Айни кунларда пойтахтимиздаги “Тараққиёт стратегияси” марказида “Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳафталиги” доирасида қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан  ташкил этилган “Барқарор ривожланиш мақсадида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш” мавзусида ўтган давра суҳбати  ҳам шу масалаларга бағишланди.Тадбирда қайд этилганидек, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги 6-мақсад сифатида “Барча учун сув ресурслари ва санитариянинг мавжудлиги ҳамда улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш чораларини кўриш” белгиланган.

Ушбу мақсаднинг дастлабки вазифаси “2030 йилгача иқтисодиётнинг барча секторларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли ошириш” доирасида иқтисодиёт тармоқлари ва атроф-муҳитнинг сувга муттасил ошиб бораётган эҳтиёжини қондириш учун зарур шарт-шароит яратиш, сув хўжалиги объектларининг ишончли ва хавфсиз ишлашини, сув ресурсларини самарали бошқариш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги Фармони билан Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди.

Концепциянинг устувор йўналишларидан бири сув ресурсларини комплекс бошқариш, аҳолини кафолатли сув билан таъминлаш, сув сифатини яхшилаш ва атроф-муҳитнинг экологик мувозанатини сақлаш тамойилларини жорий этишдир.

Концепциянинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, бугунги кунда суғориш тизимларининг фойдали иш коэффициентини 0,63 дан 0,73 гача ошириш, сув таъминоти паст даражада бўлган суғориладиган ер майдонларини 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтириш ҳамда 100 та йирик сув хўжалиги объектларида сувни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган умумий майдонни 2,0 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 500 минг гектаргача етказиш чораларни кўрилмоқда.

Таъкидланганидек, яна бир асосий йўналиш, сув ресурсларини трансчегаравий ҳамкорлик бўйича давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати, саъй-ҳаракатлари натижасида қўшни давлатлар билан йўлга қўйилган ўзаро дўстона ва ишончли алоқалар Марказий Осиё минтақасидаги трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланишга мустаҳкам замин яратди. Қўшни давлатлар билан сув хўжалиги соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида икки томонлама Ишчи гуруҳлар фаолият юритмоқда. Шунингдек, давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси доирасида ҳам ҳамкорлик амалга оширилаяпти.

Сўнги йилларда Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик ва эришилган келишувлар натижасида Сирдарё ҳавзасида, Туркманистон билан ҳамкорликда Амударё ҳавзасида сув таъминоти даражаси яхшиланиб, суғориш мавсумларини муваффақиятли ўтказишга эришиб келинмоқда.