“Дунё” ААнинг қайд этишича, тадбирда Европа парламентидаги турли дўстлик гуруҳлари аъзолари ва Бельгия бизнес доиралари вакиллари иштирок этди.
Европа ташқи ҳаракатлар хизматининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори ўринбосари Люк Девин Ўзбекистон дипломатия ваколатхонасининг ҳар бир тадбири мазали миллий таомларсиз ўтмаслигини қайд этар экан, ўзбек халқининг бой маданияти ва ошпазлик санъатига юқори баҳо берди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларининг янада фаоллашишига ишонч билдирди.
Тадбир иштирокчилари анъанавий ўзбек таомларидан баҳраманд бўлибгина қолмай, ўзлари ҳам уларни бевосита тайёрлаш жараёнида иштирок этди. Бу эса барча иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
“ЕИ-Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи бош котиби Ипек Текдемир “бу тадбир орқали биз ўз ҳамкорларимиз билан очиқ дастурхон атрофида мулоқот қилганимиз баробарида ўзбек пазандачилик санъати билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик”, деди.
Италиянинг Неаполь шаҳрида туғилган ва Ўзбекистонда ҳам фаолият юритган моҳир ошпаз Жованни Терраccиано тадбир якунида сўзга чиқиб, мазкур учрашув Ўзбекистон ва Европа жамияти ўртасидаги ўзига хос маданий алмашувлардан бири бўлганини қайд этди.