Тилшуносликда миллатдошлик, юртдошлик тушунчалари, атамалари ҳам бор. Лекин миллатдошлик бошқа, ватандошлик ёки юртдошлик бошқа.  Жаҳондаги  220 дан зиёд мамлакатда яшаётган 3500 миллат ва элат бир-бирига миллатдош бўлгани билан юртдош эмас. Юртдошлик – абадий, ватандошлик  боқийдир.

Инсон борки, унинг қувончли, қайғули кунлари бўлади. Тўй қилади, турли  маъракалар ўтказади. Шундай пайтда узоқдаги қариндошингиз ёки миллатдошингиз эмас, бошқа миллат вакили бўлса ҳам қўни-қўшнингиз, маҳалладошингиз, дўст-биродарингиз ёнингизда туради, ёрдамга келади, ҳол-аҳволингиздан хабар олади. Шу боис ҳам “Қўшнинг тинч — сен тинч”, “Юртинг осойишта — қалбинг осойишта”  деган мақоллар пайдо бўлган.

Юртимизда кўплаб миллат ва элат вакиллари ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Жумладан, Жиззах вилоятида, хусусан, Зомин, Бахмал ва чўл туманларида қирғиз миллатига мансуб аҳоли ҳам истиқомат қилади. Ўзбекистондаги бошқа халқлар каби уларнинг нияти-ю истаги бир: ота-боболари танлаган, азалдан қўним топган шу юрт равнақи учун, Ўзбекистондек бетакрор гўшани гуллатиш учун фидойилик кўрсатиб меҳнат қилиш, бойлигига бойлик, нуфузига-нуфуз қўшиш. Қўни-қўшни, қуда-анда бўлиб, бир бағир, бир тан, бир жон бўлиб яшаш.

Вилоятда яшовчи қирғизлар республикамизнинг ижтимоий ва иқтисодий соҳаларида, жумладан таълим, маданият, спорт, тиббиёт, илм-фан, суд-ҳуқуқ тизимида, қишлоқ хўжалигида ва яна кўплаб соҳаларда намунали хизмат қилиб келмоқда.

Вилоятда қирғиз тилида ўқитиладиган 14 та умумий ўрта таълим мактаби бор. Уларда 700 га яқин ўқитувчи ўн мингдан зиёд ўқувчига таълим-тарбия бериб келмоқда. Ёшларимизнинг баркамол инсонлар бўлиб етишишлари учун ҳукуматимиз томонидан барча шароит яратилган. Таълим муассасаларининг замонавий жиҳозлар, компьютер техникалари, ўқув ва методик адабиётлар билан таъминланиши юқори даражада. Давлатимизнинг бундай ғамхўрликлари халқимизнинг келажакка ишончини ва ёшларнинг билимга бўлган иштиёқини янада оширмоқда.

Шу ўринда, қайд этиш жоизки, ўзбек ва қирғиз миллатларининг илдизи, тили, дини бир.  Баъзан бир кўчанинг икки томонида, бир сойнинг икки соҳилида яшаб, бир дарёдан сув ичиб, яқин дўст, қўшни бўлиб, тўю-маъракаларини, яхши-ёмон кунларини бирга ўтказиб, бир-бирига уйининг тўрини бериб яшаб келган.

Бизнинг тарихимиз, маданий ва диний қадриятларимиз, анъана-ю урф-одатларимиз бир-бирига жуда ўхшаш. Ҳатто “Тўқсон икки бовли ўзбек”  номли шажарада қозоқ, қирғиз, туркман миллатлари ўзбек уруғи сифатида тилга олинади.

Ўзбек халқининг устоз шоири, сўз мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий ўзининг машҳур “Фарҳод ва Ширин” достонида туркий халқлар ҳақида сўз юритиб:

Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдир,

Муайян турк улуси худ менингдур.

деган эди. Яъни, барча туркий халқлар, қанча қавм ва уруғдан бўлишига қарамай менинг халқим деб таъкидлаган. Алишер Навоий мазкур таърифда Хитойдан Хуросонгача яшайдиган туркий халқларни:

Олибмен тахти фармонимга осон,

Черик чекмай Хитодин то Хуросон,

деб таъриф этган эди. Агар бунга Рум туркийлари, Кавказ, Волга бўйи, Урал, Сибир туркийларини ҳам қўшсак, улар ер юзининг жуда катта ҳудудларида умргузаронлик қилганлари ва қилаётганларига амин бўламиз. Туркий халқларнинг шажараси ҳақида кўплаб  китобларда ва бошқа манбаларда маълумотлар берилган.

Ана шу бепоён ҳудудларда асрлар давомида бирга, ёнма-ён яшаб келган ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлиги ва биродарлиги кўп таҳсинга лойиқ. Икки халқ ташқи душманларга қарши елкама-елка туриб курашган. Муқаддас Турон ўлкасининг озодлиги, мустақиллиги учун ўз жонларини фидо қилган. Масалан, қирғиз халқининг “Манас” достонида бош қаҳрамон Манас ботир Турон ўлкасига кўз тиккан душманлар – қора хитойлар ва жунғорларга қарши мардонавор курашган. Манас ботирнинг ишончли лашкарбошилари ўзбек қавми вакилларидан, севикли ёри Қоникей эса Бухоро хони Темирхоннинг қизи бўлган. Душманлар Манасни ҳийла билан ҳалок этгач, Манаснинг ёлғиз ўғли Семетей Бухорода тарбия топган. Олимқул мингбоши, Қурбонжон додхо ва бошқа қаҳрамонлар ҳақида тарихдан жуда кўп мисолларни келтиришимиз мумкин.

Шу ўринда мамнуният билан қайд этиш жоизки, Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасиги кўтарилди.

Президентимиз ташаббуси билан юртимизда 30 июль – “Халқлар дўстлиги куни” деб номланди. Ҳеч шубҳасиз, ушбу сана юртимизда тинч-тотув яшаб келаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг чинакам байрамига айланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам мамлакат ҳудудида яшовчи барча миллат ва элатларнинг тили, урф-одат ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлишни кафолатлайди.

Умуман, юртимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг аҳил ва иноқликда, дўстлик ва ҳамжиҳатликда умргузаронлик қилиб, азиз Ватанимиз тараққиёти йўлида турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилиши ва ўз она тиллари, маданияти, урф-одатлари, турмуш тарзи, тарихини авайлаб асраши ҳамда ривожлантириши учун барча имкониятлар яратилган.

Тўйчи ИСМОИЛОВ,

Жиззах вилояти қирғиз миллий

маданият маркази раиси ўринбосари,

Жиззах давлат педагогика университети доценти.