Юртимизда муқаддас ислом дини анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, ҳақиқий эътиқод билан сохта диний қарашларни аниқ ажратиш, ёшларнинг ёт ғоялар таъсирига тушмаслиги чорасини кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада салмоқли ишлар қилинмоқда.

Ўтган йили 2 декабрда Буюк Британиянинг Кембриж университетида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларга бағишлаб ўтказилган тақдимотда дунёнинг етакчи олимлари мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасида юритилаётган сиёсат таҳсинга лойиқ экани, бу Марказий Осиёдаги барқарорликка катта ижобий таъсир кўрсатаётганини эътироф этгани ҳам юқоридаги фикрлар тасдиғидир.

Мамлакатимизда «Инсон қадри учун» деган ҳаётий тамойилга асосланган ислоҳотлар кўпмиллатли халқимизнинг фаол қўлловига эришмоқда. Бундай оқилона чора-тадбирлар самарасини диний соҳада яққол кўриб, ҳис қилиш мумкин. Жумладан, ўтган етти йилда 91 та масжид давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, ноисломий жамоаларнинг 23 та янги диний ташкилоти фаолият бошлади.

Виждон эркинлигининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси

Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлашнинг норматив-ҳуқуқий асослари тўлиқ янгиланди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон дунёвий давлат экани, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлиги эълон қилинди. Шунингдек, 2021 йилда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, диний ташкилотлар эмин-эркин фаолият юритишининг қонуний асослари кафолатланди. 2017 йилдан шу вақтга қадар диний-маърифий соҳа фаолиятини тартибга солишга оид 3 та қонун, Президентимизнинг 36 та фармон, қарор ва фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг 19 та қарори қабул қилинди.

Диний-маърифий соҳа ўта нозик ва мураккаб бўлиб, ушбу йўналишдаги ҳар қандай қарор узоқни ўйлаб, халқимиз таъбири билан айтганда, етти ўлчаб бир кесиш тамойили асосида қабул қилинмоқда. Айни вақтда халқнинг узоқ йиллик тарихий тажрибаси, эътиқодий ўзига хослиги, истиқболдаги орзу-интилишларини инобатга олмаган чора-тадбирлар ҳеч қандай наф келтирмаслигини ўтган йиллар тажрибаси кўп бора исботлади. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг диний соҳада қабул қилинадиган ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатни шошма-шошарликка берилмай, халқимиз манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилиш бўйича ташаббусларини оқилона тадбир сифатида баҳолаш мумкин.

Диний соҳада барқарор сиёсатнинг тайёр моделини четдан импорт қилиб бўлмайди. Албатта, бу борада халқаро тажриба муҳим аҳамиятга эга. Лекин ҳар қандай тажриба миллий-диний қадриятларимизни ҳурмат қиладиган, Ўзбекистоннинг кўпмиллатли ва кўп конфессияли шароитини ҳисобга оладиган, энг асосийси, миллий манфаатларимизга мос бўлиши лозим.

Глобал халқаро ташаббуслар дунё эътиборида

Ўзбекистон Президенти халқаро майдонда исломнинг эзгулик, илм-маърифат ва бағрикенгликка асосланган таълимотини очиб бериш, экстремизм, терроризм ва исломофобияга қарши курашишга қаратилган глобал ғоя ва ташаббусларни илгари сурмоқда.

Жумладан, 2016 йил 18 октябрда Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси йиғилишида Ўзбекистон етакчиси томонидан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифи билдирилди.

Президентимиз 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, халқаро майдонда ислом динига нисбатан кузатилаётган бир ёқлама салбий муносабатга нисбатан ўзининг қатъий позициясини ифода қилиб, жумладан, бундай деди: «Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади».

БМТ минбарида туриб давлатимиз раҳбари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида сўзлади. Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида «Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисида»ги махсус резолюция қабул қилинди. Резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний ­эркинликни ­таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу ташаббус ҳамжамиятга аъзо 100 дан ортиқ давлат томонидан қўллаб-қувватланди.

