Мустақил ривожланиш йиллари давомида мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақидаги атрофлича маълумотлар учрашув иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.
Шу ўринда Беларусда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба ёшларнинг асосий диққати мамлакатимиз Президентининг ёшларга оид сиёсатидаги иккита энг муҳим йўналишга, яъни ёшларга замонавий билим бериш ва уларнинг бандлигини таъминлаш масалаларига қаратилди. Давлатимиз раҳбарининг ёш авлод учун ҳар жабҳада қулай шароитлар яратиш борасидаги амалий сайъ-ҳаракатлари замирида келажакда Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассисларни тарбиялаш ҳамда она юртимизнинг ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин эгаллаши каби эзгу ва юксак мақсадлар мужассам эканлиги қайд этилди.
Тадбир доирасида қўшма дастур бўйича (2+2) таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг таълим жараёнидаги муаммолари, камчиликлар ва уларни ҳал этиш бўйича зарурий чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув чоғида ўзбекистонлик талабаларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар берилди.