Хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини кўтариш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан. Шу боис, бу борадаги ишларнинг амалий исботи сифатида сўнгги йилларда нозик жинс вакилларининг жамият ҳаётидаги ўрнини оширишга қаратилган қатор фармон ва қарорлар, жумладан, Хотин-қизлар таълимини қўллабқувватлашнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастури қабул қилинди.

Буюк маърифатпарвар Абдулла Авлоний “Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилиши лозим. Зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар”, деб бежиз айтмаган. Учинчи Ренессансга эришиш йўлида хотин-қизларни янада билимли, маърифатли қилиш энг асосий вазифалардан биридир.

Маърифатли аёл жамиятнинг тараққиёт йўлини белгилаб беради. Чунки айнан у болаларни тарбиялайди ва онги, дунёқараши, билим даражасини шакллантиради. Қиз бола олий маълумотли бўлса, юксак билим ва салоҳият эгасига айланса, буни келгусида фарзандларига ҳам сингдиради. Ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш масаласига масъулият билан ёндашади. Чунки аёлга табиатан авлодлар занжирини давом эттириш ва миллатнинг қадрини кўтарадиган фарзандларни тарбиялашдек улуғ вазифа юкланган.

Аёл кишининг илм билан шуғулланиши, зиёли бўлиши унинг оиласи, фарзандлари маданиятли бўлишига замин яратади. Шу боис, давлатимиз айнан аёлқизларнинг билимли бўлишига катта эътибор қаратмоқда. Жумладан, 2021 йилда эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 мингдан зиёд қиз олийгоҳларга давлат гранти асосида қабул қилинди, яна шунча талаба қизларнинг контракт пули тўлаб берилди.

Аёллар таълимига алоҳида эътибор берилаётгани туфайли ўтган йили олий ўқув юртларига қабул қилинган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Бундан олти йил аввал олийгоҳларда 110 минг нафар қиз таҳсил олган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 400 минг нафарга етди ёки улуши 2016 йилдаги 38 фоиздан айни пайтга келиб қарийб 50 фоизга етди.

Президентимизнинг шу йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида юртимизда таълим тизимини ҳар томонлама ривожлантириш ва унда хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш, соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида жуда муҳим янги ташаббус ва ғоялар илгари сурилган.

Ўтган даврларга назар ташлар эканмиз, мамлакатимиз илм-фани, маърифат ва маънавияти ривожига улкан ҳисса қўшган олималарнинг ўрни ҳам беқиёс эканини таъкидлаш ўринлидир. Зотан, жамиятимизда хотин-қизларнинг илм-фан сирларини пухта эгаллаши, ўз қобилияти ва имкониятини жамият тараққиёти учун йўналтириши янги Ўзбекистон келажаги йўлида ижтимоий фаоллик гаровидир.

Мазкур фармонга биноан, давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 та мақсадли квота ажратиш топшириғи белгиланди. Янги Ўзбекистонда илм-фан билан шуғулланаётган олималаримиз бундай жамиятда фаол бўлар экан, илм-фан ривожига ҳисса қўшибгина қолмай, ундаги янгиликлар билан танишиш, ўзидаги иқтидор ва илмдаги ютуқларини мамлакатимиз ҳамда хорижда намоён этиш имконига эга бўлади.

Заҳматкаш олималарнинг машаққатли ва шарафли меҳнатини муносиб рағбатлантириш, улар учун ҳар жиҳатдан қулай шароит яратиш мақсадида Олима аёллар жамиятига ҳар йили 50 миллиард сўм ажратилади. Замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш, ўқимишли, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш шу тариқа умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилаётгани аёлларнинг бахтидир.

Чунки ҳамма мамлакатда ҳам бундай махсус имкониятлар яратилмаётганини кўриб, билиб турибмиз. Шундай экан, шукрона туйғуси билан яшаш ва қизларимизни ўқитишни кун тартибидаги биринчи масала сифатида белгиласак, юртимиз ривожига ҳисса қўшган бўламиз.