Илму фанда беқиёс из қолдирган буюк аждодимиз меросини чуқур ўрганиш мақсадида Президентимиз 2022 йил 25 августда буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу тадбир ЮНЕСКО Бош конференцияси қарори билан 2022-2023 йилларда нишонланадиган халқаро юбилейлар рўйхатига киритилган.

 Куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофотини таъсис этишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Бу ҳужжат жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олимнинг илмий-маърифий меросини халқаро даражада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни янада кенгайтириш борасида қўйилган улкан қадамдир.

 Филология фанлари доктори, профессор Насимхон РАҲМОНОВ билан суҳбатимиз Абу Райҳон Беруний асарлари, улардаги тарихий шахслар ва турли халқлар анъаналари борасида битилган муҳим маълумотлар ҳақида бўлди.

— Абу Райҳон Беруний ижодига, фаолиятига, илмий меросига мамлакатимизда ва халқаро даражада қаратилаётган бундай эътибор қувонтирмай қўймайди, албатта, — дейди Н.Раҳмонов. — Ўрта асрнинг машҳур олимларидан Абдулкарим ас-Самъоний “Насаблар китоби” асарида қуйидагиларни ёзади: “Кимки шаҳардан ташқарида туғилган бўлса, бундай одамни “фалончи беруний” дейдилар. Мунажжим Абу Райҳон шундай нисба билан машҳурдир”. Бу ўринда Самъоний Берунийни мунажжимлик илмининг таниқли намояндаси сифатида айтиб ўтяпти. Ҳақиқатан ҳам, у астрономия ва астрологияга оид “Мунажжимлик санъатидан бошланғич тушунчалар” асарини ёзган.

 XIII аср бошларида яшаган машҳур сайёҳ ва географ Ёқут Ҳамавий Берунийнинг номаълум шахсга қарата ёзган шеърини келтиради. Ҳамавийнинг ёзишича, бу шеърида Беруний бобоси ва отасининг кимлигини билмаслиги, онаси ўтин ташувчи бўлгани ҳақида хабар беради. Шу тариқа Берунийнинг таржима ҳолини бошқа муаррихлар ёзиб қолдирган маълумотлардан тиклаш мумкин.

 — 27 ёшли олим “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарини ёзиш учун она тили хоразмчадан ташқари сўғд, форс, сурёний, юнон ва қадимги яҳудий тилларини ўрганади. Асардаги ривоят ва афсоналарнинг асл ёки сохта эканини аниқлашда тадқиқотчи қандай усуллардан фойдаланган?

— Бу асар Берунийга катта шуҳрат келтиради. Олим уни 1000 йили ёзиб тугаллаган эди. Юксак истеъдод эгаси бўлган зукко тадқиқотчи ўз салоҳияти ва билимини инсониятнинг маънавий жиҳатдан юксалишига бағишлади.

 Тадқиқотчи “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарини ёзишга Шамс ал-Маолий, яъни 998-1012 йилларда Хоразмда ва, умуман, Каспий олди вилоятларида ҳукмронлик қилган Қобус ибн Вашмгир даъват этгани тўғрисида эслатар экан, замонни Худо адолатли йўлбошчисиз қўймаслигини шукроналик билан таъкидлайди. Бундан минг йиллар нарида аллома айтган гапларнинг нақадар ҳақ эканини бугунги кунда халқимиз ҳам кўриб, гувоҳ бўлиб турибди. Бундай адолатли ҳукмдорлар Аллоҳнинг халққа берган улуғ неъматларидан бўлиб, одамлар қийинчиликларга дуч келганида одил ва ғамхўр ҳукмдордан паноҳ тилайди, шундай йўлбошчининг бўлиб туришини Аллоҳ одамларга фарз этган, деб билади Шамс ал-Маолий.

