Бунда ноанъанавий сабзавот экинлари селекцияси ва уруғчиликни ривожлантиришда юқори ҳосилдор, касалликка чидамли, сифатли ва қимматли моддаларга бой навларни яратиш муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, янги навларни яратиш ва етиштириш технологияларини ишлаб чиқиш мамлакатимизда соғлом овқатланишнинг асоси бўлган сабзавот экинлари турларини янада кенгайтириш имконини беради.

Мамлакатимизда 2018 йилдан буён етиштириб келинаётган бамия ўсимлиги шундай экинлар сирасига киради. Бугунги кунда ушбу ўсимлик учун Самарқанд, Андижон, Тошкент вилоятларида 200 гектар майдон ажратилган. Бир гектардан 13-14 тоннагача ҳосил олинади.

— Бундай ноёб ва истиқболли ўсимликлар яқин келажакда мамлакат аҳолисини витаминларга бой сабзавотлар, саноат хомашёси ва чорва учун озуқа билан таъминлашда муҳим рол ўйнайди, — дейди Сабзавотчилик, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директорининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари Баҳодир Иброҳимов. —  Хусусан, бамия меваси ва пояси қоғоз саноатида ишлатиладиган хом толага эга. Бамия таркибидаги шиллиқ моддалар қоғозни ёпиштириш учун ишлатилади, меваларидан қандолат маҳсулотларини пиширишда ишлатиладиган  воситалар олинади. Шунингдек, унинг мевалари саломатлик учун ҳам фойдали.

Бамия меваси аччиқ қалампирга ўхшаб кетади. Таъми ёш бақлажон ёки спаржа ловияси ҳамда қовоқчаникига яқин. Етиштиришда жой танламайди, қурғоқчиликка чидамли.

Сабзавот табиий шароитда Ҳиндистон, Африка, Шимолий Американинг жанубий туманларида ўсади. Бутун дунёда 120 минг гектардан ортиқ майдонда экилади. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, 2021 йили жаҳон миқёсида 10,1 млн тонна бамия ҳосили олинган.

Бугунги кунда республикамизнинг йирик савдо расталарида ушбу сабзавот сотувга ҳам чиққан.