Германиянинг «lifepr.de» янгиликлар порталида «Ўзбекистон археологик хазиналари – Александр Македонскийдан Кушонлар давригача» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Унда жорий йилнинг 4 майидан 5 ноябрига қадар Берлинда «Ўзбекистон археологик хазиналари – Александр Македонскийдан  Кушонлар давригача» номли кўргазма бўлиб ўтиши маълум қилинган. «Тадбир Берлин давлат музейлари томонидан Ўзбекистон Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилмоқда», деб ёзади манба.

Мақолада таъкидланишича, кўргазмада Александр Македонский юришлари – уларнинг Македониядан тортиб Ўзбекистон Жануби-Шарқидаги истеҳкомлардан топилган сўнгги археологик топилмаларгача эътибор қаратилган.

Кўргазманинг очилиш қисмида Берлин давлат музейларининг турли коллекциялари сақланаётган Александр Македонский даврига оид турли буюмлар намойиш этилади.

«Жеймс Саймон галереясида бўлиб ўтадиган кўргазманинг диққат марказида Кушон империяси давридаги  маданият ва санъат асарлари  бўлади, деб ёзади портал. Монастирлар, ибодатхоналар ва зиёратгоҳлардаги қадимий ҳукмдорларнинг суратларидан ташқари, буддавийлик худоси ва роҳибларнинг улкан ҳайкаллари, шунингдек, ажойиб сифатдаги фрескалар сақланиб қолинган. Кўргазмада ушбу таъсирчан экспонатлар Осиё санъати музейи коллекциясидан Гандҳара санъати тасвирлари билан таққосланади, унинг келиб чиқиши юнон мифологияси бориб тақалади».

Кўргазма Пруссия маданий мероси Васийлик кенгаши томонидан молиялаштирилади.