Олиб келинаётган вакциналар учун харажатлар ким томонидан қопланади?
➖Режали эмлаш билан боғлиқ харажатларнинг барчаси давлат томонидан қопланади.
Бир йилда вакциналар харид қилиш учун 20 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағ сарфланади.
Эмлашнинг қандай турлари бор, нега баъзи ҳолатларда ёш болалар, баъзи ҳолатларда фақат катталар эмланади?
➖Бугунги кунда, замонавий тиббиётда -
режали эмлаш (эмлаш календарига мувофиқ) – даставвал аҳолини 6 турдаги юқумли касалликларга қарши режали эмлаган бўлсак, эндиликда эмлаш календарига мувофиқ 13 турдаги юқумли касалликларга қарши эмлаш ишлари йўлга қўйилган.
мавсумий касалликларга қарши эмлаш – грипп касаллигига, вирусли гепатитнинг А турига қарши эмлаш киради.
эпидемик кўрсатмага асосан эмлаш – куйдирги, менингит, шол, қизамиқ, қизилча касалликларига қарши эмлаш ёки қўшни давлатларда юқумли касалликлар бўйича вазият мураккаблашиб, унинг республикамизга четдан кириб келиш хавфи юзага келганда амалга оширилади.
профилактика мақсадида – менингит,сариқ иситма, вирусли гепатит А, қутуриш каби касалликларга қарши эндемик ҳудудларга боришдан ва янги жамоалар шаклланишидан аввал эмланади;
соғломлаштириб эмлаш – тез-тез касалликга чалинадиган болалар, тинимсиз тиббий чекловлар белгиланадиган шахслар учун мўлжалланган эмлаш мавжуд.
Мактаб болалари бир йилда неча маротаба эмланадилар ва эмлаш жараёнининг фасллар билан боғлиқлиги борми?
➖ Мактаб болалари айнан мактаб даврида 4 маротаба эмланадилар:
1-синфда сентябр ойида АДС-М ва Полиомиелит;
9-синфда май ойида – АДС-М билан;
3 -синф ўқувчи ( 9 ёшли) қизлар-октябрь ва ноябрь ҳамда апрель ва май ойларида ВПЧ вакцинаси билан эмланадилар.
Режали эмлаш жараёнининг фаслларга боғлиқлик жойи йўқ.
2020-2021 йилларда республика бўйича қанча болалар юқумли касалликларга қарши эмланди?
➖ Республика бўйича ҳар йили камида 4,5-4,7 миллион болалар 13 турдаги юқумли касалликларга қарши режали эмланадилар. Бу рақам ҳар йили туғиладиган болалар сонидан келиб чиқиб, ўзгариб туриши мумкин.
Мактаб ўқувчилари эмланишлари учун молиявий имкониятлари бўлмаса у ҳолда қандай йўл тутилади?
➖ Ўзбекистонда болаларни эмлаш жараёнлари бепул.
Бола у ёки бу касалликга қарши эмланганидан сўнг ножўя таъсирлар ҳам кузатилиб турадими?
➖ Эмлашдан кейин ножўя таъсирлар кузатилиб туриши табиий ҳол. Ножўя таъсирларнинг барчаси рўйхатга олинади ва мониторинг қилиб борилади.
Эмлаш тадбирлари ва вакциналарнинг самарадорлиги бўйича қандай статистик рақамларни айта оласиз?
➖ Ҳозир республикамизда шол (полиомиелит), бўғма (дифтерия), чақалоқлар қоқшоли (столбняк), 20 ёшгача бўлганлар орасида вирусли гепатит В, бактериал менингит касалликлари, шунингдек, 5 ёшгача бўлган болалар орасида ротовирус касаллигидан ўлим ҳолатлари умуман қайд этилмаяпти.