Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳукумат қарорига мувофиқ тиббиёт ташкилотлари томонидан аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ қатор қўшимча талаблар жорий қилинмоқда.

Жумладан, Тиббий фаолиятни лицензиялаш паспортига лицензия талаблари ва шартлари сифатида қуйидаги қўшимчалар киритилмоқда.

Стационар турдаги нодавлат тиббиёт ташкилотида операция бўлими ташкил этилган тақдирда:

— ихтисослиги бўйича камида биринчи малакавий тоифага эга бўлган операция қилувчи хирург;

— анестезиолог-реаниматолог;

— хирургия ихтисослиги бўйича малакавий тоифага эга бўлган ассистент врач;

— камида биринчи малакавий тоифага эга бўлган анестезиология-реаниматология ва операция хонаси ҳамшираси бўлиши керак.

Буларга мос бўлмаслик эса ушбу талабни қўпол равишда бузиш, деб ҳисобланади.

Шунингдек, операция ва жонлантириш (реанимация) хоналарига овоз ва видео ёзиб олиш имконияти мавжуд камералар ўрнатилган бўлиши лозим. Мазкур ёзувлар камида бир йил давомида лиценциатда сақланиши ҳамда видеоёзувдаги ахборотнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайдиган (бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно) шифокор сирининг ҳимоя қилиниши имкониятини яратиш талаб этилади.

Бу қўшимча талаб эса ҳам бемор, ҳам шифокор ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилиб, маҳаллий тиббий хизматлар сифатини ошириш ва «хавфсиз тиббиёт» стандартларини жорий қилиш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Тиббий фаолиятни лицензиялашнинг янгиланган паспортидаги шу ва бошқа талаблар 2025 йилнинг 1 январь кунидан кучга киради.