Жорий йилнинг апрель ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан таклиф этилган “Тошкент шаҳар Бектемир туманида Смарт сити барпо этиш” инвестиция лойиҳаси  бош режаси ва техник иқтисодий асосланишини ишлаб чиқиш учун Корея ҳукуматининг техник ёрдами ажратилиши кўзда тутилганди.

Ҳозирги кунда лойиҳани амалга ошириш доирасида Корея томонидан Korea Land & Housing Corporation консорциуми ташкил этилган бўлиб, Тошкент шаҳар Бектемир туманида 400 гектар майдонда барпо этиладиган Ақлли шаҳар бош режаси ва техник иқтисодий асосномасини ишлаб чиқиш бўйича дастлабки ишлар бошланган.

Учрашув лойиҳага расмий старт берувчи ҳамкорлик меморандумини имзолаш ҳамда лойиҳа доирасида келгусида амалга ошириладиган ишлар бўйича фикр алмашиш мақсадида ўтказилди.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов вазирлик ўз фаолияти доирасида халқаро ҳамкорлар билан турли йўналишларда ишончли алоқаларни йўлга қўйиб, самарали ишлар олиб борилаётгани, бугунги кунда республикада хорижий давлатларнинг муваффақиятли амалиётига асосланган Ақлли шаҳар дастурини амалга ошириш, миллий инфраструктурани ривожлантириш, халқаро инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, самарали ёндашувлар ва механизмлар интеграциялашуви вазирликнинг олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлади. Шунингдек, мазкур учрашув мамлакатимизда шаҳарсозлик ва уй-жой соҳасида инновацион лойиҳаларни амалга оширилишига сезиларли ҳисса қўшишини айтиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ҳозирда ақлли шаҳарсозлик ва инфратузилмани ривожлантириш соҳасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлида фаол қадамлар ташламоқда.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўз сўзида Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида “Смарт cити” қурилиши мамлакатимиз учун алоҳида аҳамиятга эгалиги, у Бектемир туманидаги ижобий ўзгаришлар катализатори бўлиб хизмат қилиши ва сўзсиз республика инновацион инфратузилма ривожига катта ҳисса қўшишини айтиб ўтди.

Ўз навбатида Корея Ер ва уй-жой корпорацияси вице президенти Юн Хё Гён хоним Корея Ер ва уй-жой корпорацияси Ақлли шаҳарлар қуриш бўйича Жанубий Кореянинг халқаро тажрибага эга етакчи компаниялардан бири эканлиги ва Бектемир туманида қурилиши режалаштирилган Ақлли шаҳар икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини яна бир босқичга кўтаришига ишонч билдирди.

Учрашув якуни билан томонлар ўртасида шаҳарсозлик ва уй-жой соҳасида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Томонлар ушбу ҳамкорлик икки мамлакат алоқадор давлат органлари, ташкилотлари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инновацион ривожланишнинг асосий мезонларидан бири бўлган шаҳарсозлик инфратузилмасини ривожлантиришга инновацион технологияларни жорий этиш борасидаги алоқаларини мустаҳкамлашига ишонч билдирди.