Кеча 14 сентябрь куни Судьялар олий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир неча нафар судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатишга оид масала ҳам кўриб чиқилди.

Якунда Кенгаш қарори билан:

Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси С. Бадриддинов судьялик қасамёдини ҳамда Судьялар одоби кодекси талабларини бузганлиги;

Сурхондарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг судьяси Н. Баратов ва Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг судьяси Ф.Джалалова одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани учун лавозимидан озод этилиб, ваколатлари муддатидан илгари тугатилди.

Шунингдек, Тошкент вилояти Нурафшон туманлараро маъмурий судининг раиси Б.Нормаматов ўз аризаси кўра, Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Х. Набиев вафот этгани сабабли ваколатлари муддатидан илгари тугатилиб, лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати маълум қилди.