EGMONT (Қироллик халқаро муносабатлар институти) — Бельгияда жойлашган Европадаги нуфузли мустақил таҳлилий марказлардан бири ҳисобланади. EGMONT 1947 йилда Бельгиянинг бир қатор таниқли сиёсатчиларидан, собиқ бош вазири Пол ван Зеланд, профессор Шарл де Висшер, халқаро суд аъзоси ва сенатор, профессор Анри Роленлар томонидан ташкил этилган.

EGMONTнинг асосий фаолияти халқаро муносабатлар соҳасидаги тадқиқотлардан иборат, шунингдек дипломатик ходимлар учун тренинглар ташкил қилади. EGMONTнинг муҳим тадқиқотлари буюртмачиси Бельгия Ташқи ишлар вазирлиги ҳисобланади.

EGMONT бош тадқиқотчиси Жаноб Александр Маттелаернинг маълумотларига кўра, Институт ўз фаолиятини тадқиқот учун олинган аризалар асосида шакллантирилган йиллик дастурлар асосида амалга оширади.

Мулоқот тарзида ўтган учрашувда Марказ директори Э.Туляков EGMONT вакилини олиб борилаётган тадқиқотлар йўналишлари ва “Тараққиёт стратегияси” Маркази фаолияти кўлами билан таништирди.

Учрашув давомида томонлар EGMONT ва “Тараққиёт стратегияси” Маркази ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларини батафсил муҳокама қилдилар. Хусусан, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида кўзда тутилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсат соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар икки мамлакат “таҳлил марказлари” ўртасида доимий тажриба алмашишни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар ва қўшма тадқиқотлар ўтказишга келишиб олдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Ахборот хизмати