Боиси, уларда ўша халқнинг шонли ўтмиши ва буюк келажаги, асрий анъана ва урф-одатлари ўз аксини топади. Ана шундай рамзлардан бири бу — давлат байроғидир.

18 ноябрь — “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган кун. Давлат байроғи Ўзбекистон давлат суверенитетининг рамзидир.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида Давлат байроғи қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод ҳамда “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири, шоир Сирожиддин Рауф ҳамда Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Республика маърифат тарғиботчилари ташкилоти аъзоси, истеъфодаги полковник Зикрилла Неъмат, Академиянинг профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар, курсантлар ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар озод ва обод Ватанимиз — Ўзбекистоннинг байроғи бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъала экани ҳамда Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли бўлиш билан бирга миллат байроғи сифатида юксак эъзозланиши хусусида фикр билдирдилар. 

Тадбир сўнгида Миробод туманидаги 154-умумтаълим мактабининг 2-“А” синф ўқувчиси Музаффарбек Қаюмов ижросидаги "Ватан байроғи" қўшиғи ҳамда Академиянинг “Маънавият ва маърифат” маркази бошлиғи, подполковник Савриддин Нажмиев раҳбарлигидаги оркестр жамоаси томонидан ижро этилган жонажон Ватанимиз ва байроғимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар иштирокчиларда илиқ тассурот қолдирди.

— Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни мардона ўташ учун байроғимизни ўпиб қасамёд қилаётган ҳарбийларимизнинг қалбидаги оловни, кўзларидаги мардликни кўриб, фахрланамиз, — дейди майор Озодбек Шукуров — Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Ҳар бир инсон онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсоллари бўлган давлат рамзларини улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. 

Фарҳоджон ХОЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси 

ФВВ Академияси катта 

ўқитувчиси, капитан