Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси беморларни даволовчи асосий муассасага айланган.

Нафақат вилоятимиз вакиллари, балки чартер рейсларда келган, шунингдек, “Дўстлик” божхона пости орқали қабул қилинган ҳамюртларимиз айнан шу ерда нажот топмоқда. Жамоадаги дардга малҳам бўлаётган 70 нафар қалби пок инсонлар орасида врач Муяссархон Ғоипова ҳам бор.

Шифокор пандемияга қарши курашга илк бор 13 апрелда сафарбар этилган эди. Сўнгги навбатчиликдан 20 июлда қайтди. Шу охирги икки ҳафталикда ҳамкасблари билан бирга 98 нафар беморни буткул соғломлаштириб, карантинга кузатишга муваффақ бўлди. Бу республика бўйича бир кунда қайд этилган энг яхши кўрсаткич бўлиб турибди.

— Касалликнинг ўзидан кўра қўрқув, ваҳима қаттиқ таъсир этар экан, — дейди Муяссархон Ғоипова. – Бемор шифокор томонида бўлса, хасталик ёлғизланади ва уни енгиш мумкин. Бунинг тескарисида эса дарднинг чекиниши қийин кечади. Шу оддий ҳақиқатни идрок этгандагина муолажаларимиз яхшиликка қараб кетади.

— Шифокорларнинг ўзларига ҳам осон бўлмагандир?

— Албатта. Айрим кунлари 80 тагача одам қабул қилдик. Дастлабки навбатчиликда шундай ҳолат бўлди. Комбинезонга бурканган куйи эндигина палатага кираётган эдим. Кўз қири билан ҳимоя кўзойнаги ва комбинезон ўртасида кичкина тирқиш қолганини сездим. Йўриқномага кўра игна қалинлигидаги бўшлиқ ҳам бўлмаслиги керак. Қўрқиб кетдим. Бахтимга ҳаммаси бахайр бўлди.

Касбий лаёқат бобида бизнинг шифокорлар малакаси анча юқорилигини Муяссархон тажрибасида ҳам тасдиғини топди. Опага Қозиғистондан ҳам мурожаат тушган.

— Жалақудуқлик фармацевт танишим Нилуфархоннинг ҳамкорлари экан. Шу дугонам орқали менга қўнғироқ қилишди, — дейди М.Ғоипова. –Уй шароитида коронавирусдан даволаниш бўйича маслаҳат бердим. Яқинда хабар қилишди: дарддан фориғ бўлибди.

Андижонда шифо топиб, дил сўзларини изҳор қилганлар қаторида самарқандлик, тошкентлик, сирдарёликлар ҳам бор.

— Мана беш ойдирки, шу хасталик билан курашаётган вилоятимизнинг бирорта тиббиёт ходими ўз бурчига ҳиёнат қилгани йўқ, гарчи шифокорлар орасида ҳам йўқотишлар учраётган бўлсада, — дейди М.Ғоипова.

Ҳақиқтан ҳам шундай. Фурсатдан фойдаланиб, Гиппократ қасамига содиқ олийжаноб касб эгаларининг ўзларига ҳам соғлик-омонлик тилаймиз.  

Рустамжон ЭШОНОВ.