Берунийнинг иқтидори ва қувваи ҳофизаси ўз даврида кўплаб алломалар эътиборини жалб қилган. “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асари таркибидаги афсона ва ривоятлар фикримизга бир далил бўлиб, улар муайян тарихий воқеани далиллаш ёки рад қилиш учун келтирилган. Зотан, Беруний мазкур асари ёзилиши сабабларини кўрсатганда, бу вазифа ниҳоятда мураккаб бўлганини эътироф этади. Беруний ривоят ва афсоналарнинг ҳақиқийларини ажратиб, саралаб олиш учун имкони борича ҳаракат қилади. Ёлғон ва сохта ривоятлар қадимги Шарқ халқларининг йил ҳисоблари ҳақидаги аниқ илмий хулосаларига халақит берганини, айниқса, ёлғон хулосаларга олиб келганини алоҳида таъкидлайди. У ривоят ва афсоналарни танлашда ўзи таянган ва асосланган усул ҳақида бундай ёзади: “Мен тутган йўл ва белгилаган усул осон эмас, балки узоқ ва қийин йўлдир. Хабар ва ривоятларга кўплаб кириб қолган ёлғон сўзларнинг ҳаммаси ҳам равшан эмас. Бошқа далиллар бўлмаганда баъзиларининг ёлғонлигини билиб бўлмасди. Одамлар ҳозир ҳам, ўтган замонларда ҳам шундай табиий ҳодисаларга дуч келган. Агар ўшандай ҳодисалар узоқ замонларда юз берган, деб ҳикоя қилинса, албатта, биз унга ишонмас эдик. Халқлардан биттасига тегишли хабарларнинг ҳаммасини аниқлаб билишга инсон умри кифоя қилмайди-ю, ҳамма миллатлар ҳақидаги хабарларни билишга қандай кифоя этсин?! Бу мумкин эмас!”

 “...мендан сўралган нарсага етказувчи воситаларнинг энг муҳими – қадимги миллатлар ҳақидаги ривоятлар, ўтмиш авлодлар тўғрисидаги хабарларни билишдир, чунки буларнинг кўпчилиги у миллатлар авлодидан ва уларнинг расму русум ва қоидаларидан иборатдир...”. Берунийнинг шу хулосасидан маълум бўладики, олим ўз асарида йил ҳисоби ва эраларни аниқлашда далилларни пухта танлашга алоҳида эътибор қаратган. Қолаверса, адабий жанрлар – ривоят ва хабарлар қачон йил ҳисоби учун аниқ маълумот бўлиб хизмат қилишини асослашга интилди. Аммо бунинг ҳар доим ҳам имкони йўқ. Бу имконсизликни Берунийнинг ўзи эътироф этган. Қуйидаги далилга эътибор берайлик. Шогирдларидан бири Берунийдан “Нима учун асарларингизда баъзи муҳим масалаларни очиқ ва равшан мисоллар билан баён қилмайсиз?” деб сўраганда, “Ижтиҳодли ва илм дўсти бўлган ўқувчи асарларимдаги мақсадларни тушуниб олади. Кўпчилик томонидан фаҳмланиш ёки фаҳмланмаслигининг, менингча, аҳамияти йўқ”, деб жавоб берган экан. Умуман, Беруний ўз асарларини анча қийин, қисқа ва диққатли иборалар билан баён этган.

 — Беруний Марказий Осиёнинг қадимий маданияти билимдони сифатида асарларида ўз даврида мунозарали бўлган айрим масалаларни ҳам ўрни келганда ҳал қилиб, ҳам кўплаб тарихий шахслар ва янги қарашларни қайд этиб кетган. Шундай эмасми?

— Искандар, Доро, Филипп, Бобак, Хорун ар-Рашид каби қатор тарихий шахслар ва уларнинг тарихда ўйнаган ижтимоий-сиёсий роли, Батлимус, Абу Сумома, Муҳаммад ал-Ҳошимий, Абу Исо ал-Варроқ каби олиму фузалолар ва ижодкорлар аҳлининг Шарқ илм-фанига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритганда Берунийнинг қизиқиш доираси ниҳоятда кенг эканига гувоҳ бўламиз, аллома фаннинг кўп соҳаларидан яхши хабардор бўлганига ишонч ҳосил қиламиз.

