Институт матбуот хизматидан маълум қилишларича, молиявий хизматларда банк хизматларининг улуши 90 фоиздан юқори бўлиб, қолган қисмини суғурта, кредит, лизинг, микрокредит, микролизинг, фонд бозори, қимматли қоғозлар бўйича хизматлар ва бошқа турдаги молиявий хизматлар ташкил этади.
Ҳозирги кунда 33 та банк, жумладан, давлат улуши мавжуд бўлган 12 та банк истеъмолчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Иқтисодиётга ажратилган кредитларнинг 85 фоизи давлат улуши мавжуд бўлган банкларнинг ҳиссасига тўғри келади. Охирги 5 йил мобайнида банк соҳаси сезиларли даражада кенгайди ва ривожланди. Тижорат банклари томонидан мижозларга хизмат кўрсатувчи банк филиаллари сони 876 тага, мини-банклар сони эса 4 минг 177 тага етди.
Банк соҳасида қуйидаги ислоҳотлар амалга оширилди:
- Молия вазирлиги таркибида Давлат иштирокидаги тижорат банкларини ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш департаменти ташкил этилди;
- “Марказий банк тўғрисида”ги ва “Банклар ва банклар фаолияти тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиришлар киритилди;
- замонавий технологияларни кенг жорий қилиш билан нақд пулсиз ҳисоб-китоблар инфратузилмаси ривожлантирилди;
- узлуксиз тўлов тизимлари кенгайтирилиб, терминаллар HUMO ва UZCARD карталаридан ўзаро қабул қилиш учун такомиллаштирилди;
- масофавий банк хизматларини кўрсатиш кенгайтирилди (масофавий банк хизматларидан фойдаланувчилар сони охирги 5 йилда қарийб 4,5 баробар кўпайиб, 4,4 млн. дан 20,2 миллионга етди);
- Рақамли банклар фаолият юрита бошлади (ТБC, Анор банк, Апелсин банк).
Таҳлил давомида эришилган натижалар билан бир қаторда, айрим муаммо ва камчиликлар ҳам борлиги аниқланди. Булар қуйидагилар:
- банк соҳасида давлат улушининг юқорилиги (банк активларининг 80 фоизи давлат улуши мавжуд банкларга тегишли);
- инфратузилмаларнинг етарли даражада ривожланмаганлиги сабабли тўлов карталаридан фойдаланиш имкониятларининг чекланганлиги ва банкоматлар сонининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларидаги ўртача кўрсаткичдан пастлиги (ҳар 100 000 кишига 48 та банкомат);
- кредитлашда жисмоний шахсларни қамраб олиш даражасининг пастлиги (кредитларнинг фақат 19 фоизи жисмоний шахсларнинг улушига тўғри келади, дунё мамлакатларида эса ўртача 40 фоиз).
Муаммо ва камчиликлар мавжуд экан, демак уларни ҳал этиш галдаги муҳим вазифалардан биридир. Институт мутахассислари соҳадаги муаммоларни бартараф этиш учун таклифларни ишлаб чиқди. Булар:
- Рақамли банк ва fintech компаниялари киришига янада кўпроқ имконият яратиш;
- Банкларда хизмат кўрсатиш шохобчаларини кенгайтириш ва банк хизматлари кўрсатишнинг муқобил усулларини жорий этиш билан истеъмолчиларга қулайлик яратиш;
- Банк хизмати транзакция вақти ва нархини камайтириш ҳамда мижозлар учун фирибгарлик хавфини камайтириш.
Хулоса қилиб айтганда, рақамли банк ва fintech компаниялари сонини ошириш, онлайн банкинг хизматларини такомиллаштириш йўллари билан молиявий хизматлар соҳасини янада ривожлантиришга эришиш мумкин. Натижада қўшимча иш ўринларини яратиш, бандликни ошириш, мамлакат иқтисодиётини ривожналтириш билан бирга, камбағалликни қисқартириш имконияти яратилади.