Шу билан бирга, вилоятимизда иш ўринларига талаб юқори, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи долзарб. Маҳаллаларда ижтимоий муаммоларни жойида ҳал қилиш талаб этилади.
Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан кейинги 8 йилда чиқарилган қарийб 1700 ҳужжат (фармон, қарор, фармойиш ва баён) доирасида Қашқадарё вилояти бўйича 16 мингга яқин топшириқ берилган. “Ijro.gov.uz” тизими орқали ҳар бир топшириқ ижроси назоратга олинган.
Ушбу тизимнинг жорий этилиши топшириқнинг ижросини муддати тугамай, жараёнда таъминлаш, муаммо бўйича амалий ёрдам кўрсатиш имконини бериш баробарида аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини оширишга хизмат қилмоқда.
Ўтган йили 776 маҳаллада “маҳалла еттилиги” аъзолари 120,5 мингга яқин муаммо ва мурожаатни кўриб чиқди. Уларнинг 91 фоизи маҳалланинг ўзида ҳал этилди.
Аҳоли фаровонлиги. Президентимизнинг Олий Мажлис ва юртдошларимизга Мурожаатномасида қайд этилганидек, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади. Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида маҳаллаларни меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, тарбия ва энг муҳими, адолат масканига айлантириш йўналишидаги фаолиятимиз кўлами янада кенгаяди.
Биргина аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш йўналиши бўйича воҳамизда тизимли ишлар қилинмоқда. Асосий мақсадимиз — одамларни доимий даромадли қилиш.
2025 йилда 518 минг кишини даромадли меҳнат билан банд қилиш режалаштирилган эди. Амалда 578 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди ва бу жиҳат солиқ базасида ўз аксини топди. Шу орқали ишсизлик даражаси 4,9 фоизга туширилди. Ишсиз ва иш қидираётган 30 мингга яқин фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорлик йўналишида ўқитилди. Бу борада белгиланган режа 128 фоиз бажарилди.
Ўтган йили “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида 1061 гектарда юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича 93 та лойиҳа амалга оширилди.
Вилоятда жорий йил 507 минг кишини доимий ишга жойлаштириш, даромадини ошириш ва яширин иш ўринларини соядан чиқариш бўйича соҳалар, йўналишлар кесимида режалар ишлаб чиқилган.
2025 йилда вилоятда 32 минг 880 оилани камбағалликдан чиқариш белгиланган эди. 167 мингта оиланинг турмуш шароити ўрганилиб, уларнинг 87 мингтаси камбағал оилалар реестрига киритилди. Шунингдек, 61 минг 800 оилага барқарор бандлик йўналишида қарийб 111,5 мингта хизмат кўрсатилди.
Реестрда турган 53,5 мингдан ортиқ оила аъзолари камбағалликдан чиқарилди. Камбағаллик даражаси 9,6 фоиздан 6,5 фоизга туширилди. Вилоятдаги 60 та маҳалла камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида вилоятдаги 1414 раҳбарга 7070 та камбағал оила бириктирилди. Мазкур оилаларга 10 минг 600 бошга яқин чорва, парранда, озиқ-овқат маҳсулотлари, дарахт кўчатлари, кийим-кечак етказиб берилди ҳамда уй-жойини таъмирлаши учун ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили 19-20 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича Қамаши тажрибаси ишлаб чиқилди. Натижада 28 мингга яқин камбағал оила, маҳалла раиси ва банк ўртасида уч томонлама шартномалар тузилди ва хизматлар бириктирилди. 90 та оғир маҳалланинг инфратузилмасини яхшилаш учун 300 миллиард сўм маблағ ажратилди.
2026 йилда маҳаллаларда лойиҳавий ёндашув асосида “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида юқори даромадли экспортбоп маҳсулотлар етиштирувчи маҳаллалар сони 195 тага етказилади. Шундан 36 та маҳаллада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда аҳоли кўникмаларини ошириш учун уста-деҳқонлар ёлланади. Ихтисослашувидан келиб чиқиб 12 та маҳаллада намунали томорқалар ташкил этилади. 18 та маҳаллада аҳоли томорқасидаги энг намунали ва инновацион лойиҳалар учун грант ажратилади.