 Ёки Беруний жаҳон тарихининг ва оддий арифметик ҳисобларнинг илк кашфиётчиси экани унинг қуйидаги маълумотларидан маълум бўлади: “Эшитишимча, эронликлардан пешдодийя (Эрон подшоҳларининг афсонавий сулоласи) подшоҳлари – бу кишилар бутун дунёга подшоҳ бўлганлар – йилни уч юз олтмиш кун ва йилнинг ҳар бир ойини ортиқ-камсиз ўттиз кун қилганлар, ҳар олти йилда йилга бир ой қўшганлар ва ўша йилни “кабиса” (қўшимча демакдир) деб атаганлар; ҳар бир юз йигирма йилда йилга икки ой қўшганлар... Улар кабиса йилини улуғлаб, “баракали” йил деб атар ва бу йилда ибодат ҳамда яхши ишлар билан машғул бўлар эканлар”.

 Беруний диний бағрикенглик борасида қарашларини ўртага ташлар экан, ҳар бир пайғамбарга ёки динга холис ёндашган ҳолда талқин қилади, фақат субъектив қарашлари билан чекланиб қолмайди. Иброҳим алайҳиссалом тарихи ва у билан боғлиқ воқеалар, бутпарастликка қарши ҳаракатлари исломдаги ва иудаизмдаги воқеалардан кескин фарқ қилади. Шундан билиш мумкинки, Беруний диншунос олим сифатида Шарқ динлари тарихини пухта ўрганган, динларнинг маънавий ҳаётдаги ролига, инсониятни тўғри йўлга солишга ва уларнинг солиҳ ҳаёт кечиришларига йўл кўрсатган. Беруний Таврот ва Инжилга ишончли манба сифатида қараган, қоришиб кетган динларнинг пайдо бўлишига оид далилларни ўрганган. Масалан, Суриядаги сомирийлар, Иброҳим алайҳиссаломнинг ватани Харрондаги харронийларнинг динлари қоришиқ эканини ва уларнинг қайси динлардан пайдо бўлгани ҳақида қарашларини ўртага ташлайди. Бу динларнинг ўз даврида ижтимоий ва сиёсий ҳаётда қандай роль ўйнаганини ёритади. Динлар пайдо бўлишидаги ҳар бир икир-чикирга эътибор беришидан маълум бўладики, дин тарихи халқларнинг ижтимоий, сиёсий ҳаёти билан бевосита алоқадор, Беруний масаланинг шу жиҳатларига жиддий ёндашган. Зардушт, Моний ва Будда таълимотларидаги шу омилларга алоҳида диққатли бўлган.

 У бир ўринда бундай ёзади: “Хоразм ва Сўғднинг қадимги халқлари эронликлар динини (зардуштийликни назарда тутаётир) қабул этиб, уларга бўйсунган ва эронликлар ҳукмронлик қилган вақтида уларга мансуб бўлган кишилар ҳам бу йўлдан юрганлар.”

 Таъкидлаганингиздек, олим Марказий Осиёнинг қадимий маданияти билимдони сифатида ўз даврида мунозарали бўлган айрим масалаларни ҳам ўрни келганда ҳал қилиб кетади. Жумладан, Зардушт шахси ва зардуштийлик оқими тўғрисида сўз юритганда, “Авесто” тарихига оид далилларини баён қилади. “Авесто”нинг ёзилиши, тилларнинг пайдо бўлиши ва ер юзига тарқалишига оид қарашларини илгари суради. “Авесто” тарихи ва унга боғлиқ ҳолда Зардушт тарихи тўғрисида сўз юритганда, назаримизда, Берунийнинг бу тарихга оид қарашлари ишончли туюлади. Зотан, у “Авесто”ни аслият матнга ва бошқа қадимги манбаларга таянган ҳолда ўрганган. Шу боис, унинг “Авесто” ҳақидаги қараш ва таҳлилларига ишонмаслигимизга асос йўқ. Бизнингча, Беруний Зардушт шахси ва “Авесто” ҳақида алоҳида тўхталишига сабаб шуки, азалдан кўп халқлар уларни ўзларига нисбат берганлар. Беруний ана шу чалкашликларни бартараф этишни олдига мақсад қилиб қўйган.

— “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”да олим турли халқларга мансуб этнографик маълумотлар билан бирга, уларнинг ижодий фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Беруний ўз асарида келтирган далиллар ва танқидий қарашлар манбаи нима эди?

