Аслида, бундай ҳолат юз берган шароитда ҳар қандай давлатда бирдамлик ҳисси уйғониб, бир тану бир жон бўлишни тақозо этиши керак. Биздек узоқ йиллар (1991 йилга қадар) бир тузумда истиқомат қилган давлатлар учун эса сайланган Юртбоши теграсида янада жипслашиш билан бирга, ҳар қандай низо чиқишининг олдини олишга жон-жаҳди билан курашиш — ҳар бир фуқаро учун эзгулик тадбири бўлиши шарт. Минг афсуски, дунё миқёсида нотинчлик ҳукм сураётган бир паллада, айрим ҳамюртларимиз узоқдан туриб, тинч ва фаровон ҳаёт кечиришимизга чанг солиб, ғийбату надоматлар билан, юртни пароканда қилишга уриниш билан банд бўлиб юрибди.

Сўзим қуруқ бўлмаслиги учун Сафар Бекжон Урганжийнинг 2022 йил 25 фералда facebookнинг контенти орқали тарқатган маълумотларига эътиборни жалб этмоқчиман. Ёзма маълумотлардан бирорта ҳам эзгулик фикрини топиш қийин, топишга ҳам уринманг. Барча фикрининг тагида асоси йўқ бўҳтондан ўзга нарса эмас. Шундай бўлса-да айрим куракда турмайдиган фикрларига ўз қарашларим билан ўртоқлашмоқчиман. Хусусан: 

"Путинизм рус Империясидан иборат эмас! Путинизм Ўзбекистоннинг барча соҳаларини назорат қилмоқда!”. Бундай жирканч иддао нафақат мени, балки бутун Ўзбекистон фуқароларини ҳақорат қилиш, деб ҳисоблайман. Чунки мен каби бутун халқимизнинг ўзи сайлаган Президенти бор. Бизни ташқаридан бошқара оладиган бирор кимса нафақат сўзда, ҳаттоки тасаввурда ҳам бўлиши мумкин эмас. Менимча, ҳар бир ўзини ҳурмат қилган фуқаронинг дунёқараши ҳам худди шундай!

Яна бир гапига эътибор беринг, эмишки: “Санкцияларни биринчи навбатда рус милитаризмининг орқасида турган Ўзбекистон иқтисоди ва сиёсатини назорат қилаётган 5 та КГБ генераллари, уларнинг 90 та оилалари”. Сафар Бекжон Урганжий оға! Сиз ҳаётдан анча ортда қолибсиз. Чунки, КГБ номидаги муассаса 1991 йилдан буён, на бизда, на Россияда фаолият юритади. Бу ташкилот номи ва номақбулчилиги билан фақат тарихда қолган.

Мустақилликка эришгандан кейин ҳар бир алоҳида давлат ўз миллий менталитети ва географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда ва энг асосийси ўз давлати манфаатига самимий хизмат қиладиган ҳам мазмунан, ҳам шаклан бошқа муассаса ташкил этилди. Яна, қандай қилиб 5 та генералда 90 та оила бўлиши мумкин!? Бунақа кўрсаткич нафақат бугунги кунда, ҳаттоки феодал давлатларда ҳам бўлгани даргумонку. Бир инсон ҳақида асоссиз бўҳтон ёзишдан олдин обдон ўйлаб, кейин сўйлаш керак-да, оға? 

“...Алишер Усмонов, Фаттох Шодиев каби путинизмнинг Ўзбекистон қароргоҳи вакиллари мол-мулклари музлатилиши талабномалари келмоқда”. Ҳа, бошқаларни билмадим-ку, аммо бундай ҳамюртларимиз борлигидан шахсан мен фахрланаман. Чунки, уларнинг Ўзбекистонга ҳам моддий, ҳам маънавий кўмаги кўп бўлган ва бўлмоқда. Буларни эътироф этиш ўрнига, сиздек нотовонлар ҳасад ўтида ёниб, танқид ва бўҳтон остига олмоқдасиз.

Хулоса ўрнида демоқчиманки, бандасини, мамлакат қонунларини ҳурмат қилмас экансиз, ҳеч қурса инсон сифатида Тангрини ҳурмат қилинг! Боиси, таомилга биноан бандани, мамлакатни ва Тангрини ҳурмат қилган башар, бўҳтон ва мунофиқлик ишлари билан шуғулланмасдан, эли учун эзгулик, фаровонлик тадбирлари билан банд бўлади.

Низомиддин Ҳайдаров,

иқтисод фанлар доктори, профессор