Президентимизнинг 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан халқимизга мурожаати мамлакатимиз тарихидаги камёб ҳолатлардан бири сифатида эсда қоладиган бўлди. Воқеликнинг ижтимоий аҳамияти шундаки, давлат раҳбари даражасида бундай мурожаатнинг йўлланиши Янги Ўзбекистонда инклюзив жамият қуришга муносиб чақириқ сифатида янгради. Шу пайтгача “Инсон қадри учун” тамойили остида қилинган эзгу ишлар тамалини янада мустаҳкамлаб, навбатдаги босқичга йўл очди.

Мурожаатда таъкидланганидек, “жамиятимизнинг ажралмас бир қисми бўлган ногиронлиги бор фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида кейинги йилларда мамлакатимизда бир қатор қонунлар ҳамда 25 дан ортиқ бошқа меъёрий­-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, мустаҳкам қонуний база яратилди.

Бу эса мазкур тоифа вакилларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш, уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, малакали тиббий хизматлардан фойдаланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқариши, мухтасар айтганда, ўзларини жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этиши учун янада қулай шароитлар яратиш имконини бермоқда”.

Шу ўринда алоҳида ўқиш эҳтиёжи бўлган болаларнинг сифатли билим олиш ҳуқуқи халқаро ҳуқуқий­-меъёрий ҳужжатларга мувофиқ тарзда тегишли қонун ва қарорларда ўз ифодасини топаётганини қайд этиш жоиз. Жумладан, янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунга биринчи марта “инклюзив таълим” тушунчаси киритилди.

Унинг “Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим” деб номланган моддасида жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар, шунингдек, узоқ вақт даволанишга муҳтож болалар давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларида инклюзив шаклда ёки уй шароитида якка тартибда таълим олиши кўзда тутилди.

Қонун билан таълим шакллари қаторига инклюзив таълим шакли ҳам киритилган бўлиб, у алоҳида таълим эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларнинг хилма-­хиллигини ҳисобга олган ҳолда барча таълим олувчилар учун таълим ташкилотларида таълим олишга бўлган тенг имкониятларни таъминлашни назарда тутади. Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ҳам ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-­қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётига жалб қилиниши ва фаол иштирокини таъминловчи инклюзив таълим ва ишга жойлаштириш тизимини такомиллаштириш вазифалари белгиланди.

Айни пайтда мамлакатимизда жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун 86 та махсус мактаб ва мактаб­интернат фаолият юритиб, уларда 20 мингдан зиёд бола таълим олмоқда. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўғил­қизларни соғлом тенгдошлари қатори умумтаълим мактабларида ўқитиш амалиётини ривожлантириш мақсадида махсус таълим муассасаларида таълим олаётган ўқувчиларнинг умумтаълим мактабларига интеграциялашуви тажрибаси қўлланяпти.

Натижада сўнгги йилларда алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган 500 нафарга яқин ўқувчи умумий ўрта таълим мактабларига қайтарилди. Ҳозирги кунда 3,2 мингдан ортиқ умумий ўрта таълим мактабида 13 мингга яқин ўқувчи инклюзив таълим билан қамраб олинган. Жорий йилда алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болаларнинг 24 фоизи, 2025 йилгача эса 40 фоизи умумий ўрта таълим муассасаларига жалб қилиниши белгиланган.

Мана шундай мактаблар учун педагогларни тайёрлаш бўйича Тошкент давлат педагогика университетида ўзига хос бой тажриба тўпланган. Хусусан, университетнинг махсус педагогика ва инклюзив таълим факультетида сурдопедагогика (қўшимча сурдотаржимон), логопедия ва олигофренопедагогика бакалавриат таълим йўналишлари ва махсус педагогика (сурдопедагогика, логопедия, олигофренопедагогика), магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрланмоқда.

Ногиронлиги бор болалар билан ишлашнинг ўзига яраша масъулияти ва мураккабликлари мавжуд. Шу боис, мутахассисларни тайёрлаш жараёнида танланган соҳанинг мана шундай нозик жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, илмий-­педагогик фаолияти даражаси ва сифатини оширишни муносиб рағбатлантириш орқали профессор­ўқитувчилар илмий салоҳиятидан самарали фойдаланилмоқда.

Магистрант, докторант ҳамда ёш ўқитувчиларнинг илмий фаолиятини ривожлантириш мақсадида кафедраларда ҳар ойда илмий­назарий ва илмий­методик семинарлар ташкил этилади. Ушбу йиғинларда махсус педагогика соҳасининг долзарб масалалари муҳокама этилади. Мавзу юзасидан хулоса ҳамда тавсиялар шакллантирилади. Талабаларнинг махсус педагогика ихтисослиги бўйича билим, кўникма ва малакасини ошириш билан бирга янги инновацион ғоя, лойиҳаларни ишлаб чиқишга йўналтирилади.

Таълим олишдаги имкониятлар тенглиги инклюзив жамият қуриш йўлидаги муҳим қадамлардан. Шу орқали ногиронлиги бор ўғил­қиз жамиятга ўзини керакли ҳис этади. Халқнинг бир бўлаги эканини англаб, мамлакат ривожига дахлдорлик туйғуси билан яшайди.