимизда балиқчилик, айниқса, кейинги йилларда ривожланиб боряпти. Ҳудудларда сунъий кўллар кўпайиб, балиқчилик хўжаликлари сони ортиб бормоқда. Тармоққа янгича технологиялар кириб келяпти. Айниқса, интенсив усулда балиқ етиштириш самарали натижа бермоқда. Бундан олинадиган юқори ҳосилдорликни оддий кўлларда уддалаш қийин. Бунинг устига, интенсив усулда балиқ етиштириш учун катта майдонлар талаб этилмайди. Кичик, ихчамгина жойга ўрнатиладиган сунъий ҳовуздан ҳам яхшигина ҳосил олса бўлади.

Шу боис, фермерларимиз балиқ етиштиришнинг интенсив усулидан кенг фойдаланяпти. Ёпиқ сув айланиш тизими, интенсив кичик сув ҳавзалари, қафас ва “шоли+балиқ” усулларида етиштирилган балиқлар инсон саломатлиги учун фойдали экани ҳам эътироф этилмоқда.

Бундай қулайлик айниқса, қишлоқ жойларда одамларни иш билан таъминлаш ва даромадларини оширишда қўл келмоқда. Хусусан, аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш ҳамда кооперация усулида “хонадон — кооперация — кластер” занжири яратилиб, балиқ етиштирувчи оилалар сони жорий йил 800 тага етказилди. Бўстонлиқ, Шаҳрисабз, Қарши, Китоб ва Сариосиё туманларида 134 та хонадонда форель балиқларини етиштириш йўлга қўйилди. 800 та ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланиб, етиштирилган балиқлар ҳажми 1 минг тоннага етказилди.

Ҳудудларда балиқчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлар сони ҳам ортиб бормоқда. Наманган вилояти Мингбулоқ туманидаги “Ифтихор Заҳро” хўжалигида балиқ боқишга мўлжалланган 6 та сунъий кўл ташкил этилган. 55 гектар майдондаги ушбу кўлларга эрта баҳорда 5 хил турдаги балиқ чавоқлари ташланиб, йилига 400 тонна балиқ етиштирилади. Хўжаликда 13 нафар киши иш билан таъминланган.

Тумандаги 128 та балиқчилик хўжаликлари ҳам олаётган ҳосилидан мамнун. Жорий йилда уларга тегишли 2050 гектарли ҳавзаларда 6400 тоннадан ортиқ балиқ етиштириш мўлжалланган.

Қашқадарё вилоятидаги “Oktams fish” масъулияти чекланган жамиятида сазан, Африка лаққаси, оқ амур каби балиқ турлари етиштирилади. Яқинда улар орасига осётр ва вьетнам карпи ҳам қўшилди. Бу турдаги балиқларни етиштириш вилоятда илк бор йўлга қўйилди. Асосан икра олиш учун боқиладиган осётр балиғи эндиликда, шу ерда маҳаллийлаштирилмоқда.

2018 йилда ташкил этилган мазкур балиқчилик хўжалигида интенсив усулда балиқ етиштириш учун 6 та сунъий ҳавза, 8 ва 4 сотихли бино-комплекслар яратилган. Айни вақтда 8 нафар доимий ва 5 нафар мавсумий ишчи меҳнат қилади. Келгусида бу ерда ёшлар учун ўқув курслари ташкил этилиб, лабораторияда чавоқ етиштиришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Хонадонларда балиқчилик оммалашмоқда

Тармоқнинг муҳим йўналишларидан яна бири — балиқчилик кластерлари бу борада катта аҳамиятга эга. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси маълумотларига кўра, жорий йилда 9 та шундай кластерлар фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг сони 35 тага етказилди. Улар томонидан ҳозирга қадар 29 минг тонна балиқ ва 14 минг тонна балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Gold fish agro export” МЧЖ жорий йилдан кластер тарзида фаолиятини давом эттиряпти. Қиймати 30 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа увилдириқларни тайёрлашдан тортиб, балиқ етиштириш, қайта ишлаш, ем ишлаб чиқаришни қамраб олган. Умуман, кластер йилига 500 тонна балиқ етиштириш қувватига эга. Шу ернинг ўзида балиқни қайта ишлаш цехи, 800 тонна сиғимли замонавий музлаткичлар ҳам бор.