Таълимга асосланган ислоҳот пойдевори

Бугунги мураккаб ва таҳликали даврда замонавий таҳдидларга қарши тура оладиган, чуқур билим ва кенг дунёқарашга эга мутахассислар тайёрлаш вазифаси долзарб аҳамият касб этмоқда. Ана шу мақсадда ­Ўзбекистонда диний таълим муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга ­эътибор қаратилмоқда. 2018 йилда Ўзбекистон халқаро ислом академияси таъсис этилди. Академия мамлакатда исломшунослик, диншунослик, манбашунослик соҳаларида кадрлар тайёрловчи таянч таълим муассасасидир.

Бундан ташқари, имом-хатибларнинг билим ва касбий малакасини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг малака ошириш маркази ва унинг 4 та ҳудудий филиали фаолияти йўлга қўйилди. Унда ҳар йили юзлаб имом-хатиб бугунги талаблардан келиб чиқиб, билим ва кўникмасини оширмоқда.

Буюк аждодларимиз асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш мақсадида Самарқандда Ҳадис илми мактаби ташкил этилди. Бухоро вилоятидаги машҳур диний таълим ­муассасасининг мусулмон дунёсидаги ўрни ва нуфузи, диний ходимлар тайёрлашдаги аҳамияти ­эътиборга олиниб, Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Мазкур мадраса фаолияти давомида нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё давлатлари учун ҳам диний ва дунёвий билимларни пухта ўзлаштирган кадрлар етиштириб берган. Бугунги Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлардаги нуфузли уламолар, дин арбоблари айнан Мир Араб мадрасасининг битирувчиларидир.

Шунингдек, қадимий Термиз заминида буюк муҳаддис Имом Термизий номи билан аталадиган янги халқаро илмий-тадқиқот маркази, институт ва диний таълим муассасаси фаолият бошлади. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва бошқа термизий алломаларнинг 30 дан зиёд асари ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилди.

Мусулмонлар эътиқодини тўғриловчи, ҳидоятга бошловчи деган улуғ шарафга муяссар бўлган аждодимиз, аллома Имом Мотуридий илмий меросининг бугунги долзарб аҳамиятини эътиборга олиб, 2020 йилда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил қилинди. Ҳозирга қадар марказ томонидан буюк аждодимиз қаламига мансуб «Таъвилот ал-Қуръон», «Китоб ат-Тавҳид» асарлари ўзбек тилига таржима қилинди.

Мазкур марказлар халқимиз ва мусулмон аҳлига ислом динининг асл таълимотларини етказишга хизмат қилмоқда. Ёшларнинг ёт оқимлар таъсирига тушишининг олдини олиш, уларни илм-фанга рағбатлантириш, юксак ахлоқий қадриятлар асосида тарбиялашда «Жаҳолатга қарши маърифат» эзгу ғояси асосида фаолият юритувчи ушбу муассасалар муҳим аҳамиятга эга.

Диний соҳага юксак эътибор ва ғамхўрлик

Ўзбекистонда диний соҳа ходимлари, жумладан, имом-хатибларнинг жамиятда аҳиллик ва барқарорликни мустаҳкамлашдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зиёратгоҳлар, масжидлар, диний таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш ­мақсадида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан дину диёнатимиз, улуғ алломаларимизга ҳурмат рамзи сифатида 500 дан ортиқ масжид ва мадраса, табаррук зиёратгоҳлар таъмирланди. Хусусан, Тошкент шаҳрида «Имом Термизий», «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф», «Сузук ота», Қарши туманида «Абу Муин Насафий» масжид мажмуалари, Наманганда Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд ва етти пир зиёратгоҳлари каби кўплаб табаррук манзилларда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

Худди шундай бунёдкорлик ишлари Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасида ҳам жадал давом этмоқда. Муҳаддислар имомининг қабри жойлашган ушбу гўзал мажмуа 2025 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Ушбу табаррук макон дунё мусулмонларининг эъзози, эътибори ва эҳтиромидаги манзилга айланади.

