Қадимдан халқимиз орасида катта савдогар, турли соҳадаги ишбилармонлар кўп бўлган. Бунга шаҳарларимизнинг Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган Буюк ипак йўли марказида жойлашгани ҳам бир омил. Мазкур карвон йўлидан узоқ ўлкаларга йўл олган тужжорлар ҳудудимиздаги йирик карвонсарой, гавжум бозорларда тўхтаб, молларини сотган ёки маҳаллий аҳоли маҳсулотларини харид қилган. Бу халқимизнинг ишбилармонлик салоҳиятини янада оширган. Шу боис, ҳозир ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағал оилалар фаровонлигини оширишда уларнинг тадбиркорлик салоҳиятини юзага чиқариб, ўз бизнесини йўлга қўйишига моддий-маънавий томондан кўмаклашиш самарали усуллардан бири бўлиб қолмоқда.

Айниқса, эндигина катта ҳаётга қадам қўяётган, замонавий фикрлайдиган, ғайрат-шижоати баланд тадбиркор ёшларнинг бизнеси тезда оёққа туриб, одамлар тилига тушяпти. Албатта, бунда уларга эркин фао­лият юритиши учун яратилаётган шароит ҳамда берилаётган имтиёз ва имкониятларнинг аҳамияти катта. Ўтган 8 йил ичида ёш тадбиркорлар сони уч карра кўпайиб, бугун бизнес вакилларининг салкам 40 фоизини

18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ташкил этаётгани сўзимизни исботлайди. Келгусида бу кўрсаткич каррасига ортиши кутиляпти. Сабаби, жорий йил 14 февралда Президентимиз ёшлар ­тадбиркорлигида мутлақо янги даврни бошлаб берадиган учта муҳим ҳужжатни имзолади. Уларга асосан, йўлга қўйиладиган янги тизимга кўра, ёшларнинг ўй-хаёли, мақсад ва ғоялари ўрганилиб, тайёр бизнес режаларга айлантирилади. Ҳатто бу бизнес ғояларни қаерда, қандай ҳаётга тат­биқ этиш ман­фаатли экани ҳам ўрганилади.

Хусусан, Президентимизнинг «Ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида ташкил этилаётган Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ўғил-қизларга яқин ҳамкор, жойи келганда маслаҳатчи, керак бўлса, моддий қўллаб-қувватлайдиган ҳомий вазифасини ўтайди.

Жамғарма ҳар қандай бизнес ғояни ҳам ҳаётга татбиқ этаверадими? Йўқ, албатта. Аввало, ташкилотга мурожаат қилган ёшларнинг бизнес лойиҳаси қанчалик муваффақиятли экани бўйича экспертларнинг тегишли хулосаси олинади. Чунки бугунги тезлашган замонда бизнес лойиҳа пишиқ-пухта бўлмаса, бозор талаблари ва рақобатга жавоб бера олмай банкротга учраши мумкин. Мисол учун, жамғармага ёшлардан бири тезпишар таом (лаваш, шаурма) сотиладиган емакхона очиш истагини билдириб мурожаат қилди. Бундай емакхона очишнинг сарф-харажати ва қанча фойда келтириши ҳисобланиб, тайёр бизнес лойиҳа яратилади. Унинг қанчалик самарали экани экспертлардан тузилган кенгаш томонидан ўрганилиб, баҳоланади. Уларнинг 50 фоизидан кўпининг овозига эга бўлган бизнес лойиҳа самарали деб топилиб, ҳаётга татбиқ этилади.

Кенгаш аъзолари кимлардан иборат?

«Зар қадрини заргар билади» деганларидек, кенгаш аъзолари мамлакатимизда муваффақиятли бизнес юритаётган 20 нафар фаол тадбиркордан тузилади. Уларнинг айни шу қозонда қайнаб юргани, ички ва ташқи бозор талабларидан бохабарлиги, иш тажрибаси лойиҳаларнинг муваффақияти тўғри баҳоланишида қўл келади.

Шунингдек, ўзига тўқ ишбилармонларнинг кенгашга жалб этилиши тармоқнинг шаффоф, коррупция, таниш-билишчилик каби иллатлардан холи бўлишига замин яратади. Кенгаш аъзоларининг 30 фоизи ёш тадбиркорлардан тузилиши эса сараланадиган лойиҳаларнинг аксарияти замонавий тармоққа оид бўлишига замин яратади.