Камбағалликни қисқартиришга қаратилган хизматлар билан 21 минг 628 оила қамраб олинади. Йил якунигача камбағаллик даражаси 3,3 фоиз қисқартирилади.
Бу вазифаларни бажариш учун имконият ҳам, маблағ ҳам, қарорлар ҳам ва уларни назорат қиладиган мукаммал ижро тизими ҳам мавжуд. Фақат қатъий интизом, масъулият ва шахсий жавобгарликни йўлга қўйиб, виждонан ишлаш зарур.
Бунёдкорлик. Янгиланаётган Ўзбекистонимиз тобора юксалиб бораётган улкан иморатга ўхшайди. Бу бинога биттагина бўлса ҳам ғишт қўя олишнинг ўзи жуда катта бахт!
Бугунги Қашқадарё улкан бунёдкорлик майдонига айланган. Қурувчиларимиз азму шижоати билан шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси кун сайин чирой очмоқда, янги бино ва иншоотлар, йўллар, кўприклар, инфратузилма объектлари бунёд этилмоқда.
Ўтган йили вилоятимизда 7700 хонадонли 176 та кўп қаватли уй-жой қуриш белгиланган эди. Амалда 8062 хонадонли 208 та уй-жой фойдаланишга топширилди. Жорий йилги уй-жой дастури бўйича 7510 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиши мўлжалланмоқда.
Ижтимоий ва ишлаб чиқариш дастури доирасида 931 миллиард сўм маблағ ўзлаштириш ҳисобига 133 та объектда қурилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда мазкур дастур доирасида 1 триллион 200 миллиард сўм маблағ ўзлаштириш, 163 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш кўзда тутилмоқда.
Транспорт соҳасида аҳолига кўплаб қулайликлар яратилмоқда. Жумладан, 2025 йилда замонавий 26 та шаҳар йўловчи автобуси ва 39 та микроавтобус харид қилиниб, йўналишларга қўйилди. Қарши автошоҳбекати қуриб битказилди, 65 та оралиқ бекат ўрнатилди ва реконструкция қилинди. Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида 75 та оралиқ бекат қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.
Жорий йилда яна 43 та автобус харид қилиниб, йўналишларга қўйилди. Яна 100 дан ортиқ замонавий автобус ва 50 та микроавтобус келтириш режалаштирилган.
2025 йилда вилоятимизда жами 1 триллион 674 миллиард сўмлик йўлсозлик ишлари бажарилди. 1391 километр автомобиль йўли ва 9 та кўприк реконструкция қилинди ҳамда таъмирланди. Жорий йилда тегишли давлат дастурлари асосида 573,1 миллиард сўм ҳисобидан 435,5 километр йўл таъмирланади ҳамда 27 та кўприк қайта қурилади.
Воҳамизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида амалга оширилаётган тадбирлар ҳудудларимиз кўркига кўрк қўшмоқда. Ўтган йили баҳор мавсумида 11 миллион 222 минг, кузда 10 миллион 364 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди ҳамда “Яшил макон” платформасига киритилди. “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида 15 та яшил боғ ва 7 та “яшил” жамоат парки барпо этилди.
Вилоятда ўтган йили ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 39,8 миллиард сўм ўзлаштирилди. Президентимиз ташаббуси билан Қаршига Ҳисорак сувини келтириш бўйича улкан лойиҳага асос солинмоқда.
Туризм. Бугун меҳнаткаш халқимизнинг дунёқараши, онгу шуури, ҳаётга муносабати, яшашга иштиёқи ўзгармоқда. Юртдошларимиз яхши ишлаган яхши дам олиши зарурлигини тобора кўп англаб, сўлим табиат қўйнида мароқли ҳордиқ чиқариш ва саёҳатни жамоавий ҳамда оилавий анъанага айлантириб бораётгани бизни жуда қувонтиради.
