САВОЛ: Мен академик лицейда 8 йилдан бери Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанидан дарс бераман. Ҳарбий унвоним захирадаги лейтенант. Саволим шундан иборатки, қонун бўйича менга навбатдаги ҳарбий унвон бериладими, йўқми?

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонунининг 34-моддасида“Ўқув-машқ ҳарбий йиғинларида қатнашган ва таълим дастури бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топширган ҳарбий хизматга мажбурларга Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда навбатдаги ҳарбий унвонлар резервдаги подполковникликка қадар бўлган ва подполковник унвонлари берилиши мумкин” – деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддаси иккинчи хатбошисида “Ҳарбий йиғинлар ўқув-машқ, синов йиғинлари ва махсус йиғинларга бўлинади” ва олтинчи хатбошисида “Резервчиларни ҳарбий йиғинларга жалб этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади” – деб кўрсатилган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Сиз ўқув-машқ ҳарбий йиғинларида қатнашсангиз ва таълим дастури бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топширсангиз белгиланган тартибда Сизга навбатдаги ҳарбий унвонлар берилиши мумкин.

***

САВОЛ: Сафарбарлик чақирув резервида “бир ойлик армия” учун пул тўланганидан кейин қанча вақт давомида хизматга бориш мажбурий ҳисобланади? Пул тўлаб қўйилганидан кейин ёши 27 дан ошиб кетса ҳам СЧРга бориш керакми ёки тўланган пул қайтариладими?

ЖАВОБ: “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасида фуқаролар СЧР хизматини 18 ёшдан 27 ёшга қадар ўташлари белгилаб қўйилган. Шунга мувофиқ,  СЧР пул бадалини тўлиқ тўлаган фуқаролар 27 ёшга тўлгунга қадар ойлик ҳарбий йиғинга жалб этилади.

Шунингдек, мазкур қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, СЧР пул бадалини тўлаб ойлик ҳарбий йиғинга жалб этилмаган фуқаролар 27 ёшга тўлиши билан СЧР хизматчилари ҳисобидан чиқарилади ва Қуролли Кучлар заҳирасига ўтказилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2018 йилдаги 267-сонли қарорига мувофиқ, пул бадалларини тўлаган, бироқ ҳарбий йиғинлардан ўтмаган сафарбарлик чақируви резерви хизматчисига тўланган маблағлар, агар у ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганда ва унга тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси (ТМЭК) томонидан 27 ёшгача I, II ёки III гуруҳ ногиронлиги берилган ҳолатда ёки вафот этган тақдирда тўланган пул бадаллари белгиланган тартибда қайтариб берилади. Бошқа ҳолатларда Махсус ҳисоб рақамга ўтказилган пул бадаллари қайтариб берилмайди.

***

САВОЛ: Собиқ Совет Иттифоқи даврида Афғонистонда ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар тўғрисидаги архив ҳужжатлар қаердан олинади? Бу борада қаерга мурожаат қилиш керак?

 ЖАВОБ: Собиқ Совет Иттифоқи даврида Афғонистон Демократик Республикаси ҳудудида чекланган контингент таркибида  муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқаролар ҳудудий (туман) мудофаа ишлари бўлимлари орқали Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги марказий архивидан архив маълумотномасини оладилар.

***

САВОЛ: Қандай ҳолларда контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар оилавий шароитига кўра хизмат жойини ўзгартириши мумкин?

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси фуқороларнинг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомнинг 133-бандига асосан контракт бўйича ҳарбий хизматчини оилавий шароитига кўра янги хизмат жойига ўтказиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

а) Ҳарбий тиббий комиссия хулосасига мувофиқ ҳарбий хизматчи оила аъзоларининг (эри, хотини, фарзандлари ва ҳарбий хизматчининг қарамоғидагилар) ушбу жойда яшаш имконияти бўлмаганда;

б) яшаш жойларидаги мудофаа ишлари бўйича бўлими органи комиссиясининг хулосасига мувофиқ доимий ўзгалар парваришига (ёрдамга, назоратга) мухтож ва ҳарбий хизматчининг парвариш қилиш имкони бўлган бошқа ака-укалари бўлмаган тақдирда, алоҳида яшовчи отаси, онаси (шу жумладан эри, хотини) ни доимий парваришлаш учун.

***

САВОЛ: Мен 2006 йилда туғилганман. Мактабга бир йил олдин, яъни 6 ёшимдан чиққанман. Ҳозир 15 ёшдаман ва  тенгдошларимдан бир йил олдин 9-синфни тамомлаяпман. “Темурбеклар мактаби”да ўқишимни давом эттириш мақсадида Мудофаа ишлар бўлимига мурожаат қилдим. Улар ёшинг кичкина, тўғри келмайди, деб қайтаришди. Aгар талабгор 9-синфни тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномага эга бўлса, 15 ёшида ҳам “Темурбеклар мактаби”га  ўқишга кириши мумкинми?

ЖАВОБ: Сиз “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейига ўқишга киришингиз мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 июндаги ПҚ-4375-сон қарорига билан тасдиқланган “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи тўғрисидаги низомнинг 15-банди талабларига асосан. “Темурбеклар мактаби”га жорий йилда умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат мактабларининг
9-синфини тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномага эга, соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқли деб топилган ҳамда ҳаққоний ва шаффофлик тамойилларига асосланган саралаш танловидан муваффақиятли ўтган, эркак жинсли Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ўқишга қабул қилинади деб белгиланган.

***
САВОЛ: Ҳозирда 23 ёшдаман. Менга туман мудофаа ишлар бўлимидан “бир ойлик армия” учун чақирув қоғози келган. Aйни пайтдаги оилавий аҳволим сабаб бир ойлик хизматни ўташ учун тўланадиган бадалга қурбим етмайди. Бу борада оилавий шароити оғир ёки айрим сабабларга кўра вақтинча бадал пулини тўлай олмайдиганлар учун қандай енгилликлар бор?

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 март кунидаги ПҚ-4630-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматларга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш бўйича комиссиялар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, ҳар йили март-апрель ойлари давомида мудофаа ишлари бўлими ҳузурида туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари раислигида Ҳудудий комиссия тузилади.

Мазкур комиссия ўз иш фаолиятини чақирилувчиларнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдларини ўрганишдан бошлайди.

Бунда комиссия томонидан асосий эътибор, чақирилувчиларнинг тиббий кўрик хулосасига, уларнинг маънавий ва касбий хусусиятларига, оилавий, моддий шароитига, оила аъзоларининг ижтимоий ҳолатига қаратилади, ўрганиш жараёнида тиббий кўрик хулосасига кўра ҳарбий хизматга яроқли бўлиб, лекин оилавий-моддий шароити оғир бўлган чақирилувчилар аниқланган ҳолларда, Ҳудудий комиссия томонидан уларни сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олмаслик чоралари кўрилади.

***

САВОЛ: Ҳарбий ОТМга қабул қай тартибда амалга оширилади?  Курсантларни саралаб олишдаги синовлар, тест жараёнлари, фанлар кесими ва бу борада айни кундаги  ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг 2015 йил 2 февралдаги 72-сонли “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғига асосан:

Дастлабки танлаш тадбирлари икки босқичда ўтказилади.

Биринчи босқич фуқаро ёшлар учун — туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимларда, ҳарбий хизматчилар учун — ўз хизмат ўташ жойида 1 февралдан 31 мартга қадар амалга оширилади ҳамда ушбу босқичда қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:

ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;
якка тартибда суҳбатлашиш;
бирламчи тиббий кўрикдан ўтказиш.

Иккинчи босқич фуқаро ёшлар ва ҳарбий хизматчилар учун мудофаа ишлари бўйича бошқармаларда 1 апрелдан 31 майга қадар амалга оширилади ҳамда ушбу босқичда қуйидаги тадбирлар ташкил этилади
ва ўтказилади:

индивидуал-психологик ўрганиш;
умумжисмоний тайёргарлик кўрганлигини баҳолаш;
якуний тиббий кўрикдан ўтказиш (ҳарбий округ ҳудудида жойлашган ҳарбий госпиталларда).

Дастлабки танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтган номзодларни давлат тест синовларини июль-август ойларида бўлган муддатда республикамизнинг барча олий таълим муассасаларига ўтказиладиган тест синовлари билан бир вақтда Давлат тест маркази томонидан жойларда ўтказилади.

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти