“Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси “Тошкент халқаро аэропорти” чегара божхона пости ходимлари томонидан Бангкок шаҳридан учиб келган хорижий йўловчининг қўл юки ва багажи белгиланган тартибда назоратдан ўтказилган.

Текширув давомида юклар орасига яширилган 12 дона полиэтилен ўрамлар аниқланди. Ушбу ўрамлар холислар иштирокида очиб кўрилганда, ичида яшил рангли, ўткир ҳидли модда борлиги маълум бўлди.

Марказий божхона лабораторияси хулосасига кўра, мазкур модда 6,3 килограммдан ортиқ оғирликдаги қуритилган марихуана экани тасдиқланди.

Ушбу модда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомаласи тақиқланган гиёҳвандлик воситалари тоифасига киради.

Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди.

Эслатиб ўтамиз, “Тошкент-АЭРО” ИБК тезкор тузилмалари ва божхона постлари томонидан жорий йилнинг дастлабки чорагида 15 та ҳолатда қарийб 30 кг. гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 килограммга кўпни ташкил этади.