Шуни инобатга олиб, “Мираки” МФЙдаги 240 гектарли “Шаҳрисабз” туристик марказида умумий 1050 ўринга мўлжалланган 2 та 3 юлдузли меҳмонхона, хостел ва савдо-кўнгилочар маркази ҳамда дор йўли, автотураргоҳ ва ресторан ишга туширилди.
Ўтган йили вилоятда 47 та жойлаштириш воситаси ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 406 тага етказилди. Бу кўрсаткич 2017 йилдагига нисбатан 25 карра ошган. 2026 йили 450 тага етказилади.
Шу билан бирга, Қамаши ва Китобда 3 та кемпинг, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида 40 та капсула уйи тадбиркорлар томонидан бунёд этилди. Яна 15 та туроператорлик фаолияти йўлга қўйилиб, улар сони 66 тага етказилди. Жорий йилда яна 16 таси очилади.
Натижада вилоятга 3,6 миллион маҳаллий, 604 минг хорижий турист жалб этилди. Туризм хизматлари экспорти 121 миллион долларга етди. Бу борадаги режа 118 фоиз бажарилди. 2026 йилда 3,7 миллион маҳаллий, 620 минг хорижий турист сафари ташкил этилиб, туризм экспорти қиймати 124 миллион долларга етказилади.
2024 йилда Шаҳрисабздаги “Мираки” МФЙга “Туризм маҳалла”си, ўтган йили Китобдаги Башир, Қайнар ва Шаҳрисабздаги Ғелон қишлоқларига “Туризм қишлоғи” мақоми берилди. Жорий йилда Китоб туманидаги Жайрахона ва Яккабоғ туманидаги Татар қишлоқлари “Туризм қишлоғи”га айлантирилади.
Қарши шаҳридаги Насаф кўчаси ва “Ватанпарвар” боғи ҳудудида 24/7 режимда фаолият юритувчи 2 та кўча ташкил этилди. Жорий йилда бундай кўчалар сонини 12 тага етказиш режа қилинган. Туристлар сони ошиши натижасида Шаҳрисабз — Тошкент йўналишидаги самолётлар ўтган йилдан ҳафтасига 6 марта қатнамоқда.
Ўтган йили соҳада умумий қиймати 80 миллион долларлик 27 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди. Натижада туризм ва унга ёндош соҳаларда жами 2320 та иш ўрни очилди.
Жорий йил “Шаҳрисабз” туристик марказида қиймати 500 миллиард сўмлик 13 та лойиҳани амалга ошириш, бу орқали 300 та янги иш ўрни очиш кўзда тутилган. Шаҳрисабз туманининг “Ғелон” ва “Сарчашма” МФЙларида 2919 гектарли “Ғелон” туристик-рекреaцион зонаси ташкил этилди.
Қиймати 300 миллион долларлик халқаро умуммавсумий курортига старт берилиб, 4,2 миллион доллар инвестиция жалб қилинди. Келгуси йилда шале шаклидаги уйлар мажмуасини ташкил этиш ва дор йўлларини қисман ишга тушириш орқали бу кўрсаткич 50 миллион долларга етказилади.
“Майданак баланд тоғ” туристик марказида умумий қиймати 49,3 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, Қамашида 65,7 гектар, Ғузорда 42 гектар ҳамда Шаҳрисабз тумани Ҳисорак-Ғелон йўли бўйларида 16,3 гектар майдонда туризм инфратузилмаси ривожлантирилади. Чимқўрғон ва Пачкамар сув омборлари асосий фаолиятига таъсир этмайдиган ҳудудларда сув туризми йўлга қўйилади.
Ёшлар масаласи. Биз учун ёшлар билан ишлаш — тадбир ўтказиш эмас, балки уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш демакдир. Ёшларни касбга йўналтириш, уларга замонавий билим ва технологияларни ўргатиш, иқтидорлиларни қўллаб-қувватлаш энди иккинчи даражали масала эмас, балки ҳар бир раҳбарнинг шахсий жавобгарлигидир.
