Адлия вазирлигида «Кредит ташкилотларида истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан «сирли мижоз» усулидаги назорат тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом (рўйхат рақами: 3731, 23.12.2025 й) давлат рўйхатидан ўтказилди.

Низомга кўра, кредит ташкилотларида молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш чоғида кредит ташкилотларининг фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этилишини текшириш мақсадида «сирли мижоз» усулидаги назорат тадбирлари ўтказилади.

«Сирли мижоз» усулидаги назорат тадбири Марказий банк ёки унинг ҳудудий филиаллари масъул ходимлари томонидан бевосита жойига чиққан ҳолда ёки масофадан туриб амалга оширилади.

Назорат тадбири кредит ташкилотини олдиндан хабардор қилмаган ҳолда амалга оширилади.

Назорат тадбирини ўтказиш учун Марказий банк раисининг ўринбосари ёки Марказий банк ҳудудий бош бошқармаси бошлиғининг фармойиши чиқарилади.

Назорат тадбирини ўтказиш учун 3 иш кунигача, давомли операциялар (ҳаракатлар) учун ушбу операциянинг (ҳаракатнинг) охирги кунигача бўлган муддат белгиланади.

Назорат тадбири якунлангандан сўнг, «сирли мижоз» томонидан далолатнома тузилади.