Жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам усули жадид мактаби зарурлиги, унинг қонун-қоидалари, мактабда ўтиладиган дарслар, қандай имтиҳонлар олиниши, мактабни қай тарзда тузиш, унга қандай жиҳозлар кераклиги, муаллимларнинг вазифалари, уларнинг таъминот масалалари ва бошқа кўп жиҳатларини Исмоил Гаспиралидан ва унинг асарлари ҳамда мақолаларидан ўрганди.

Шулар асосида Туркистонда усули жадид мактабларини ташкил этиш учун бор кучини сарфлади. Нафақат ташкил этиш, балки шу мактабларни китоб билан таъминлашда ҳам жонбозлик кўрсатди. Самарқанднинг эски шаҳар қисмида бепул кутубхона, қироатхона, ўз ҳовлисида мактаб очди. 1918 йилда Самарқандда Мусулмон ишчи ва деҳқон шўроси тузилганда Беҳбудий маориф комиссари этиб тайинланади.

Шунда у янги мактаблар тармоғини янада кенгайтиради. Ўқув режалари тузиш, янги дарсликлар яратиш, ўқитувчилар тайёрлайдиган курслар очиш каби ишларини ривожлантиради. Усули жадид мактабларида ҳамма ўқиш ҳуқуқига эга бўлган. Чор Россияси амалдорлари бу пайтда Туркистондаги янги усулдаги мактабларни бирор айб топиб дарҳол ёптирарди. Чунки подшо ҳукумати “бегона халқ”нинг қисман бўлса ҳам илмли, маърифатли бўлишини, дунёвий билимларни ўрганишини истамасди.

Янги усул мактабларини фақат подшо ҳукумати эмас, балки маҳаллий руҳонийлар, эски мактабнинг домлалари ҳам ёқтирмас эди. Улар янги усул мактаблари “ислом динига рахна солади”, деб ташвиқот юритар эди. Бундай қараш ва тўсиқларга қарамасдан Беҳбудий ва маслакдошлари усули жадид мактабларида Туркистон фарзандларини ўқитиш ишларини жадал суръатда олиб борари.

Махмудхўжа Беҳбудийнинг усули жадид мактаби икки босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқич ибтидоий қисм деб номланган. Унда таҳсил муддати тўрт йил бўлган.

Биринчи йили форсча-арабча ёзиш ҳамда ўқиш ўргатилган. Суралар ёд олдирилган. Ҳисоб дарси ўқитилган. Умуман, ўқувчилар бир йил давомида ёзиш-ўқишни тўлиқ ўрганган. Иккинчи йили ҳафтияк, иймон дарси, форсий, туркий ва арабий шеърлар, қасидалар ўқитилган.

Учинчи йили Қуръони карим, ислом ибодати, тажвид, Саъдийдан насиҳатлар, форс ва турк тили пухта ўргатилиб, иншолар ёздириларди. Ҳисобдан турли тақсимот ва иш юритиш каби зарурий жиҳатлар ўқитилган. Тўртинчи йили эса каломи шариф, муфассал тажвид, форсий ва туркий назм ва наср, ахлоқ дарси, турк ва форс тили, ҳисоб тарих, жуғрофия ўқитилган. Бу тўрт синфни тамомлаган болаларни муаллимларнинг ўзи тақсимлаган.

Хоҳласа, иккинчи босқичга қолдирар, ўзлаштиришига қараб мадрасага юборарди. Боланинг ўзи истаса, Европа мактабларига юборар ёки тирикчилик учун ишлашга йўлланма берарди.

Мактабнинг иккинчи босқичи рушадия бўлиб, унга ибтидоий қисмни тамомлаганлар ўтказилар эди. Бу босқичда биринчи йили араб тили, жуғрофия, шафақия, форс тили, таржима жумла мухтасар, тарихи анбиё ва ислом тарихи, Саъдийнинг “Гулистон”, турк тили ўқитилган.

Иккинчи йили араб тили, шифоҳия, тарих, ислом ахлоқи, турк тили, ҳисоб, форс ёзуви ва ҳоказолар ўтилган. Учинчи йили араб тили, ҳисоб, хат ёзиш, тарих, туркий тил, рус тили ўқитилган. Тўртинчи йили араб тили, қозихона ёзишмалари, турк тили ва адабиёти, саломатлик, мактаб ва ҳаёт, ахлоқ ва бошқа кўпгина ҳаётий дарслар ўқитилган.

Беҳбудий мактабида ҳар йилнинг охирида тантанали имтиҳонлар ўтказилган. Уларга, албатта, ота-оналар ва бошқа меҳмонлар ҳам таклиф қилинган. Бу, биринчидан, усули жадид мактабларини кўпроқ тарғиб қилиш ва ўқитиш тартибларини кўрсатишга хизмат қилган. Иккинчидан, оила ва мактаб ҳамкорлигини амалга ошириш эди.