Вилоятимизда кейинги йилларда иқтидори, қизиқишидан келиб чиқиб, мактаб ўқувчилари учун турли лойиҳаларни йўлга қўйдик. Жумладан, 3 йилдан буён ўқувчилар ўртасида вилоят ҳокими олимпиадаси ўтказилмоқда. Вилоят ҳокими стипендияси таъсис этилди. Спорт йўналишида “Мактаблар лигаси” мусобақалари, санъат, маданият йўналишида “Ижодкор ёшлар” кўрик-танлови ўтказилмоқда. Ўқувчиларда АT, робототехника кўникмаларини шакллантириш мақсадида АҚШ компаниясининг 180 минг долларлик грант маблағи жалб этилди. Мактабларда хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш мақсадида АҚШ, Россия, Филиппиндан малакали ўқитувчилар олиб келинди.
Битирувчиларимизнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 2025 йилда 50,4 фоизни ташкил этди. Миллий ва халқаро сертификатга эга ўқитувчилар сони 3368 га етди. Янги йил арафасида 134 хотин-қизнинг олий таълим олиши учун шартнома пули тўлаб берилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2026 йил якунига қадар 3-7 ёшли болаларнинг мактабгача таълимга қамрови 78, битирувчи синф ўқувчиларининг олий таълим муассасалари кириш кўрсаткичи 55 фоизга етказилади.
Вилоятда касбий таълимни такомиллаштириш борасида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Техникум масъуллари 1062 та корхона ва ташкилот билан дуал таълимни ташкил этиш бўйича шартномалар имзолади. Ўқувчиларнинг 20 фоизи дуал таълимга қамраб олинди. Шунингдек, 6 та техникумда немис стандарти асосида касбга ўқитиш йўлга қўйилди. Лойиҳа доирасида 32 ўқитувчимиз Германияда малака оширди, 256 ўқувчи махсус тест синовлари орқали қабул қилинди.
Жорий йилда Қашқадарё илғор касбий маҳорат техникуми очилади. Унинг базасида Германия билан ҳамкорликда “Таълим ва технологиялар маркази” фаолияти йўлга қўйилади. Битирувчиларни Германиянинг турли ишлаб чиқариш корхоналарига ишга жойлаштириш чоралари кўрилади. Бундан ташқари, 2 та техникумда “Хитой — Ўзбекистон устахонаси” ташкил этилади. Дуал таълим асосида ўқишга қамров 40 фоизга етказилади. Умумтаълим мактабларининг 21 минг нафар 9-синф битирувчиси техникумларга қабул қилинади.
Тиббиёт. Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида туб ўзгаришлар юз бермоқда. Халқимиз ислоҳотлар самарадорлигига, энг аввало, тиббиётдаги ўзгаришларга қараб баҳо беради деган ёндашув соҳа ходимларини янада масъулият билан ишлашга ундамоқда.
2025 йили юқори технологик 7416 та жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Китоб ва Касби туманларида республикада илк бор буйрак трансплантацияси муваффақиятли бажарилди. Кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. 29 шифокор хорижий давлатларда малака оширди.
Хусусий тиббиёт ҳам жадал ривожланмоқда. Вилоятда бундай муассасалар сони 748 тага етди. Тиббий туризм салоҳияти ошмоқда. Бошқа вилоятлар, қўшни давлатлардан беморлар даволаниш учун вилоятимиздаги нуфузли клиникаларга мурожаат қилмоқда. Рақамлаштиришга 18 миллиард сўм ажратилиб, барча тиббиёт муассасаларида ягона ахборот тизими жорий этилди.
Янги тизим йўлга қўйилган Китоб туманида тиббиёт бригадалари ва аҳоли ўртасида икки томонлама шартнома тузилди. Натижада аҳолининг бирламчи бўғинга мурожаати 30 фоиздан 70 фоизга ошди, туман ёки вилоят шифохоналарига мурожаат 35 фоиз камайди.
