Бухоро шаҳри И.Каримов кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Г.Х. 2019 йил сентябрь ойида "Bobkent qurilish servis" МЧЖга қарашли замонавий кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан бирини харид қилиш мақсадида ташкилот раҳбари билан шартнома тузиб, олдиндан нақд пул тўлаган.
Шартнома талабларига асосан, уй 2021 йил март ойида топширилиши керак бўлган. Аммо 2020 йил 27 февраль куни МЧЖ раҳбарияти томонидан фуқаро чақирилиб, шартнома муддати ўзгартирилган.
Шартнома янги тузилган бўлса-да, ҳалигача уй қурилиши бошланмаётганидан норози бўлган истеъмолчи 2020 йил 20 июлда Бухоро шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига оғзаки мурожаат қилган.
Ушбу мурожаат юзасидан жамият ходимлари томонидан ўрганиш олиб бориб, ҳақиқатан ҳам истеъмолчининг ҳуқуқи поймол қилинганини аниқлади. Жамият томонидан истеъмолчининг 70 000 000 сўм нақд пули қайтариб олиб берилди.