Саккиз синф, яъни икки босқични тамомлаган ўқувчи арабча, форсча ва туркчада бемалол сўзлаб ёзарди. Русчани ҳам ўқиб, бемалол гаплаша оларди. Туркистондаги маҳкамаларнинг барчасида ишлашга салоҳияти етарди. У мактабда муаллимлик ҳам қила олар, тижорат билан ҳам шуғулланар, ҳатто муҳаррирлик ҳам қўлидан келарди.

Ҳар йилги имтиҳонларга барча жойдаги вакилларга хат юборилиб, таклиф этиларди. Лекин кўпчилик мактабнинг ютуқларини кўра олмаганидан келмасди. Беҳбудий: “Келиб кўрсунлар, дуруст бўлса, ривож берсунлар, нодуруст бўлса, далил ила исбот қилсунлар... мақсадимизда хизматдан ва миллатдан бошқа нарса йўқдур”, дер эди.

Усули жадид мактабини йўлга қўйиш осон кечмади. Беҳбудий ва Шакурий бунинг учун барча мусулмон тараққий этган шаҳарлардаги мактабларни ўрганди. Мустамлакачилик даврида Туркистоннинг истиқболи учун ўз ҳовлисида илм-маърифат ўчоғини очгани учун Беҳбудийнинг бошида неча-неча таёқлар синди. Шунга қарамасдан жафокаш муаллим усули жадид мактабини қаттиқ туриб ҳимоя қилди. Унинг мактабига чор рус инспекторлари келиб тафтиш ўтказганида жуғрофия, тарих ва ҳисоб китобларини отхонанинг охури тагига яшириб қўйган.

Беҳбудий бутун вужуди билан муаллим эди. Унинг ўзи ҳам юқори синф ўқувчиларига жуғрофия ва тарихдан сабоқ берган. Миср, Туркия, Қозон ва бошқа жойлардан олиб келган турли янги-янги китобларини юқори синф ўқувчиларига, энг яхши ўқиганларга ҳамда муаллимларга тортиқ қиларди. У шу ишларни улуғ Туркистон ва унинг келажаги бўлган ёшлар учун қиларди.

“Таҳсил ойи”, “Эҳтиёжи миллат”, “Самарқанд усули жадид мактаби хусусида”, “Мажлис имтиҳон”, “Тарих ва жуғрофия”, “Самарқанд китобхон исломия”, “Самарқанд китобхона ва матбаахона”, “Самарқанд ислоҳ русум мажлиси”, “Бухорода усули жадида” каби чиқишларида янги усул мактаблари, унинг аҳамияти, ўқитиш тизимлари, янги маориф ва маданиятни ривожлантириш, дунёвий фанларнинг нафи, маърифатга рағбат, комил инсоннинг тарбияси ҳақидаги муҳим маърифий фикрларни ўқиш мумкин.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг янги мактаблар учун ёзган асарлари мактабларнинг ислоҳида катта ҳодиса бўлди. Aйни даврда бу дарсликлар назарий, илмий ва амалий жиҳатдан кенг қўлланди. Бу китобларнинг бугунги кунда ҳам қадри йўқолганича йўқ. “Китобат ул-атфол” (Болалар мактуби) асари ўз даврида бир неча марта нашр этилган. Бу китобга қирққа яқин форсий ва туркий иншолардан намуналар киритилган. Шаҳодатнома ва иш юритишга доир бошқа ҳужжатлар ёзишни ўрганишдан таълим беради ҳамда намуналар ҳам келтирилган.

Расмий ҳужжатлар ҳам мана шу китоб орқали ўргатилган. Ёшлар ва катталарга мўлжалланган 36 саҳифалик тўплам мамлакатимизга давлат мақоми берилган, мустақиллик қарор топаётган дамларда ҳам амалий хизмат қилди. Ўзбек тилида иш юритишимизда бу китоб жуда қўл келади. Китобнинг мақсади ҳам шунга қаратилган эди.

Беҳбудий Туркистоннинг келажаги ҳақида ўйлар экан, миллатимизнинг тараққиёти борасида турли йўлларни қидирди. Бойларга ҳам мурожаат этди. “Бошқа миллатларнинг бойлари фақир ва етимлар учун мактаб ва дорилфунунлар солдурурлар, фақир ва етимларнинг ўқимоғи учун вақф (стипендиялар) тайин қилур. Бутун Туркистон ўн бой элинда минг сўмдан берса, 25 бола учун Тошкентда (диний ва замонавий) бир пансиунли ва наҳорли мукаммал мактаб бино бўлур, ҳар йил ҳукумат мактабинда 50 бола тайёрлайдур”, деб умид қилади.

Беҳбудийнинг қисқа, аммо салмоқли ижодий фаолияти давомида ёзган асар ва дарсликлари таълим соҳасида улкан ўрин тутишига ишонч ҳосил қиламиз.

ХХ аср бошларида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг салмоқли истеъдоди ва заковати туфайли яратилган асарларини ҳеч бўлмаганда ҳозирги кун ёшларига, халқимизга қайтариш ўзбек зиёлиларининг бурчидир.

Шоира АБДУЖАЛИЛОВА,

Чирчиқ давлат педагогика университети доценти