Айни кунларда ушбу мусобақаларнинг биринчи фасли ўз поёнига етиб бормоқда.
Спортнинг 9 тури бўйича ўтказилаётган мусобақаларнинг якуний Республика босқичи 15 июндан старт олганидан хабарингиз бор. Дастлаб стол тенниси бўйича ўтказилаётган мусобақаларда ғолиблар аниқланди. Ушбу мусобақаларга Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани мезбонлик қилди.
Спортни ривожлантириш вазирлиги хабарига кўра, унда 16-21, 22-26 ҳамда 27-30 ёш тоифасидаги мусобақаларнинг сўнгги босқичига етиб келган жами 114 нафар иштирокчи ғолиблик учун баҳсларга киришди. Мусобақа жараёнларини спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов ҳам кузатиб борди.
Қизғин ва муросасиз курашлар остида ўтган мусобақа ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимида Давлат солиқ қўмитаси раиси, Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси Шерзод Кудбиев, Спортни ривожлантириш вазири маслаҳатчиси Авазжон Каримов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ва бошқалар иштирок этди. Ғолиб ва совриндорлар медал, диплом ва пул мукофотлари, шунингдек, эсдалик совғалари билан тақдирланди.