Президентнинг “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, оилаларнинг эҳтиёжмандлигини аниқлашда жон бошига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад мезони оширилади.

Жумладан, электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича компенсация тайинлашда мазкур мезон минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан 2 баробаригача оширилади.

Кўмир сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун моддий ёрдам ажратишда ҳам даромад мезони 1 баробардан 2 баробаргача кўтарилади.

Шунингдек, «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан коммунал харажатларни қоплаш, коммунал тўловлар бўйича қарздорликни бартараф этиш ҳамда кўмир ёки бошқа ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлаш харажатларини қоплашда ҳам ушбу мезон 1 баробардан 2 баробаргача оширилади.

Бундан ташқари, аҳолига электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича базавий меъёр доирасидаги тарифлар билан меъёрдан ортиқ истеъмол учун белгиланган тарифлар ўртасидаги фарқни компенсация қилиш муддати 2028 йил 1 апрелга қадар узайтирилади.

Кўмир сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун моддий ёрдам тўлаш муддати эса 2029 йил 1 январга қадар давом этади.