Тасаввур қилайлик, юқоридаги емак­хона ташкил этиш борасидаги бизнес лойи­ҳа кенгаш томонидан маъқулланди. Энди кейинги босқич, емакхона очиш учун энг мақбул жой танланади. Агар бу бўйича лойиҳа муаллифининг бирор таклифи бўлмаса, жамғарма томонидан сараланган бизнес лойиҳалар қайси йўналишда эканига қараб алоҳида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Емакхона очиш жойи айни пайтда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ташкил этилаётган янги 154 та туризм ва гастрономик кўчадан бири бўлиши мумкин. Шунингдек, у ерда ёш тадбиркорларнинг турли бизнес ғояларини ҳаётга татбиқ этиш учун керакли шарт-шароит ва имкониятлар ­ҳозирланаётгани ҳам лойиҳанинг тезда ­амалиётга татбиқ этилишига замин яратади.

Бундай манзилларга маҳаллий аҳоли билан бирга хорижий сайёҳлар ҳам келиши емакхона даромадини каррасига орттиради. Биринчи навбатда, ёшларнинг ташаббуслари билан бундай кўчаларда мингта савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

Ёшларга қишлоқ хўжалиги ерлари ажратилиши икки-уч йилдан бери ўзини оқлаб келаётган амалиётлардан. Агар мана шу ерлардан фойдаланиб, даромадини 100 миллион сўмдан оширган меҳнаткаш ўғил-қизларимиздан бири ҳосилдорликни янада орттириш, фаолиятини кенгайтиришни истаса, уларга жамғарма ўз ёрдамини таклиф этади. Бундай ёшларга янги нав яратиш ёки турли агротехник ишларни амалга ошириши учун зарур маблағ берилади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш тармоғини ташкил этиш бўйича бизнес лойиҳаларни тақдим этса, бундай ташаб­буслар, албатта, эътибордан четда қолмайди. Жамғарма томонидан бунёдкорлик ишлари учун керакли шарт-шароит ҳозирланиб, моддий кўмак берилади.

Қайси соҳада фаолият юритишни ният қилишингиздан қатъи назар, муваффақиятли бизнес лойиҳалар учун жамғарма томонидан алоҳида ўзига хос тараққиёт йўли ишлаб чиқилади. Ташкилот шу каби усуллар билан ёшларни қўллаб-қувватлаб, 50 минг ўғил-қиз бандлигини таъминлашни кўзламоқда.

Бизнес лойиҳаларни моддий рағбатлантириш ҳажми уларнинг келгуси истиқболи, қамров кўлами кенглигига кўра белгиланади. Хусусан, Ўзбекистон бозорида муваффақият келтирадиган стартап лойиҳаларга 1 миллиард сўмгача, хорижий бозорга чиқиш имкония­тига эга стартап лойиҳаларга эса 2 миллиард сўмгача маблағ ажратилади.

Эътибор беринг, бу ерда бир неча юз миллионлар эмас, миллиардлар тўғрисида сўз бормоқда. Ушбу маблағ бемалол бир ёшнинг ўз ғоя ва фикрларини ҳаётга татбиқ этиши ҳамда йўлга қўйган бизнеси орқали оиласи, қолаверса, яна қатор ёшларнинг турмуш шароитини яхшилашига бошланғич сармоя бўла олади.

Ёш ўғил-қизларга бундай имкониятлар тақдим этилаётгани фаол ёшларга ишонч нақадар баланд экани нишонасидир. Уларга билдирилган ишонч эса мамлакат келажаги, халқнинг эртасига ишонч демакдир.

Президентимизнинг ушбу «Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва банд­лигини таъминлашга доир қўшимча чора-­тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра эса, «Ёшлар бизнеси» дастури амалга оширилади.

Ушбу дастур доирасида «Бизнесга биринчи қадам», «Ёшлар учун иш ўринлари», «Инновацион ёшлар» лойиҳалари ҳаётга тат­биқ этилиб, 350 минг кишининг бандлиги таъминланиши режалаштирилмоқда.

Ҳужжатга кўра, «Алоқабанк» ёшлар банки, дея эътироф этилиб, уларнинг бизнес лойиҳаларини амалга оширишда энг яқин ҳамкори бўлади.

