2018 йил катта экранларга чиққан бу фильмда Бахшилло аканинг роли ҳам, фильмнинг бурилиш нуқтасида ҳал қилувчи ҳаракатни амалга оширади.
Унинг қаҳрамони Бахшилло ака бадавлат тадбиркор бўлиб, самимий, оқибатли инсон. У қўшниси қочувда бўлган вақтида унинг онасини ҳолидан мунтазам хабар олиб, ҳаттоки вафот этгач, қабрга ҳам ўзи қўйиб инсонийлик бурчини адо этган. Умр бўйи фарзандлари яхши яшашлари учун тинимсиз меҳнат қилиб, уларни тўла-тўкис моддий таъминлаган, билим олишлари учун ҳамма имкониятларни яратиб берган ота.
Аммо, у тўнғич фарзанди ўғлининг кўнглига қараб иш тутишни ҳоҳламайди! Ўғлига етарлича меҳр бера олмаган ва афсуски, ўзи буни тан олишни истамайди. Ўғли у танлаган касбдан боришини ва у истаган инсон бўлишини ҳоҳлайди. Натижада ота ва ўғилнинг истаклари бир-бирига қарама-қарши келади. Бу эса, ўғилнинг уйдан кетишига ва кейинчалик ўзи истамаган ишларни қилиб, мураккаб вазиятларга аралашиб қолиб, муаммоларга дуч келишига сабаб бўлади. Албатта, ота сифатида у ўз фарзандига асло ёмонлик истамайди, фақат яхшилик ва уни келажакда моддий тарафлама ўзи каби бадавлат инсон бўлишини истайди. Аммо, ўғлининг орзу-истаклари, унинг ҳоҳишлари билан қизиқмайди.
Кейинчалик Бахшилла аканинг қаҳрамони ўғлининг ёлланма куёв бўлган суратини кўриб қолиб, уни ростдан ҳам мени розилигимсиз уйланди, деб ўйлаб эзилади. Аммо, ўғлига бўлган оталик меҳри туфайли уни излашга тушади. Ўғлини топиш учун бир нечта инсонларга мурожаат қилишига ҳам тўғри келади.
Ниҳоят, ўғлини ўқ еган ҳолда, табиб аёлникидан топган отанинг ҳолати, оталик меҳрини актёр маҳорат билан ижро қилган бўлиб, фарзанди ўзига келиб кўз очган дақиқаларни таъсирли ифода этади.
Фильм давомида ўғлининг бошига тушган муаммолар, Бахшилло аканинг ҳам, фикрларини ва дунёқарашини ўзгартириб юборади. У ўғлига ота сифатида ҳаёт берган бўлса ҳам, аммо унинг ҳаётига мутлақ хўжайин бўла олмаслигини тушуниб етади. Шу билан бирга моддий маблағ, меҳр ва маънавий бойлик ўрнини боса олмаслигини ҳам ҳис қилади.
Актёр Бахшилло Фатуллаев ижросидаги ота роли, ҳар қандай томошабинни бефарқ қолдирмайди.