Президентимизнинг Сурхондарёга ташрифи табиийки, ўзгача шукуҳ уйғотди. Ташрифдан олдинроқ давлатимиз раҳбарининг 8 март —  Халқаро хотинқизлар куни байрами муносабати билан қутловидан кўнглимиз тоғдек юксалган эди. Жумладан, табрикдаги “...оила таянчи, жамият устуни бўлган оналаримиз, аёлларимиз ҳаётдан рози бўлса, бутун халқимиз ҳаётдан рози бўлади. Халқ рози бўлса, яратганимиз ҳам биздан рози бўлади”, деган пурмаъно фикрлар мамлакатимизнинг келгуси тараққиётида аёлқизларнинг жамиятдаги фаол иштироки нечоғлиқ муҳим эканига яна бир ишора бўлди.

Сурхон воҳасида қарийб 1 миллион 400 минг хотин-қиз истиқомат қиляпти. Шулардан 3,2 фоизи раҳбар лавозимларда ишлайди, 13,2 фоизи қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасида фаолият юритаётир. Демоқчи бўлганимиз бугун аёллар ҳам салоҳияти ва меҳнатсеварлиги билан юрт равнақи йўлида меҳнат қилаётир. Давлатимиз раҳбари байрам табригида аёл-қизларга нисбатан мутафаккир жадид бобомиз Абдурауф Фитратнинг “Оналар бутун башариятнинг тарбиячиларидир” деган иборасини қўллаб, жумладан, шундай деди: “Дарҳақиқат, оилада бир нафар қиз ўқиб, олий маълумотга, замонавий касб-ҳунарга эга бўлса, хонадондаги муҳит бутунлай ўзгаради. Биз шу мақсадда хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим дастурни қабул қилдик”.

Мана шу эътибор туфайли бугун вилоятимизда 3 минг 658 нафар қиз олий таълим муассасаларига имтиёзли — 4 фоизли квота асосида ўқишга қабул қилиниш учун тавсияномага эга бўлди. Улардан 155 нафари ўқишга имтиёзли қабул қилинди. Давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини ошириш мақсадида 1 минг 701 нафар фаол аёллар захирага олинди. Сурхон воҳасидаги 723 маҳаллада аёл-қизлар билан ишлаш қизғин кечмоқда.

Президентимизнинг 2022 йил 29 июндаги “Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари иши “Маҳаллада ижтимоий хизмат” модули асосида йўлга қўйилган.

Бу, ўз навбатида, аёллар муаммоларини тез ва сифатли ечиш учун асқотмоқда. “Маҳаллада ижтимоий хизмат” модули орқали маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларига бириктирилган ҳар битта оила билан бирламчи баҳолаш ишлари ўтказиш натижаси паст, ўрта ва юқори хатар даражасида бўлган хонадонлар аниқланди. Шу каби аниқлашлар асосида “Аёллар дафтари”га киритилган 41 минг 222 нафар хотин-қизнинг қарийб ҳаммасига амалий ёрдам берилди.

Айниқса, уй-жойга муҳтож мингдан зиёд аёлнинг бошпана билан таъминлангани катта ишлардан бўлди. Яна 402 нафар аёлнинг эса уй-жойи таъмирланди. Энг муҳими, бу ишлар манзилли ва изчил бажарилди. Масалан, Қумқўрғон тумани “Юксалиш” маҳалласидаги аёллардан икки нафари доимий иш ўрнига эга бўлди. Бир нафарига субсидия ва яна бир нафарига имтиёзли кредит асосида тикув машинаси берилди.

Худди шундай ҳолатни мазкур туманнинг Янгиер маҳалласида қилинган ишларда ҳам кўриш мумкин. “Аёллар дафтари”га киритилган 45 аёлнинг муаммоларига ечим топилди. Шеробод туманида ҳам ўтган йили “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 2 минг 479 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 13 нафари доимий, 45 нафари вақтинчалик ишга жалб этилди, 585 нафарига субсидия ажратилди, 81 нафари касб-ҳунарга ўқитилди.

Бундай кенг қамровли ишлар воҳада давом этмоқда. Яқинда Шўрчи туманининг Бахшитепа маҳалласида 2 нафар фарзанди билан онасиникида яшаб келган, боқувчиси йўқ, ногирон боласи бор Норхол Камоловага янги уй қуриб топширилди. Аёлнинг мижжаси тўлиб “Уй-жойим бўлишини орзу қилардим, лекин бунга ишонмасдим. Мана ниятимга етдим. Президентимизнинг биз аёлларга, қолаверса, кўнгли ўксик болаларга эътибори туфайли бошпанали бўлдим. Адолат бор экан, мен каби қийналганлар ҳам меҳр-муҳаббат билан сийланар экан. Беҳисоб шукр”, деганларини эшитиб дийдамизни тутиб туролмадик.

Ҳақиқатан ҳам одам боласи учун қишда совуқдан, ёзда жазирамада ҳимоя қиладиган, болаларига пана бўладиган уйдек азиз моддият йўқ. Шу маънода Сариосиё туманидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож 35 та ва Қизириқ туманидаги 30 та оилага уй-жойларнинг топширилгани ҳудуд аёллари учун катта совға бўлди. Шунингдек, Термиз шаҳри Мажнунтол маҳалласида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчиси йўқ, ногирон ва эҳтиёжманд оилаларга 100 та уй-жой топширилгани ҳам воҳадаги Норхол Камолова сингари оналарнинг кўнглини тоғдек кўтарди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 август даги “Оқила аёллар” ҳаракати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, воҳада “Оқила аёллар” гуруҳи шакллантирилди. Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ва ҳудудий бўлимларда фаол, ташаб бускор аёллардан иборат жамоатчилик ҳаракати бугун кенг қулоч ёзиб фаолият юритмоқда.

Бугун Сурхон воҳасидаги аёл-қизлар юзидаги баҳорий кайфият, мамнунлик ва кўтаринкилик ифодаси бежиз эмас. Уларни бундан-да саодатли, ёруғ кунлар кутаётгани шубҳасиз. Чунки кафти фақат дуо учун очилган, тилидан шукрона тушмайдиган мушфиқ оналаримиз, мунис опа-сингилларимиз, дилбар қизларимиз шунга муносиб.