Тошкент Фотосуратлар уйида Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ўрнатилган дипломатик алоқаларнинг 30 йиллигига бағишланган кўргазма бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилишида Тожикистон Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов, Тожикистон рассомлар уюшмаси раиси Наргис Ҳамидова бошқа масъул ходимлар, рассомлар, турли касб эгалари, ёшлар қатнашди.

Экспозициядан 40 нафар тожикистонлик таниқли рассомнинг турли йилларда яратган рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва амалий санъат ҳамда бошқа жанрлардаги ижод намуналари ўрин олди.

Уларда йил фасллари, табиий манзараларнинг ўзига хос кўринишлари, замин неъматлари, ҳаёт, турмуш тарзидан лавҳалар, меҳр билан ишланган турли ёшдаги инсонлар, хотин-қизлар сиймолари, китобларга иллюстрациялар акс этган.

21 май куни Ўзбекистон Бадиий академиясига тожикистонлик санъат ва маданият арбоблари, ижодкорлар жамоаси ташриф буюрди. Ташриф доирасида ўзбек-тожик ўзаро ижодий алоқаларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ва Тожикистон рассомлар уюшмасининг ҳамкорлик тўғрисидаги битими имзоланди.

Ҳасан Абнуназаров