Бундай бунёдкорлик ишларидан кўзланган асосий мақсад буюк ўтмишни ҳозирги кун билан боғлаш орқали халқимизнинг маънавий салоҳиятини оширишдир.

Бағрикенглик ва миллий тажриба

Мовароуннаҳр — ҳозирги Ўзбекистон замини илм-фан ва маданиятнинг тарихий марказларидан бири бўлган. Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби алломалар, буюк мутафаккирлар ўз даврида Шарқда Биринчи ва Иккинчи Ренессансни бошлаб берган.

Ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим мақсади — Ўзбекистоннинг инсоният цивилизациясига қўшган буюк ҳиссасини тарғиб қилиш орқали ёшларни маърифатга рағбатлантириш, инновацион ривожланишнинг бой миллий меросга асосланган янги тараққиётига йўл очишдир.

Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот марказлари томонидан дунёнинг етакчи исломшунослик марказлари билан ҳамкорликда буюк алломаларимизнинг илмий меросига бағишланган халқаро конференциялар ўтказилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилда Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд, 2020 йилда Имом Мотуридий, 2024 йилда Имом Термизий илмий меросига бағишланган халқаро анжуманларда жаҳоннинг 100 дан зиёд нуфузли уламоси, илмий доира вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида илгари сурилган ташаббус доирасида ўтган йили Тошкент ва Хива шаҳарларида «Ислом — тинчлик ва эзгулик дини» мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди. 22 мамлакатдан 70 дан ортиқ дин арбоби, муфтий ва таниқли уламолар иштирок этган ушбу нуфузли анжуманда жаҳонда тинчлик ўрнатиш, уруш ва можароларни тинч йўл билан ҳал этиш зарурати таъкидланди, диний бағрикенгликни таъминлаш бўйича мамлакатимиз тажрибаси намуна сифатида кўрсатилди.

Душман эмас, дўст тутиш сиёсати

Сўнгги йилларда мамлакатимизда турли ёт оқимлар таъсирига берилиб, қилган ишидан пушаймон бўлган фуқаролар ижтимоий қўллаб-қувватланиб, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам берилмоқда. Қилган хатосини англаб етган ва тузалиш йўлига кирган шахсларнинг оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтишига имконият яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг кечиримлилик ва юксак инсонпарварлик сиёсатининг амалдаги инъикосини Сурия ва Ироқдан мамлакатимизга қайтарилган юртдошларимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. «Меҳр» номли махсус операциялар доирасида 500 га яқин аёл ҳамда болалар уруш ўчоқларидан юртимизга қайтарилди.

Бу ишлар жамиятда радикализм ва экстремизмнинг олдини олиш, халқимиз, хусусан, ёшларнинг исломнинг бунёдкорлик, илм-маърифат ва асл инсонийликка йўғрилган таълимотини тўғри англаб, унга амал қилишига эришишда ғоят муҳим ўрин эгаллади.

Одамларнинг билими, дунёқарашини оширмай туриб, барқарор маънавий муҳитни таъминлаш амри маҳол. Бинобарин, экстремистик ва террорчи ташкилотларнинг фаолият услубига эътибор берилса, улар асосан жамиятнинг заиф ижтимоий қатламлари, билим савияси паст, танқидий фикрлаш салоҳиятига эга бўлмаган тоифадаги шахслар билан ишлашга диққат қаратиши аён бўлади.

Шу боис, мамлакатимизда таълим тизимига катта эътибор қаратилиши, айниқса, мактаб таълимини ривожлантириш, ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар узоқни кўзлаган, стратегик аҳамиятга эга ишлардан бири эканини кўриш мумкин. Мазкур соҳадаги ютуқ ва муваффақиятлар халқаро миқёсда нуфузли экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилаётир.

Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, дин асосларини чуқур тушунадиган малакали кадрлар тайёрлашга замин яратиб, жамиятда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлашга хизмат қилмоқда.

Шаҳзод ИСЛОМОВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, исломшунос