Шарқона янги йил — Наврўзи олам даракчиси бўлмиш урф-одатларимиз орасида сумалак сайлининг ўрни ҳақиқатан ҳам ўзгача.

Мазкур маросимни шунчаки миллий таомномамиздаги егулик пишириш жараёни эмас, балки асрлар оша сайқал топиб келаётган қадриятлар, маънавий-эстетик қарашлар ва ижтимоий муносабатларнинг яхлит мажмуи сифатида эътироф этиш ўринли. Зотан, авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтаётган бу қадимий анъана ўз замирида чуқур фалсафий, психологик ҳамда санъаткорона моҳиятни мужассам этган юксак маданий ҳодиса, десак янглишмаймиз.

Тун бўйи дошқозон атрофида қайнайдиган ҳаёт шунчаки тунги бедорлик эмас, ўзига хос руҳий покланиш майдони. Қишнинг узун ва қировли кунларида одамлар қалбида йиғилиб қолган ғуборлар, совуқ заҳматлари айнан шу қозон бошидаги самимий дийдорлашув ҳароратида эриб кетади. Аёллар, мўътабар момолар ва қиз-жувонлар ўз дарду ҳасратларини, орзу-умидларию қувончини бир-бири билан баҳам кўради. Қозон атрофидаги қайноқ суҳбатлар ҳамда эзгу ниятлар чинакам ижтимоий терапия, руҳий енгиллик воситаси вазифасини ўтайди.

Санъат нуқтаи назаридан ёндашганда, айни жамоавий маросим халқ оғзаки ижоди дурдоналари яраладиган лаборатория, қадимий ва тирик саҳна вазифасини ҳам бажаради. Асрлар давомида халқимиз орасида тилдан тилга кўчиб юрувчи ўланлар, яллалар, лапарлар ва халқ қиссалари бевосита мана шу гулхан ёруғидаги кечаларда сайқал топган. Қозон ковлаётган момоларнинг мунгли ёхуд жўшқин хиргойилари келин-қизлар тилида мутлақо янгидан жило топиб, авлодлар силсиласини мустаҳкамловчи мусиқий кўприкка айланади. Оловнинг чарс-чурс ёнишию капкирнинг қозонга урилишидан ҳосил бўладиган ритм гўё қадимги мусиқий оҳангларимизнинг зарбли усулларини ёдга солади. Айнан шу мусиқий ва руҳий уйғунлик муҳитида янгидан янги халқ қўшиқлари дунёга келган. Дошқозон атрофида айтилган ҳар бир байт, ҳар бир халқона таронада жамиятнинг теран ижтимоий хотираси ҳамда эстетик тафаккури маҳсули яққол намоён бўлади.

Буғдой майсаларининг ундирилиши табиатнинг уйғониш рамзигина эмас, умр узлуксизлигининг боқий тимсоли ҳамдир. Майсаларнинг яшил рангида ҳаётбахш энергия ва эзгуликка интилиш акс этади. Қозон тубига ташланадиган тошлар эса инсонларни ҳаётнинг қаттиқ синовларига бардошли, тошдек мустаҳкам ирода эгаси бўлишга ундовчи метафорик белгидир. Айни неъматнинг пишиб етилиши учун сарфланадиган машаққатли меҳнат, тунги бедорлик ва ниҳоят саҳардаги тотли натижа — буларнинг барчаси инсонни сабр-тоқат, меҳнаткашлик ва охир-оқибат гўзал самарадан баҳраманд бўлишга ўргатувчи тарбия мактаби бўлиб хизмат қилади.

Қадимий миниатюра асарларида наврўз­олди сайиллари доимо халқнинг энг улуғвор байрами сифатида тасвирланганига гувоҳ бўламиз. Дошқозон атрофидаги манзараларда рангларнинг ёрқинлиги, одамлар юзидаги самимий кулги ҳамда ҳаракатлардаги шиддат ўзаро узвий ифодасини топган. Бугун биз мазкур миниатюраларни шунчаки ўтмиш хотираси эмас, балки қон-қонимизга сингиб кетган жонли анъана сифатида ўз ҳаётимизда ҳис қиламиз. Тарихий кўргазмаларимизни безаб турган қадимий мис қозонлар ва нақшинкор капкирлар эса оддий рўзғор буюми доирасидан аллақачон чиқиб кетганига қарамай, асрлар давомида халқимизнинг дардини тинглаган, қувончига шерик бўлган бебаҳо маданий ёдгорликлар бўлиб қолаверади.

Шу боис, мутахассислар асрлар оша яшаб келаётган бундай йиғинларни мукаммал этномаданий ҳодиса сифатида эътироф этади. Зотан, унинг замирида адабиёт, мусиқа, хореография ҳамда тасвирий санъат унсурлари яхлит бирлашиб кетади. Бир маросимнинг ўзида ҳам ижодкор, ҳам иштирокчи, ҳам томошабин бўлиш имконияти мавжудлиги қадимий синкретик санъатнинг энг гўзал ва нодир кўринишидир. Бундай оммавий оқшомлар ҳозир ҳам ёш ижодкорлар, шоирлар ва бастакорлар учун илҳом чашмаси бўлиб хизмат қилади.

Бугунги тезкор ва глобаллашув жараёни жадаллашган мураккаб даврда миллий ўзликни англаш, асрий қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Жамият ўзлигини асраб қолувчи, одамларни ягона эзгу мақсад атрофида жипслаштирувчи бебаҳо омиллар орасида жамоавий маросимларнинг ўрни беқиёс экани янада равшан. Битта қозондан умид билан баҳраманд бўлиш ғояси аслида бутун бир миллат бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги ҳамда бағрикенглигининг ёрқин рамзи сифатида талқин этилади.

Жамиятимизнинг маънавий пойдевори юксалиб, мустаҳкамланиб бораётган айни кунларда мазкур маросимлар халқимиз қалбида миллий ғурурни юксалтиришга, ёшлар шуурида эса ватанпарварлик ва ўз тарихига ҳурмат туйғуларининг куртак ёзишига хизмат қилади. Давлатимиз томонидан миллий меросимизни асраб-авайлаш, халқ хотирасини тиклаш борасидаги оқилона сиёсат замирида ҳам айнан шундай ўлмас қадриятларни келажак авлодларга бус-бутун етказишдек улуғвор мақсад мужассам. Жипслашган халқ эса ўзининг минг йиллик маданияти, санъати ва эстетикаси билан ҳар қандай тарихий синовларни енгиб ўтишга қодир.

Баҳорнинг мусаффо нафаси, қозонларнинг қайнаши юртимизда барқарор тинчлик, осойишталик ва файзу баракадан дарак берувчи садо бўлиб янграйди. Халқимизнинг узоқ ўтмишдан омон келаётган бетакрор анъаналари эса миллий ўзликни англаш, маданиятимизни жаҳонга танитиш ва ўзаро меҳр-оқибат ришталарини бардавом сақлаш йўлидаги машъала сифатида ҳамиша порлаб туриши эса барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Асилбек ҚОЛҚАНОТОВ,

таянч докторант