Муваффақиятларга ўз-ўзидан эришилмайди. Жорий йилда пахта етиштирувчи фермер хўжалигига пахта тўқимачилик кластери томонидан керакли бўлган шарт-шароитлар яратилди. Уруғлик чигит, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ўз вақтида дала бошига етказиб берилди, сувдан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар пайкалларда мўл ҳосил тўплаш имкониятини берди.
— Ҳали далаларимизда ҳосил чўғи мўл, — дейди фермер Зафаржон Олимов. — Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, пахтачиликдан кўзланаётган соф даромадимиз бир миллиард сўмни ташкил қилмоқда. Бу фермер хўжалигимиз учун ўзига хос имкониятлар яратмоқда. Янги техникалар ҳарид қиламиз, қўшимча тармоқлар фаолиятини йўлга қўйиш ҳисобига янги иш ўринлари яратамиз.
Бешариқ туманидаги 7 минг 935 гектар ерда “оқ-олтин” етиштирилди. Эндиги мақсад, катта меҳнат машаққатлари билан етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмай териб олиш. Бу ишлар учун 90 та терим отрядлари шакллантирилди, 11 мингдан ортиқ ташаббускор теримчи-ҳашарчилар йиғим-теримда иштирок этмоқда.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири