Жойларда иш бошлаган Рақамли технологиялар марказлари фаолиятига айнан ёшлар кўпроқ жалб этилмоқда. Ахборот-коммуникация таълим муҳитини яратиш, уни халқаро андозаларга тўлиқ мослаштириш ёшларни бугунги тезкор ижтимоий ҳаётга тайёрлашнинг муҳим омилидир.
Ёшларимизнинг АКТ соҳасига катта қизиқиш билан қараётгани, айниқса, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси аҳолининг кенг қатламини қамраб олаётгани ҳам қувонарли. Жумладан, Жасур ва Гулноза Холовалар ана шундай марказда тўрт нафар фарзанди билан таҳсил олди. 39 ёшли Жасур Холов иқтисодиётнинг турли соҳалари бўйича кўп йиллик тажрибага эга. Айни пайтда у компьютерда бир қатор дастурларда, жумладан, Excel иловасида ишлаш асосларини ўргатади. Турмуш ўртоғи Гулноза ментал арифметика бўйича халқаро тоифали мураббия. Мактабда математика, информатика ва IT га ихтисослаштирилган фанлардан ёшларга дарс беради.
Холовлар оиласи кўпларга намуна. Ота-она фарзандларини ахборот технологиялари соҳасида, кишилар ҳаётини яхшилаш ва жамият тараққиётига ёрдам берадиган инновацион лойиҳаларни яратадиган етук мутахассис бўлишга руҳлантириб келади. Бу ўз натижасини беряпти, албатта. Бунинг тарихи ҳам ўзига яраша қизиқ.
Оила бошлиғи “One million Uzbek Coders” (Бир миллион дастурчи) лойиҳаси ҳақида янгиликлар орқали хабар топгач, IT бўйича таҳсил олишга қарор қилади. Оила бошлиғининг бу борадаги ташаббуси фарзандларга ҳам қанот бағишлади.
— Лойиҳа ҳақида хабар топгач, маълумотларни таҳлил қилиш курсини ўташга қарор қилдим, — дейди Жасур Холов. — Чунки кўп йиллар давомида Excel таҳлиллари билан шуғулланганман ва ушбу йўналишда маълумотлар билан ишлаш фаолиятимда катта аҳамият касб этади.
Ота-оналарнинг таъкидлашича, OMUC курсларида таҳсил олиш болалар учун қийин кечмади. Фарзандларнинг ҳар бири олдиларига катта мақсад қўйган. Тўнғич қизи Ҳилола Ўзбекистонда архитектура ва қурилиш соҳасини ривожлантиришни мақсад қилган бўлса, Баҳром келгусида тажрибали иловалар яратадиган дастурчи бўлишни ният қилган. Барно оиланинг учинчи фарзанди. У ментал арифметика бўйича халқаро онлайн олимпиада ғолиби. Келгусида ахборот технологиялари йўналишида шахсий мактаб очиб, ёш авлодга “Маълумотлар таҳлили” соҳаси бўйича таълим бермоқчи.
Оиланинг кенжаси Зумрад дизайнга қизиқади ва бир кун келиб шахсий либослар коллекциясини тузиш ҳамда веб-дизайнни пухта ўрганишни истайди. Болаларнинг орзу-истаклари IT соҳасида қизиқарли дастурлар яратиш билан муштарак. Шу сабаб бўлса керак, улар бу борада кўникмага тез эга бўлишди. Улар бу борада эгаллаган билимлари Ватан равнақи, оиланинг фаровонлигига хизмат қилишига ишонади.
***
Давлатимиз раҳбари илгари сурган бешта муҳим ташаббуснинг учинчисидан рақамли технологияларни бепул ўқитиш марказларини очиш, аҳолининг компьютер саводхонлигини ошириш, ахборот технологияларига қизиқувчи ёшлар салоҳиятидан тўғри фойдаланиш, уларга дастурий маҳсулотлар яратишда кўмаклашиш каби чора-тадбирлар ўрин олган.
Жойларда ташкил этилаётган Рақамли технологиялар маркази ёшларнинг ахборот технологиялари соҳасида чуқур билимга, профессионал дастурчи сифатида оила ва жамиятга ёрдам берадиган инновацион лойиҳалар яратишига замин бўлмоқда.
Шундай марказлардан бирининг Марғилонда иш бошлаганига ҳали унча кўп бўлгани йўқ. Аммо унда ҳафтасига 350 нафар йигит-қиз ахборот технологиялари бўйича таълим олади. Ўтган вақт давомида ушбу марказ мутахассислари ўнта, “Рақамли Ўзбекистон” лойиҳаси доирасида эса тўртта лойиҳани амалга оширди. Мана шу тўртта лойиҳа марказга 350 миллион сўм фойда келтирди.
Марказнинг иқтидорли ўқувчиларидан бири 13 ёшли Мустафо Муҳаммадов график дизайнга қизиқади.
— Марказда IT бўйича кўп нарса ўргандим, — дейди Мустафо. — Танишларим иш таклиф қилишди. Бўш вақтимда тайёр дизайнни “жонлантириб”, яъни анимациялаштириб бердим. Ҳали ўсмирлик остонасидаги Мустафо ҳозир ойига 300-400 доллар ишлаб топади. Отаонаси, яқинлари бу тиришқоқ, билимли боланинг келажагига катта умид боғлашган.
IT йўналишида муваффақият қозонаётган салоҳиятли ёшлар ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Буларнинг барчаси АКТ инфратузилмасини яхшилашга, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг бу борадаги саводхонлигини ошириш, салоҳиятини юксалтиришга кенг имконият яратишга қаратилган эзгу ташаббус самарасидир.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири