Маданий мерос агентлиги ушбу ҳолатни ўрганиб, тадбир белгиланган тартибда келишилмаган ҳолда ташкил этилганини маълум қилди.

Агентлик маълумотига кўра, 3 октябрь куни Худоёрхон ўрдаси ҳудудида «A.klub» номи остида бир гуруҳ аёллар иштирокида «Чопон пати» тадбири ўтказилган.

Мазкур тадбир «Қўқон» давлат музей-қўриқхонаси раҳбарияти томонидан Маданий мерос агентлиги билан белгиланган тартибда келишилмаган.

Амалдаги талабларга кўра, давлат музейлари ва музей-қўриқхоналарида режалаштирилаётган маданий-маърифий, оммавий ва бошқа тадбирлар Агентлик билан белгиланган тартибда келишилиши лозим.

Шунингдек, музей-қўриқхона ҳудуди маданий мерос объекти сифатида алоҳида муҳофаза қилинади. Бу ерда тадбирлар ўтказишда объектнинг тарихий қиёфасини асраш ва муҳофаза қилиш талабларига қатъий риоя этилиши шарт.

Ҳолат юзасидан «Қўқон» давлат музей-қўриқхонаси директори М. Мавлонқуловга хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани учун Меҳнат кодексининг 312-моддасига асосан «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланилди.

Маданий мерос агентлиги келгусида маданий мерос объектлари ва музей-қўриқхоналар ҳудудида тадбирларни белгиланган тартиб ва талабларга мувофиқ ташкил этиш устидан назорат чоралари кучайтирилишини маълум қилди.