Қашқадарё тажрибаси асосида тиббиёт бригадаларини рағбатлантириш йўлга қўйилгани сабабли 250 фуқарода онкологик касалликлар эрта босқичда аниқланиб, 40 миллиард сўм тежалди.
Кейинги йилларда ҳам бирламчи бўғинни ривожлантириш, юқори технологик тиббий ёрдам турларини кенгайтириш, рақамлаштириш, хизматлар шаффофлигини ошириш, тиббий суғуртани такомиллаштириш устувор масаламиз бўлиб қолади. Оналар ва болалар саломатлигини сақлаш, касалликларни эрта аниқлаш орқали ногиронликни камайтириш, тиббиётни янада халқчил соҳага айлантириш, одамларни ушбу тизимдан рози қилиш масаласи доимий эътиборимизда бўлади.
Аҳолининг тиббий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Маҳалладан бошлаб тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш бўйича амалий ишлар янада кучайтирилади.
Инвестиция. Аслида, четдан киритиладиган сармоя қақроқ ерга ҳаёт бағишлайдиган дарёга ўхшайди. Дарё заминга ободлик улашгани сингари хорижий инвестиция мамлакатимиз тараққиётига, пировардида одамларимиз рўзғорининг ободлигига, фаровонлигига хизмат қилади. Иқтисодиётимиз дарёсига қўшиладиган ҳар бир доллар сармоя тадбиркорлик ривожига, янги иш ўринлари очиш, юртдошларимиз даромадини ошириш, кўчаларимиз, маҳаллаларимиз қиёфасининг ўзгаришига сабаб бўлади.
200 дан ортиқ хорижий ҳамкорларнинг вилоятга сафари уюштирилди. Элчихоналар ва дипломатик корпус вакиллари билан яқин ҳамкорликда ўндан ортиқ йирик халқаро бизнес-форум ҳамда хорижий компаниялар иштирокида 80 дан зиёд учрашув ўтказилди. Малайзия ва Францияда вилоятнинг “Савдо уйлари” очилди.
Инвестиция дастурлари доирасида қиймати 2,2 миллиард долларлик 618 та лойиҳа ишга туширилди. Натижада 18 мингта барқарор иш ўрни очилди. Экспорт географияси 54 давлатга кенгайтирилди.
Вилоятда 58 та саноат зонаси ташкил этилган. 2025 йилда қиймати 228 миллиард сўмлик 40 та лойиҳа ишга туширилиб, минглаб иш ўрни очилди. Масалан, “Алп техно сервис” МЧЖ жамоаси халқаро брендлар остида телевизор ва монитор ишлаб чиқариб, экспорт қилмоқда. Ушбу маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражаси 45 фоизга етди. Жамоа экспорт географиясини Озарбайжон, Қозоғистон, Россия, Қирғизистонга кенгайтириб, 12 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди.
Шунингдек, Қарши шаҳрида “Лангар ватер” МЧЖ томонидан қиймати 10 миллион долларлик маъданли ичимлик сувни қадоқлаш лойиҳаси амалга оширилди ва 40 та иш ўрни очилди.
Жорий йилда 2 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ва 1,5 баробар иқтисодий ўсишни таъминлаш режалаштирилган.
Қишлоқ хўжалиги. Бугун ўзига хос анъаналарга эга Қашқадарё деҳқончилик мактаби тобора ривожланмоқда. Аграр соҳа тараққиёти янги босқичга кўтарилмоқда.
Бунинг тасдиғини ўтган йили вилоятимизда 1 миллион тоннага яқин ғалла, 552 минг тонна пахта, 950 минг тоннадан ортиқ сабзавот ва полиз экини, 347 минг тонна мева ва узум, 230 минг тонна картошка, 2,9 минг тонна пилла етиштирилгани мисолида яққол кўриш мумкин. Чорвачиликда 522 миллиард сўмлик 251 та лойиҳа амалга оширилиб, четдан 15 минг бош қорамол, 50 минг бош қўй олиб келинди.
