Учрашув давомида Ўзбекистон ва Бразилия ўртасидаги сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, ҳамкорликдаги ҳали фойдаланилмаган салоҳиятни рўёбга чиқариш, қишлоқ хўжалиги, логистика, таълим, маданий-гуманитар алмашинувлар ҳамда туризм соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Бразилия ишбилармон доиралари вакиллари иштирокидаги бизнес-форум ва давра суҳбати натижалари олқишланди. Унда Бразилиянинг “Embraer”, “WEG”, “Petrobras”, “ABIEC”, “ABPA”, “ApexBrasil” каби етакчи компаниялари ва уюшмалари B2B ва B2G форматларида қатор учрашувлар ўтказди.

Шунингдек, БРИКС, БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Бразилия Лотин Америкасидаги муҳим ва ишончли шерикларимиздан бири сифатида қадрланади. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни аниқ амалий лойиҳалар ва янги ташаббуслар билан бойитишга келишиб олинди. Бразилия ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.