Бугун шундай эҳтиёжманд беморларни давлатимиз ўз қанотига олмоқда. Барча куч ва имкониятларни ишга солиб, уларнинг саломатлигини тиклаш чораларини кўряпти.
Қорақалпоғистон Республикасида давом этаётган “Саломатлик кунлари” акцияси айни шу мақсадларни кўзда тутади. Минтақада ўтказилаётган юқори технологик операцияларга Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидан келган энг малакали жарроҳлар бошчилик қилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати акция доирасида соғлом ҳаётга қайтган яна бир бемор билан суҳбатлашди.
Бибисора Аметова, Нукус шаҳри:
— Олти йил аввал оёғим қаттиқ жароҳатланган эди. Аввалига Нукусда режали асосда даволаниб юрдим. Лекин касаллик барибир ўз асоратларини кўрсатди. Оқибатда юролмай, тўшакка михланиб қолгандим.
Шифокорлар “Сизда эндопротезлаш амалиётини ўтказиш керак, бунинг учун пойтахтга боришингиз зарур” деб бир неча бор тавсия беришди. Аммо сўраб-суриштирсам, бу жуда мураккаб ва қиммат операция экан.
Шундай оғир дамларимда “Саломатлик кунлари” акцияси ўтказилишини эшитиб, умидим яна жонланди. Ниҳоят Нукус шаҳридаги Республика кўп тармоқли тиббиёт марказининг травматология бўлимига таклиф қилишди.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказидан келган энг малакали шифокорлар мени тиббий кўрикдан ўтказиб, жарроҳлик столига ётқизишди. Эндопротезлаш операцияси муваффақиятли ўтди. Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман.
Шифокорларнинг ишонч билан айтишича, тез кунларда жароҳатлар ўрни бутунлай тузалиб, оёққа туриб кетар эканман. Яна аввалигидек мустақил қадам боса олишимни ўйласам, энтикиб кетяпман. Бундан яқинларимнинг ҳам боши осмонда.
Давлат мени бупул даволади. Ёлғизлатиб қўймади. Худди қайта туғилгандекман. Юртимизда инсон қадри учун қилинаётган ишлар шунчаки баландпарвоз гаплар эмаслигини ич-ичимдан ҳис қилдим.