— Моний шахси ва унинг таълимотини ҳам Беруний шу асарида батафсил ёритади. Беруний келтирган маълумотларга қараганда, Моний пайғамбарлик даъво қилган одамлардан бўлиб, мажусийлар, насронийлар ва санавия (иккиланувчилар деган маънони билдириб, нур ва зулмат ўртасидаги қарашга ишонувчилар) мазҳабларини яхши билган эди. Моний ишлаб чиққан ва кенг оммага тарғиб қилган қонунларнинг ҳаётийлигини Беруний изчил баён қилиб беради. Моний яратган асарларнинг мазмун-моҳиятини уқтиради. Жумладан, Беруний Монийнинг “Шобурақон”, “Тириклар хазинаси”, “Жабборлар ҳақида китоб”, “Сирлар китоби” каби асарлари ҳақида сўз юритади.

 Мутафаккир Моний таълимотига аслида зарарли деб қарамайди. Бироқ Моний ўзини пайғамбар деб атагани сабабли Берунийнинг танқидига учради. Монийнинг Шопур ибн Ардашерга бағишлаб ёзган “Шобурақон” китобидан Беруний келтирган қуйидаги жумлага эътибор берайлик: “Ҳикмат ва яхши амаллар доимо Худонинг элчилари вақти-вақти билан келтириб турганларнинг ўзидир. Бир замон у ҳикмат ва яхши амаллар Буд (Будда демоқчи) исмли элчи орқали Ҳиндистон мамлакатига, бир замон Зардушт орқали Эрон заминига ва бир замон Исо орқали Мағриб заминига юборилган. Сўнгра бу охирги асрда мен Монийга – ҳақиқий Худонинг элчисига – шу ваҳий туширилиб ва шу пайғамбар келтирилиб, мен орқали Бобил заминига юборилди”.

 Моний айтган яхши амаллар ва ҳикмат нималарни ўз ичига олади? Агар Монийнинг таълимотини ўз ичига олган битикларига синчиклаб эътибор берсак, Беруний Монийнинг ва пайғамбарликка даъво қилган бошқаларнинг ҳикматлари ва яхши амаллари ҳамма замонда ҳам жамиятга фойдали бўлганини айтганини кўрамиз. Хусусан, Монийнинг ер юзидаги жамики инсоният иқтисодий томондан тенг яшамоғи керак, бой ва камбағал бўлиши керак эмас, инсонлар ортиқча молпарастликдан воз кечиб, эҳтиёжига яраша нарсалардан қаноатланиши ҳар бир инсон учун заруратдир, деган ғоялари сабабли бу мазҳаб ХIХ асргача Европада “амалдаги коммунизм”, деб эътироф этилган эди.

Беруний сўғдийлар, хоразмликлар ойларидаги ҳайитлар ҳақида тўхталганда, улар ўхшаш эканини таъкидлайди. Ҳар иккаласиники эса эронликларнинг ҳайитларидан фарқли эканини эслатиб ўтади. Румликлар ойларидаги ҳайит кунларининг ўзига хослигини ҳам баён қилиб беради. Яҳудийлар, насронийларнинг рўза ва ҳайит кунларини ниҳоятда синчковлик билан таҳлил қилиб чиқади. Берунийнинг турли халқлардаги этнографик маълумотларга алоҳида диққат қилишининг сабабларини шундай изоҳлаш мумкинки, биринчидан, Шарқ халқларининг турмуши, удум ва урф-одатлари ўша халқларнинг ҳаёт тарзини ифодалаган; иккинчидан, Шарқ халқларининг маънавий юксалиши, ўзлигини сақлаб қолиши айни ана шу байрамларга боғлиқ бўлган. Қолаверса, турли динларга мансуб халқларнинг байрамлари уларнинг яшовчанлиги учун асосий омиллардан эди.

 Абу Райҳон Берунийнинг юксак салоҳияти “Минералогия”, “Геодезия”, “Қонуни Маъсудий”, “Ҳиндистон” каби асарларида ҳам яққол намоён бўлади.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.