Байрам аввалида тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан болажонларни қутлади. Сўнгра санъаткорлар, болажонлар ва мактаб ўқитувчи-педагоглар ижросида концерт дастури бўлиб ўтди.
— Таълим масканимиз Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болажонларнинг мактаб таълимидаги узлуксизликнинг таъминлаш мақсадида ташкил этилган. Масканимизда боғча ёшидаги, яъни 1 ярим ёшдан 7 ёшга қадар бўлган болалар ҳамда 1-синфдан то 11-синф ёшидаги ўқувчиларга таълим-тарбия берилади. Таълим муассасасида ўқувчиларга барча шароитлар яратилган. Айни вақтда таътилнинг илк кунлари бошланиб, мактабимизда робототехника, расм, мусиқа тўгараклари фаолият юритмоқда. Дарс ва тўгараклардан бўш вақтларда ўқувчилар учун турли тадбирлар ташкил этилади. Бугун ташкил этилган тадбир доирасида ҳар бир ўғил-қизимизга совғалар топширилиши уларнинг кайфиятини янада кўтарди, — деди “Меҳрли мактаб” давлат таълим муассасаси директори Нигора Алимова.
Эслатиб ўтамиз, “Меҳрли мактаб” фаолияти Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болаларга узлуксиз таълим жараёнларини ташкил этиш мақсадида йўлга қўйилган.