Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида таниқли маърифатпарвар, драматург, публицист, дин ва жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёт йўли ва фаолиятига бағишлаб “Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси ва жадид матбуотини ўрганишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Анжуман Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбир мақсад-муддаоси мамлакатимизда журналистика ва коммуникациялар соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларининг сифати ва самарадорлигини ошириш, ёш олим ва тадқиқотчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, миллий матбуотимизнинг етакчи намояндаларидан бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий меросини ўрганишда маҳаллий ва хорижлик олимлар ўртасидаги илмий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди.
Конференцияда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг публицистик мероси ва унинг хорижда ўрганилиши, муҳаррирлик фаолияти, жадид матбуотининг миллий журналистикада тутган ўрни ва аҳамияти, ўрганилмаган саҳифалари, тил ва услуб, жанр ва маҳорат, ҳуқуқ ва халқаро масалалар, жадид адабиётининг хориждаги тадқиқи каби қатор масалалар муҳокама этилди.
— Маҳмудхўжа Беҳбудий шахси, халқ ва миллат учун қилган беқиёс хизмати ҳақида шунчаки гапириб бўлмайди. Боиси унинг ниҳоятда мураккаб даврда кечган машаққатли ҳаёт йўли, сиёсий, илмий, ижодий фаолияти ғоят кенг, сермазмун ва серқирра. Шунинг учун Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси адабиёт, тилшунослик, диншунослик, сиёсат, тарих, фалсафа, география каби қатор фанлар доирасида ўрганилган. Миллий ва хорижий илм-фанда жуда кўп тадқиқотлар яратилган. Бундан, табиийки, матбуот, журналистика соҳаси ҳам мустасно эмас. Чунки Маҳмудхўжа Беҳбудий миллий мустақиллик учун қилган барча саъй-ҳаракатларини матбуот орқали амалга оширган, — деди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа. — 1906 йилда “Русия мусулмонлари иттифоқи”нинг Нижний Новгородда ўтказилган қурултойида жадид бобомиз ўзбек зиёлиларидан биринчи бўлиб иштирок этган ва нутқ сўзлаган. Мухторият шўролар томонидан ваҳшиёна бостирилгач, Беҳбудий 1919 йилнинг эрта баҳорида мамлакатдан чиқиб кетаётганида Шаҳрисабзда инқилобий фавқулодда комиссия айғоқчилари кўмагида Бухоро амирлиги одамлари томонидан қўлга олинади. Қаршида зиндонга ташланади ва қатл этилади. Унинг қабри қаердалиги номаълум. Маккор тузум миллий матбуотимиз асосчиси, бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийни жисман маҳв этгани билан маънан йўқ қила олмади. Унинг ҳаёт йўли биз учун ибратдир.
Беҳбудий умри давомида публицист сифатида юзлаб мақолалар ёзди. Миллат ва Ватан, жамият ва ахлоқ ҳақидаги қарашларини кўпроқ мақола ва чиқишларида ифода этди. Жадидшунос олим, Бегали Қосимов “Беҳбудийнинг мақолалари ададини 200, бошқалар 500 деб белгилайдилар, аммо барча ёзганлари ҳисоблаб чиқилмаган, ҳатто аниқланмаганлари қанча. Ҳар қандай ҳолда Беҳбудий ғоят сермаҳсул қаламкаш эди. Муҳими шундаки, унинг миллат ва Ватан такдири ҳақидаги барча қарашлари, аввало, мана шу мақолаларида акс этган эди”, деб ёзган эди.
Президентимиз таълим-тарбияда жадид боболаримизнинг бой меросидан фойдаланиш хусусида сўзларкан, жумладан, шундай деганди: “...Етук кадрларни тайёрлашда, энг аввало, ўзимизнинг бой маънавий меросимизга таянсак, албатта, натижа бўлади. Бу борада жадидлар, ...улуғ аллома ва публицист Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг миллий журналистика мактаби, айниқса, муҳим аҳамиятга эга”. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун Беҳбудий номидаги стипендияни таьсис этиш таклифини илгари сурганди. Бу, ўз навбатида, миллий журналистиканинг тамал тошини қўйган жадид боболаримизнинг ҳаёти ва ижоди, миллат ва мамлакат равнақи йўлидаги заҳматли ва шарафли хизматини ўрганишга яна бир туртки бўлди.
Шу мақсадда университетда Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги жадид матбуоти илмий мактаби ташкил этилиб, талабалар учун Беҳбудий номидаги стипендия таъсис қилинди. Келгусида талабалар жадид матбуоти ва унинг намояндалари фаолиятининг ўрганилмаган саҳифаларини тадқиқ этади. Улар ҳақида мақолалар, журналистик асарлар яратади, битирув-малакавий ишлари, магистрлик, докторлик диссертациялари ёзади.
— Жаҳон маданияти, тарихи, тамаддунига улкан ҳисса қўшган, қолаверса, баъзи фан соҳаларида ўзининг тамал тошини қўйган не-не давлат арбоблари, адабиёт, санъат намояндалари, ёзувчилар, шоирлар, миллат зиёлилари Ватанимизда туғилган. Улар бизнинг халқимизнинг ҳужжати, паспорти, десак янглишмаган бўламиз, — деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ҳасанов. — Маҳмудхўжа Беҳбудий шундай инсонлардан эди. У юртимиздаги жадидчилик, миллий уйғониш ҳаракатининг йўлбошчиларидан бири бўлган. Бугунги кунда Беҳбудийнинг ҳаёти, фаолияти, Ватан учун қилган хизматларини ўрганиш жуда катта аҳамиятга эга. Чунки бу тарихий хотира билан боғлиқ. Беҳбудий публицистик мақолаларида таълимга катта эътибор қаратган. Энг аввало, олий таълим, кейин эса эски мактаблар ўрнида янги усул мактабларини очиш зарурлигини таъкидлаган. Бир қатор дарсликлар ёзган. Жуғрофия, астрономия, кимё, математика ва бошқа дунёвий фанларни ўргатиш зарурлигини мақолаларида бот-бот такрорлаган. Маърифат учун биргина таълимга эътибор қаратиш камлик қиларди. Шу боис, аллома миллат учун кўзгу вазифасини ўтайдиган театр ва матбуотга ҳам алоҳида урғу берган.
Тадбирда мана шу масалалар муҳокама этиларкан, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва жадид матбуотига оид бой мерос ва анъаналарни ўрганиш, мамлакатимиз ва хорижий давлатларда бу борада олиб борилаётган илмий- тадқиқотлардан хабардор бўлиш, келгусида хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бугуннинг муҳим вазифаси экани алоҳида таъкидланди.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири