Келинг, бунга амалий жиҳатдан назар ташлаб, фикрлашайлик. 

Қиз болани ўқитиш керакми ёки йўқми, деган саволга бугун кўпчилик “ҳа” деб жавоб беришини ва бунга амалий жиҳатдан астойдил ҳаракат қилишини, самарасини кўриб чин дилдан  қувонишини истаймиз. Лекин,  “Қиз болани ўқитиш шарт эмас, у турмушга чиқиб оилани эпласа, бола туғса, рўзғор юмушлари билан банд бўлса бўлди,” дейдиганлар оз деб ўйлайсизми? Бунинг учун атрофга тузукроқ разм солишнинг ўзи етарли.

“Рўзғор юмушлари” бир қараганда силлиққина, беозор, кичкина жумла.  Бироқ шу “беозор” жумланинг замиридаги машаққатли жисмоний меҳнат кўламини, руҳий залворини ҳар доим ҳам ҳис этмавермаймиз. Ҳар куни неча бор овқат қилиш, кир ювиш ва уни дазмоллаш, бичиш-тикиш, уйни тозалаш, ҳовли супуриш, сигир соғиш ва ҳоказо, ва ҳоказо... Бу адоқсиз рўйхатдаги юмушлар аёллар зиммасида. Уларга болалар парвариши, тарбияси, дарсини назорат қилиш каби вазифалар уланиб кетганини ҳам биламиз.  ...Ва беихтиёр эсдан чиққан, лекин аёл зиммасига “юклатилган” вазифалар яна қаторлашиб келаверади: уйдаги кекса ёки болалар бетоб бўлиб қолса ҳам куну тун парвона бўлиш,  миллий қадриятларимиз сафидан ўрин олган “меҳмон кутиш”, идиш-товоқ ювиш, эрининг ҳафта ўтмай яна келган ошналари, қариндошларни ҳар қандай шароитда кулиб қабул қилиш... Ана шундай катта ишлар раҳбарлари қайнона-қайнотага эътибор ва муомала эса биринчи галдаги алоҳида ва ўта нозик масала, албатта.

Агар шуларни эплолмаса, ёки норозилиги бирор марта гап-сўзида, ҳатто  тунд қиёфаси орқали акс этса,    аёлга нисбатан дакки-дашном, тарифу-тавсия ўзгача тус олади одатда: тарбия кўрмаган, сабрсиз, ношуд...

“Болаларнинг дарсларни ўзлаштириши паст бўлишига аёл айбдор, чунки эркак кўчанинг одами. Рўзғорини тебратаман деб кечгача ишлайди, кўчада юради. Унинг фарзанд тарбиясига вақти бўлмайди”, дегувчилар йўқ деб ўйлайсизми? Турмуш, оила борасидаги бундай тасаввур ва фикрни  тўғри деб биладиган “аҳли дониш”лар аёлининг ақлу идрокига ҳам бир умр шубҳа билан қарайди. Шу сабаб қизидаги қобилиятни, фазилатларни англамайди, қадрламайди, унинг  мактабидаги ўқишига ҳам бепарво. Аксинча, тақдирнинг бу “адолатсизлиги” учун қиз туққан аёлини айблайди. Айни пайтда унинг ўғлига  ажратадиган эътиборнинг эса чеки-чегараси йўқ. Унинг учун маблағ йиғади, данғиллама уйлар қуради, бой-бадавлат, катта ишда ишлайдиганлар билан қуда-анда бўлишга ҳаракат қилади. Ўғлининг ўқишига репититор ёллаб, пул сарфласа тез орада олий ўқув юртига кириб кетишига ишонади ҳам. Бутун оила, фарзандлар келажаги учун қайғуриш шундангина иборат холос, деб  билади.

Қизи унинг учун бировнинг ҳасми ёки палахмон тоши, бир куни уйидаги бор буюмларни ўзга уйга олиб кетувчи... Она  қизи учун сарпо йиғиш ва кун келиб уни узатиш ҳақида қайғуриб кун ўтказади. Чунки онанинг ўзи ҳам қиз боланинг борлиги кўтара ташвиш деб тушунувчи оилада катта бўлган. Ўша дунёқараш билан яшаяпти.

Онанинг ёдида: қизи чақалоқ пайти кечаси билан иситмалаб чиқди. Эри “Ўчир анавингнинг овозини, бешик-пешиги билан ҳозир кўчага улоқтираман”, деди. Она  хаста норасидани бағрига маҳкам босиб ҳовлидаги сўрида тонг оттирди. Эрталаб уч яшар ўғилнинг ҳам иситмаси кўтарилиб, тоби қочди. Эри зудлик билан қишлоқ шифокорини уйга олиб келди. Врач болани яхшилаб текшириб, иситма туширадиган укол қилди, керакли дорилар рўйхатини ёзди.

Шу пайт бешикдаги чақалоқнинг инграган овози эшитилди.

— Бешикдаги бола ҳам касалга ўхшайди, уни ҳам кўриб қўяман, — деди шифокор қайнонасига. — Ҳар бир  чақалоқнинг саломатлигини кўриш вазифам, — дея иссиғи баланд қизалоқни қўлига олди ва тезгина  биринчи ёрдамни кўрсатиб,  болани шифохонага олиб кетиш керак,  деган хулосасини айтди.

— Дўхтир, хотиним чақалоғи билан шифохонага кетса, ўғлимнинг аҳволи нима бўлади? Илтимос хотиним уйда, ўғлим ёнида бўлсин. Ҳар куни сизни ўзим олиб келаман, ўшанда чақалоққа ҳам қарарсиз. Умри бўлса, шифохонасиз ҳам ўлмайди”, — деганди ўшанда эри.

Бу гапдан кейин қишлоқ шифокори  ҳар куни уларнинг уйига қатнаб болаларни даволаган. Ўшанда она қизининг ташвишларини бир ўзи кўтарди.

Бу қайтар дунёда инсон хор этган ҳар бир нарсанинг тўловини тўлайди. Қизидаги иқтидорига эътиборсизлиги эвазига ота ортиқча эркалатган ўғли учун ҳаётда  кўп бора “товон” тўлади.

Ўғлини бир амаллаб олий маълумотли қилди. Таниш-билиш билан ишга жойлади. Ўғил эса бир умр  бир жойда муқим ишлаб кетгани йўқ.   Бу орада қобилияти қўллаб-қувватланмаган қиз ҳам руҳий тушкунлик ва моддий қийинчилик туфайли ҳаётда кўп қийналди. Интилишдан, курашдан тўхтади. Онаси хавотирланганидек қадрига етмайдиган бир оилага келин бўлди. Туғилиб камолга етган оиласидаёқ  ортиқча ташвиш, оиламизга омадсизлик келтирган бехосият деган, тамға пешонасига урилган қиз на келин бўлиб тушган оиласида иззат кўрди ва на турмуш ўртоғидан  вафо топди. 

Оиладаги ўғил болани деб қиз боланинг руҳи синдирилди, унга етарли эътибор берилмади. Натижада оила икки тарафлама ҳам ютқазди. Аслида ҳар қандай фарзанд ва ундаги истеъдод аввало, оилада ўз баҳосини олиши, қадрланиши керак. 

Бу борада Абдурауф Фитрат шундай ёзади: “Одамнинг феъл ва ҳаракатини бир яхши шакл ва мазмунга келтириш учун руҳни тарбиялаш лозим. Болаларни ўзига ишонган, кучли, топқир, чаққон ва ақлли қилиб тарбиялаш учун ўз қадр-қиммати, шаънини ҳурмат қилиш руҳини тарбия қилмоқликни, шунинг билан бирга, ён-атрофдаги одамлар билан ҳисоблашишни ўргатмоқ керак... Болаларни шундай тарбиялаш лозимки, бахтга бўлган интилишлари ҳеч қачон хазон бўлмасин... Ота-она болага мамнунлик ва хурсандчилик қилишни ман этмаслиги, балки  ахлоққа зид бўлмаган ишлар билан мамнун ва хурсанд бўлишини қўллаб-қувватлаши керак”.

Ҳали ўзининг оддий инсоний бурчини аниқлай олмаган ота-онадан қандай ватанпарвар фарзандлар кутамиз. Замондан, ўзи яшаётган Ватанда кечаётган ўзгаришлардан воқиф бўлмаган, эътиборсиз оилалар даврасида фақат майда-чуйда гурунглар  бўлармикин, дея ҳайрон бўламан. Фарзандларимизнинг катта ёки кичик ютуқлари оила даврасида қўллаб- қувватланиши ёшларда ўзига нисбатан ишонч туйғуси шакиллантиради.

Оила – муқаддас қўрғон. Бу қўрғондаги ўринли рағбат фарзандларимиз  учун жуда катта маросимда олинган мукофот каби аҳамиятли. Бола ҳар лаҳзада ўзини кимдир кузатиб, яхши кўриб турганини, ишонаётганини, қўллаб-қувватланаётганини сезиб туриши керак. Унинг нимжон тани учун сув ва егулик қанчалик зарур бўлса, онги ва ақл-идроки учун руҳий қувват шунчалик зарур. Бу руҳий қувватнинг номи меҳр ва эътибор деб аталади.  Зурриёдларимиздаги истеъдодлар лоқайдлигимиз ва илмсизлигимиз туфайли рўёбга чиқмай қолишига йўл қўя олмаймиз.

Нуронийларимизда улуғ дуо бор: Дунё тургунча туринг!

Ҳа, инсон авлодлари бардавом бўлишини – фарзандлар, невара-чеваралар кўришини сўраб шундай тилак билдиради. Аммо, бу абадийликка чанг солувчи иллатлар кўп: илмсизлик, иродасизлик, очкўзлик, аҳлоқсизлик, дангасалик, ўғрилик, эътиқодсизлик, иймонсизлик. Бундай ҳалокатдан нажот эса  билимдадир.

Давлатимиз раҳбари бир чиқишида сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимизнинг қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олиш, эканлигини таъкидлаб ўтганди.

Аёлнинг ҳаётдаги вазифаси ҳам, ўрни ҳам ниҳоятда катта. Унга эътибор ҳам, кўмак ва ҳурмат ҳам шунга яраша бўлмоғи керак. Ахир, оилада саранжом-саришталик, меҳр-муҳаббатга тўла муҳит, оила аъзолари ўртасида кўнгилни шод этувчи муносабат  яратгувчи ҳам аёл.  Тараққиёт жадаллашган бугунги замонда эса унинг зиммасига оила ва фарзандлари, турмуш ўртоғига мунтазам эътибор билан бир қаторда эл-юрт равнақи йўлида зиёли шахс сифатида иштирок этишдек вазифа юкланган. Шу боис, биз ҳам ўғил-қизларимиз таълим-тарбияси, бахтли ҳаёт кечиришлари учун масъулиятимизни бир лаҳза унутмайлик.  Бунинг учун жон томирларимиз сув ичиб турган манбаи иймону эътиқод, маънавият дарёси бўлсин. Дунё тургунча туринг!

Зулфия МАРДОНОВА,
шоира