Кластер катта кўламдаги жойни ва катта режаларни ўз ичига олган. Жами 43 гектар майдоннинг 4 гектарида интенсив ва ярим интенсив усулда балиқ етиштирилади. Кластер асосчиси Аброр Нарзиев интенсив балиқчиликни янгича, замонавий Хитой технологияси асосида йўлга қўйган. Бунда сунъий ҳовуз доимий сув талаб қилмайди, балки ўзидаги сувни қайта айлантириб ишлайди. Ҳозир ҳар бир сунъий ҳовузда мингтагача сазан боқилмоқда. 2 гектар майдонни эгаллаган сунъий кўлларда эса ярим интенсив усулда балиқ парваришланяпти.

— Балиқчиликка ҳамма қизиқади, уйида имконияти бор, лекин ери, оқиб келадиган 10 минг куб суви йўқ, — деб тушунтиради тадбиркор. — Мен 100 куб сувда бир йилда 2 мартта ҳосил олиш технологиясини йўлга қўйдим. 5 та сунъий сув ҳавзаси атиги 3 сотих жойда ўрнатилган. Уларнинг ҳар бирига 20 кубдан сув қуйилади. Сув махсус агрегатлар билан тортиб олинади, филтер, биофилтердан ўтади ва яна қайтиб сунъий сув ҳавзасига қуйилади. Бундай усулда боқиладиган балиқ доимий ҳаракатда бўлгани боис, таъми ҳам мазали бўлади.

Кластерда фақат сазан балиғи кўпайтирилади. Ҳар бир сунъий сув ҳавзасида минг донадан балиқ бўлиб, 5 та бассейндан 6 ойда 6 тонна ҳосил олинади. Тадбиркорнинг ўтган йилги ҳосили 70 тонна бўлди. Бу ерда етиштирилаётган мазали балиқларнинг Хоразмдан то Қорақалпоғистонгача, ҳатто, қўшни Тожикистонда ҳам харидорлари кўп.

Сунъий сув ҳавзалари иссиқхона ичига ўрнатилгани янада ҳайратланарли. Аброр аканинг айтишича, иссиқхона ичида сақланадиган ўртача ҳарорат сабаб йилда 2 мартта ҳосил олинади. Гап шундаки, қишки совуқда балиқлар овқатланмайди, ухлайди. Илиқ ҳароратда эса бу жараёнга ҳожат қолмайди. Балиқлар илиқ ҳарорат таъсирида сузишда давом этиб, озиқланишни канда қилмайди. Бундан ташқари, технология 14 фоизгача кислород бергани ҳисобига сув ҳавзасида тозалик доим сақланади.

Жорий йилдан кластер томонидан тажриба тариқасида Ш. Рашидов, Зарбдор ва Зомин туманларида “хонадон-кластер” кооперация усулида балиқ етиштириш ташкил этилиб, аҳоли бандилигини таъминлаш борасида ишлар бошлаб юборилди. Жараёнда тадбиркор томонидан аҳоли хонадонига Хитой технологияси асосида яратилаётган кичик ҳажмдаги сунъий сув ҳавзаси ўрнатилиб, балиқ чавоқлари солиб берилади. Ҳозирда 22 та хонадонга шундай ҳовузлар ўрнатилди.

— Биз таклиф этаётган усулда ярим сотих жойда 6 ойда 1 тоннаю 200 килограмм, 1 йилда 2-2,5 тонна балиқ олиш мумкин, — дейди Аброр Нарзиев. — Бу 35 миллион сўм даромад дегани. Талабгорларга ҳовузларни уйларига олиб бориб, ўрнатиб беряпмиз. Уларда минг дона чавоқ боқилади. Бу ишни ҳар ким ўз хонадонида, банкдан 33 миллион сўм кредит олиш ҳисобига бошлаши мумкин. Бироқ, аввал озроқ ўрганиб, кейин иш бошласа, яхши натижа бўлади. Ўзим биламан, ўзим уддалай оламан, деган фикр бўлмаслиги керак. Имкон қадар биз ёшларни, шу ишга қизиқувчиларни олдин ўқув курсларимизда бепул ўқиб, кейин иш бошлашини тавсия қиляпмиз.

 Янги тажриба давлатимиз раҳбарини ҳам бефарқ қолдирмади. Президентимиз жорий йилнинг 21 октябрь куни вилоятга ташрифи чоғида кластерда балиқ етиштириш жараёнини кўздан кечириб, бу тажрибани оммалаштириш, аҳолини жалб этиш зарурлигини таъкидлади. “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш деяпмиз, ҳар бир хонадонда даромад манбаи яратишни ўйлаяпмиз. Мана тайёр лойиҳа. Шундай ҳовузларни етказиб бериб, тартиб-қоидасини ўргатиб, уй шароитида балиқ боқишни кўпайтириш керак”, деди Шавкат Мирзиёев.