Келинг, ёшларнинг турли жабҳаларини қамраб оладиган дастур лойиҳаларини маҳалла ёшлари мисолида тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Маҳалла гузари ёнидаги маркетга туташ кичкина хонада Азизбек косиблик қилади. У икки йил аввал ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб иш бошлаган. Одамлар хизматига шай Азизбекнинг маҳоратидан бутун маҳалла мамнун. У ўз фаолиятини янги босқичга кўтариб, болалар пойабзали тайёрлайдиган кичкина цехи бўлишини хоҳлайди.

Ҳаракатчан, фаол ёшларидан яна

бири — Хадичахон. У тикувчилик устахонасини юритади. Ҳозир қўлида беш нафар чевар хотин-қиз ишлаб, оиласи даромадига ҳисса қўшаётир. Хадичахоннинг яна 20 аёлнинг бандлигини таъминлашга шароити бор. Аммо бунинг учун озгина қўшимча маблағга эҳтиёж сез­япти. Шу боис, «Ёшлар учун иш ўринлари» лойи­ҳасига кўра, 20 та иш ўрни яратишни назарда тутувчи бизнес ­режасини ­аллақачон тузиб қўйган. Фақатгина уни банкка тақдим этиб, 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йил муддатга 5 миллиард сўм кредит олиш қолган, холос.

Азизбек «Ёшлар бизнеси» дастурининг «Бизнесга биринчи қадам» лойиҳаси бўйича 7 йил муддатга 100 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ўзи истаган ускунани сотиб олиш ниятида. Ўзини ўзи банд қилган ёшларга бериладиган бу кредитни олиш учун ҳатто банкка ҳам бориб ўтириши зарурмаслигини эшитиб, кўнгли тўқ. Фақатгина лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилишини сабрсизлик билан кутиб турибди.

Юқоридаги мисоллардан кўринадики, ҳужжатга биноан йўлга қўйиладиган биргина дастур билан ёшларимизнинг турли мақсадлари ўз рўёбини топиши мумкин. Ушбу дастур орқали 350 минг ёшни қамраб олиш, яна 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил-қизларга қўшимча 100 минг иш ўрни яратиш кўзланмоқда.

Учинчи муҳим ҳужжат — Президентимизнинг «Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида амалга ошириладиган «Келажакка қадам» дастури талабалар бандлигини таъминлаш, хорижий ўқув-юртларида малака оширишини қўллаб-қувватлаш, ўз соҳасидаги бизнес лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишида кўмак­лашишга хизмат қилади.

Ҳужжатларда ёшларда бизнес режа тузиш, стартап лойиҳалар тайёрлаш кўникмаларини шакллантириш борасида ҳам қатор янги механизмларни жорий этиш масалаларига урғу берилган. Хусусан, жорий йилнинг 1 апрелида ишга тушириладиган «Ёш тадбиркорлар» рақамли платформасида онлайн тренинг­лар ўтказиш режалаштирилмоқда. Шунинг­дек, платформа ёш тадбиркорларга маҳсулот ва хизматлар учун бозор топишнинг онлайн майдони бўлади.

Ҳудудларда ташкил этиладиган «Ёшлар инкубатори» марказлари эса ёшлар дунё­қараши ўзгариши, соҳа бўйича керакли билим-кўникмаларга эга бўлиб, тайёр бизнесмен бўлиб етишишига хизмат қилади. Шунингдек, бундай марказлар энди иш бош­лаган тадбиркор ўғил-қизларга офис ижарага бериш, бухгалтерия, маркетинг, экспорт бозорларига чиқиш билан боғлиқ комплекс хизматлар кўрсатади.

Мақоламиз аввалида мамлакатимизнинг қадимда дунёнинг энг йирик тижорат марказларидан бири бўлганини қайд этгандик. Айни пайтдаги тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги кенг қамровли ислоҳотлар мамлакатимизнинг ушбу мавқеини яна тиклашига замин ҳозирлайди. Юқорида шарҳлаган меъёрий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ҳам қай бир маънода, мана шу эзгу ва юксак марра забт этилишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Санжар ЭШМУРОДОВ,

«Янги Ўзбекистон» мухбири