Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббусига асосан ишлаб чиқилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция бир овоздан маъқулланган эди.
Ушбу ҳужжат Ўзбекистонда “Инсон қадри, манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига ҳамоҳанг бўлиб 2030 йилгача бўлган даврда мамлакатимизнинг глобал кун тартибининг ҳаётга татбиқ этилишига хизмат қилади.
Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистонда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича мутлақо янги механизм жорий этилди, ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар амалга оширилди. Глобал барқарор ривожланиш мақсад ва вазифалари ҳамда уларнинг индикаторлари миллий хусусиятларимиздан келиб чиқиб, қайта ишланди. Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишда “ҳукумат – парламент – фуқаролик жамияти институтлари” концепцияси яратилди.
Ушбу концепция асосида ҳукумат, парламент ва фуқаролик жамияти институтлари иштирокида 2020 йилда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга доир биринчи ихтиёрий миллий ҳисоботи тайёрланиб, БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий кенгаши томонидан ўтказилган олий даражадаги сиёсий форумда тақдим этилди. Худди шу механизм асосида ҳозирда иккинчи ихтиёрий миллий ҳисобот лойиҳаси тайёрланмоқда.
Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда манфаатлар мувозанатининг самарали механизми яратилди, соҳада парламент назорати ўрнатилди.Миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилди. Ўтган давр мобайнида Парламент комиссияси томонидан 10 та миллий мақсад ва унинг 51 та вазифаси ҳамда 81 та индикатори бўйича ҳудудларда барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг бажарилиши ҳолати ўрганилди.
Ўрганиш якуни юзасидан Парламент комиссияси мажлисларида 28 та вазирлик ва идора, шу жумладан Мувофиқлаштирувчи кенгаш раҳбаринингахбороти эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Маъруза ва муҳокамалар мобайнида экспертлар томонидан давлатимиз раҳбари сўнгги етти йил ичида БМТ Бош Ассамблеяларида умумбашарий муаммолар ечимига оид 10 дан зиёд ташаббуслар билан чиққани ва энг муҳими мазкур ташаббусларнинг барчаси Бош Ассамблея томонидан тўла қўллаб-қувватланди ва тегишли резолюциялар қабул қилинганлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва конструктив ташқи сиёсати халқаро ҳамжамият ва жаҳоннинг барча илғор мамлакатлари томонидан якдил эътироф этилишидир.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда Парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масалада мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Тадбир доирасида Барқарор ривожланиш маркази ННТ ҳамда Фридрих Эберт номидаги жамғарма (Германия) ҳамкорлигида амалга оширилган “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш орқали жамиятнинг барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида хабардорлигини ошириш” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Давра суҳбатининг натижасига кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгаши ва Олий Мажлис Сенати кенгаши қарорида белгиланган вазифаларни амалга оширишда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири