Наманган вилоят судлари томонидан инсонпарварлик ва бағрикенгликка йўғрилган сиёсат туфайли турли хил сабаблар билан тўғри йўлдан адашган, жиноий қилмишларга қўл урган бўлсада, хатосини тушуниб, айбига чин кўнгилдан пушаймон бўлган аёлларга енгиллик берилмоқда.
Хусусан, 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддаси талаблари асосида жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш юзасидан Ички ишлар органлари Пробация гуруҳлари томонидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.
Наманган вилоят, туман (шаҳар) жиноят судлари томонидан 21 нафар аёл тузалиш йўлига қатъий ўтганлиги сабабли муддатидан аввал жазодан шартли озод этилди.
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Норин туман суди томонидан ўғрилик жиноятини содир этган икки нафар аёлга инсонпарварлик тамойили асосида қонунда белгиланганидан ҳам енгил жазо тайинланган.
Янгиқўрғон туман суди томонидан икки нафар аёл ярашув институти асосида судда яраштирилган. Жумладан, Янгиқўрғон туманида яшовчи вояга етмаган Ш.Г. 2020 йил 11 ноябрь куни туман марказида жойлашган деҳқон бозори ёнида «Бешбулоқ» МФЙда яшовчи Я.Г. билан ўзаро жанжаллашиб қолган. Г.Я. Ш.Гни ҳақоратлаганидан ва унинг юз аралаш кўз қисмига урганидан норози бўлади ва Ш.Г. ҳам жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай Г.Яни уриб тан жароҳат етказган. Янгиқўрғон туманлараро тиббиёт экспертизасининг 13 ноябрдаги хулосасида Г.Я. бош мия ёпиқ шикасти, мия чайқалиши, бурун суяги синиши, ўнг кўз пастки қовоқ, чап ёноқ соҳаси сидирилгани, чап кўз қовоқёноқ, бошнинг энса соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши натижасида енгил жароҳат эканлиги кўрсатилган.
Олиб борилган тергов ва суриштирув ишлари сўнг Ш.Гга ва Г.Я.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман суди томонидан ушбу жиноят ишига атрофлича ҳуқуқий баҳо берилиб, аёллар айёми арафасида уларнинг ярашиб олишларига имкон яратилади ва ярашувнинг мазмун-моҳияти тушунтирилади.
Судда Ш.Г. ва Г.Ялар ўзаро ярашиб олишади. Суд судланувчилар аёл киши эканлигини, Халқаро хотин-қизлар санасини инобатга олган ҳолда ишни Жиноят кодексининг 61-1-моддасига кўра ярашув билан тугатади.
Энг муҳими, суд томонидан жиноят содир этган, бироқ қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини англаган ва ахлоқан тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга жамият ва ўз оиласига фойдаси тегадиган иш билан шуғулланишига имкон берилганлиги халқимизнинг кечиримлилик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларининг рўёбга чиқарилиши билан бир қаторда ҳаётда ўз ўрнини топишга, эл-юрт тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшишларига яна бир ишонч ва имкондир.
Наманган вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.