Бундан ташқари, 27 миллиард сўмлик 18 та паррандачилик, 6,1 миллиард сўмлик 6 та балиқчилик лойиҳаси ишга туширилди, 2,6 минг тонна асал етиштирилди. Соҳа ходимлари воҳамизда агротуризмни ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшмоқда.
Давлатимиз раҳбари Қашқадарёга ташрифи чоғида Шаҳрисабздаги агротуризм мажмуаси билан танишиб, унинг фаолиятига юксак баҳо бергани барчамизни беҳад қувонтирди.
Қашқадарё — аграр вилоят, лекин энди эски усуллар билан юқори натижага эришиб бўлмайди. Президентимиз кўрсатмаларидан келиб чиқиб, аграр соҳада ислоҳотларни жадаллаштириш йўлида энг муҳим вазифаларимизни белгилаб олганмиз.
Аввало, минтақамизда йилдан йилга кучайиб бораётган сув танқислиги шароитида мавжуд захираларнинг тиллога тенг ҳар қатрасини қадрлашимиз шарт. Сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш, канал, ариқларни бетонлаштириш, сув олиш нуқталарини ўлчаш воситалари ва тўсиқлар билан оммавий жиҳозлаш лозим.
Пахтачиликда 27 минг гектар ерда хорижий навдаги чигит экилгани ва “Шинжон” технологияси қўллангани натижасида юқори ҳосил олишга эришилди. 2026 йилда мазкур технологияни 55 минг гектарда жорий қиламиз.
Гўшт ва сутни етиштириш ҳажмини ошириш, чорвачиликда наслчиликни яхшилаш, хориждан зотдор молларни олиб келиб, кўпайтириш бўйича бошлаган ишимизни изчил давом эттирамиз. Янги боғ ва токзорлар ташкил қилиш, мева-сабзавотни қайта ишлаш, экспортини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича йирик лойиҳалар ишга туширилади.
Жойларда мурожаатлар билан ишлаш тизими ҳам мутлақо янги босқичга чиқди. Ўтган йили виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали фуқаролардан тушган мурожаатлар 26 фоиз камайди.
Раҳбарлар қабулини ташкил этиш, такрорий ва жамоавий мурожаатлар ҳам сезиларли даражада қисқарди. Жойларда 9000 га яқин сайёр қабул ўтказиб, 77,5 минг фуқаронинг мурожаати ўрганилди. Мурожаатларнинг 72 фоизи жойида ижобий ҳал қилинди. Қолганларига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Бу саъй-ҳаракатларимиздан тўхтаб қолмаган ҳолда мурожаатлар билан ишлашда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларини кенг жорий этишни бошлаб юбордик.
Ижтимоий ҳимоя тизимидаги ислоҳотлар ҳам ўз натижасини бермоқда. Илгари вилоятда ҳар уч оиладан бири ижтимоий нафақа олган бўлса, аҳоли бандлигини таъминлаш натижасида бугун нафақа олувчи оилалар улуши 7 фоизга тушди.
Жорий йил 13 март куни Президентимиз раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида барча ҳудудлар раҳбарларига ҳар бир ариза ва шикоятни чуқур таҳлил қилиб, масъуллар кесимида тақсимлаш бўйича Қарши шаҳри мисолида кўрсатилган тизимни самарали йўлга қўйиб, одамларнинг оғирини енгил қилиш вазифаси қўйилди. Бу борадаги иш режалари ҳар ой маҳаллий кенгашларда тасдиқланиб, аҳолига етказиб бориладиган бўлди.
Бир сўз билан айтганда, барча соҳада ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш, Президентимизнинг фармон ва қарорлари ижроси ортидан аҳолининг фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шароит яратиш доимо энг асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.
Муротжон АЗИМОВ,
Қашқадарё вилояти ҳокими, сенатор