Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ёнғин ҳақидаги хабар Москва вақти билан соат 00:53 да келиб тушган. Ўт ўчирувчилар етиб келганида ёғочдан қурилган бино батамом ёниб бўлганди. Аланга 72 метр/квадрат майдонни эгаллаган, деб хабар беради Россия Федерацияси ФВВ матбуот хизмати.
Абзелиловск райони раҳбариятининг хабарига кўра, ёниб кетган бинода 16 киши бўлиб, уларнинг беш нафари қутқарилган. Қутқарилганлардан бири сурункали касаллиги туфайли шифохонага ётқизилган.
Фавқулодда вазиятлар хизматининг хабарида таъкидланишича, дастлабки маълумотларга қараганда, панционат ходимлари қутилиб қолган, фақат шу ерда турадиган қариялар қурбон бўлган.
Тергов қўмитаси эҳтиётсизлик туфайли ўлим ҳолати келиб чиқиши бўйича жиноят иши қўзғаган.
Манбанинг хабар беришича, панционат бу ерда одамларнинг яшаши учун лицензияга эга эмас экан. ФВВ нинг ҳудудий бошқармаси маълумотга кўра, бино шахсий хонадон сифатида фойдаланилган ва бу ерда ўт ўчириш тизими йўлга қўйилмаган.
Ёнғин эса оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш туфайли келиб чиққан.
Абзелиловск районида фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Ҳуқуқни муҳофаза этиш органи манбаси қурбон бўлганларнинг барчасининг шахси аниқланганлиги тўғрисида хабар берди.
Башкирия раҳбари Радий Хабиров ҳудуддаги қариялар учун яратилган барча муассасаларини текшириб чиқиш ҳақида топшириқ берди.
Район раҳбарияти ва ФВВ панционатдаги ёнғин қурбонларининг қариндошларини қидиришни бошлаган, деб хабар беради ТАСС.