Айни пайтда кластерда ишлаб чиқарувчиларни хомашё ва айланма маблағ билан таъминлаб, сунъий ҳовузларни кўпроқ тайёрлаш ва жойларга етказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бир пайтлар ишни минг машаққат билан бошлаган Аброр Нарзиев бугун нафақат яхши даромад топиш, балки кам таъминланган оилалар, ёшларни иш билан таъминлаб, уларга ўз ишларини бошлашларида кўмак беришни мақсад қилган.

Беш баробар юқори ҳосилдорлик

Балиқчилик тармоғида фаолият юритаётган тадбиркорларимиз соҳани ривожлантириш мақсадида арзон ва сифатли озуқа манбаини яратиш, хўжаликларда асқотадиган замонавий ускуналарни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга ҳам сезиларли ҳисса қўшмоқда.

Жумладан, республикада балиқ етиштириш ҳосилдорлиги паст бўлган сунъий сув ҳавзаларига аэратор, яъни сувни ҳаво билан аралаштириб, тўйинтириб берувчи мосламаларни ўрнатиш ҳисобига балиқ етиштириш ҳосилдорлиги гектаридан 5 бараварга оширилди. Жорий йилнинг 9 ойи давомида 3,2 минг гектар сунъий сув ҳавзаларида 3 530 та аэратор мосламалари ўрнатилган бўлиб, йил якунига қадар уларнинг майдонини 5,7 минг гектарга етказиш режалаштирилмоқда.

Кармана туманидаги “Голден лайк фиш” МЧЖ томонидан эса республикада илк бор балиқчилик соҳаси ва экотуризм учун катер ва қайиқлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Республика табиий сув ҳавзаларида камайиб бораётган судак балиғининг йўқолиб кетиш хавфини камайтириш мақсадида Хоразм вилоятидаги “Хива Қоракўл” фермер хўжалиги томонидан ушбу балиқ урчитилиб, илк бор судак балиқ чавоқлари етиштирилмоқда.

— Қибрай туманидаги “БДК” корхонаси томонидан эса Германиянинг “Agravis” концерни билан ҳамкорликда республикада биринчи марта балиқларнинг аэраманоз касаллигига чидамлилигини орттирувчи емни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, — дейди Мақсуд Остонов. — Шунингдек, табиий ва сунъий ҳавзаларда озуқа биомассасини ривожлантирадиган, сувнинг шўрланиш даражасини камайишига ва кислороднинг ошишига олиб келадиган хлорелла ўсимлиги интродукция этилди. Мазкур ўсимлик карп балиқлари ҳосилдорлигини 4-5 баравар ошишига олиб келади.

Ўсимликни Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги сув ҳавзаларида кўпайтириш синов тариқасида текшириб кўрилганда, сувнинг шўрланиш даражаси 2 бараварга камайиб, кислород даражаси 3 бараварга ошгани кузатилди. Ҳозир ундан Андижон, Наманган, Бухоро, Хоразм, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида балиқчилик соҳасида фойдаланиш бошланди.

Умуман, балиқчилик хўжаликлари, кластерлар томонидан етиштирилаётган маҳсулотлар ички бозорларимизни йил ўн икки ой тўлдириб турибди. Аҳолини арзон ва сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлашни самарали йўлга қўйиш мақсадида умумий овқатланиш шахобчалари, йирик ва кичик савдо марказлари ҳамда деҳқон бозорларидаги савдо нуқталари орқали етказиб берилмоқда. Айни пайтда республикадаги деҳқон бозорларида тирик балиқ сотиш учун 148 та махсус аквариумли савдо нуқталари ташкил этилган бўлиб, биргина Тошкент шаҳри бозорларида 58 та савдо нуқталари орқали ҳар хил турдаги балиқлар харидорларга тақдим этиляпти.

Балиқчилик тармоғида жорий йилнинг 9 ойида 520,1 миллиард сўмлик 199 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 370 та янги иш ўрни яратилгани аҳолининг балиқ маҳсулотларига бўлган талаби юқори эканидан далолат беради. Соҳага янги, инновацион технологияларни жорий этиш жадал давом этмоқда. Жорий йил якунида республикада 400 минг тонна балиқ етиштириш ҳамда аҳолининг йиллик балиқ истеъмоли кўрсаткичини 8,5 килограмдан 11,5 килограмгача етказиш режалаштирилмоқда.

Ирода Тошматова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири.